Ўзбекистонлик ҳимоячи Ильдар Маматказин «Окжетпес»нинг янги аъзоси — ярим ҳимоячи Бектемир Абдуманноновнинг ўйин сифатлари ҳақида фикр билдирди. Улар аввал бир жамоада тўп суришган.
— Абдуманноновнинг ўйин сифатларини қандай баҳолайсиз?
— Бектемир техник жиҳатдан кучли футболчи. Унинг дриблинги ажойиб, тезлиги ҳам ёмон эмас, қарор қабул қилиш қобилияти яхши. Майдонни яхши кўради, шерикларини ҳис қилади, стандарт вазиятларда хавфли. Ўйлайманки, унинг статистикаси «Андижон»даги аҳамиятини тўлиқ кўрсатиб беради. Сўнгги икки мавсумда анча ўсди, демак, яна ривожланиш салоҳияти бор.
— Нима учун у «Динамо»га мос тушмади?
— Кўринишидан, Вадим Абрамов футболчилардан универсаллик ва ҳимояда ишлашни талаб қилади. Бу эса Бектемирнинг айнан заиф томони. У доим ҳам ҳимояга қайтишга улгурмайди ва очиғи, буни унчалик хуш кўрмайди. Унинг стихияси — ҳужум.
— «Окжетпес» учун бу яхши трансфер деб ўйлайсизми?
— Нега энди йўқ? Агар жамоа ҳужумкор футбол ўйнаса, ҳимояси ишончли бўлса ва мураббий унга эркинлик берса, Бектемир янги клубда ўзини кўрсата олади.
23 ёшли вингер бугун расман "Окжетпес"га ярим мавсумлик ижара асосида ўтди. Самарқанд клуби матбуот хизмати маълумотига кўра, "Динамо" футболчини ёзги трансфер ойнасида қайтариб олиш ҳуқуқини сақлаб қолган.
Ўзбекистон чемпионатида Бектемир Абдуманнонов 93 та ўйинда иштирок этиб, 14 та гол урган ва 19 та голли узатма берган. У "Андижон" сафида 2024 йилги Ўзбекистон Кубоги соҳиби бўлган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).