Туркия Суперлигаси 14-тури доирасида “Истанбул Башакшеҳир”га учралган мағлубият ва сўнгги ўйинлардаги қониқарсиз натижалар сабабли “Қосимпошо” клуби бош мураббийи Шота Арвеладзе билан шартнома бекор қилинди.
Мураббий жорий мавсум бошида жамоа устозига айланган эди. Арвеладзе “Қосимпошо”да 6 ой фаолият юритди. Истанбул клуби жорий мавсум Туркия Суперлигасида 3 ғалаба, 4 дуранг ва 7 мағлубият қайд этган ҳолда 14-ўринда бормоқда.
Клуб сўнгги бор Шота Арвеладзе бошқарувида “Истанбул Башакшеҳир”га қарши баҳс олиб борди ва 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Аҳамиятли томони шундаки, ушбу ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари Аббосбек Файзуллаев ва Элдор Шомуродов биттадан гол уриб, “Башакшеҳир”нинг ғалабасига ҳисса қўшди.
Маълумот учун, Шота Арвеладзе футболчилик фаолияти давомида “Динамо Тбилиси”, “Трабзонспор”, “Аякс”, “Рейнжерс”, “АЗ Алкмар” ва “Леванте” клубларида ўйнаган. У Грузия футбол тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бири бўлиб, клублар миқёсида 410 ўйинда 291 гол, терма жамоа сафида эса 61 ўйинда 26 гол урган.
Мураббий сифатида Арвеладзе “Қосимпошо”, “Кайсерспор”, “Трабзонспор”, “Маккаби”, “Халл Сити”, “Фотиҳ Карагумрюк” ва “Пахтакор” клубларида ишлаган. Унинг бошқарувида “шерлар” Ўзбекистон Суперлигаси, Кубоги ва Суперкубогида ғалаба қозонган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).