«Ливерпуль» мухлислари кенгаши чипталар нархи оширилгани сабабли, АПЛ доирасида 11 апрель куни «Фулхэм»га қарши кечадиган уй учрашувидан бошлаб «Энфилд» ичкарисида ва ташқарисида норозилик акциялари ўтказилишини эълон қилди.
Ишқибозлар жамоа ихлосмандларини стадион ҳудудида пул сарфламасликка ва абонементларни узайтиришни кечиктиришга чақирди. Бундан кўзланган мақсад — клуб хўжайини, Fenway Sports Group раҳбари Жон Хенрига «сигнал юбориш» ҳисобланади.
Яқинда мерсисайдликлар инфляцияни сабаб қилиб кўрсатган ҳолда, кейинги уч мавсумнинг ҳар бирида чипталар нархини оширишини маълум қилди. Шунга кўра, 2026/27 йилги мавсумдан бошлаб 39 фунтдан 61 фунтгача бўлган катталар чиптаси 3 фоизга — тахминан 1,25–1,75 фунтга қимматлашади.
Ҳозирда 713 фунтдан 904 фунтгача бўлган мавсумий абонементлар нархи эса 21,5 фунтдан 27 фунтгача ошади — бу ҳар бир ўйин учун 1,42 фунт қўшимча харажат демакдир.
Бунга қадар «Ливерпуль» охирги 10 мавсумнинг 8 тасида чипталар нархини ўзгаришсиз сақлаб келган эди. Эндиликда клуб раҳбарияти 2016/17 йилги мавсумдан бери «Энфилд»да ўйин кунларидаги операцион харажатлар 85 фоизга ошганини даъво қилмоқда.
«Қизиллар»нинг мухлислар кенгаши эса, ўз навбатида, клубнинг медиа ва тижорат фаолиятидан олаётган даромадларини ҳисобга олса, чипталар нархини оширишга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ деб ҳисоблайди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).