Мадриднинг «Реал» клубига тегишли бўлган ва ҳозирда ижара асосида «Лион» шарафини ҳимоя қилаётган бразилиялик ҳужумчи Эндрикнинг отаси ўғлининг Испаниядаги фаолияти ҳақида фикр билдирди.
Дуглас Рамоснинг сўзларига кўра, Мадрид клубидаги кам ўйин амалиёти футболчининг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатган.
«Мадридда Эндрикни ўйин амалиётидан маҳрум қилишди. Ўғлим футболга доим кўнгилочар боғга қарагандек қарарди. Аммо «Реал» таркибида у қандайдир тарзда бу туйғуни йўқотиб қўйди. Ҳозир эса у яна табассум қила бошлади, чунки «Лион»да мунтазам майдонга тушмоқда. Эндрикнинг январда «Реал»ни тарк этиш ҳақидаги қарорида рафиқаси ҳал қилувчи рол ўйнади», — деди футболчининг отаси.
Маълумот учун, 19 ёшли ҳужумчи Франция клуби сафида ўзини кўрсатишга улгурди. У «Лион» таркибида жами 17 та учрашувда (1311 дақиқа) майдонга тушиб, ўз ҳисобига 7 та гол ва 7 та голли узатма ёздириб қўйди.
Европа спорт нашрларининг хабарига кўра, Эндрик келгуси мавсумда «қироллик клуби»га қайтиши ва таркибда Гонсало Гарсиянинг ўрнини эгаллаши кутилмоқда. Клуб раҳбарияти футболчининг Франциядаги сермаҳсул ўйинларини ижобий баҳоламоқда.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).