“Арсенал” Эндрикни сотиб олиши мумкин
Лондоннинг “Арсенал” клуби Мадриднинг “Реал” клубига тегишли бўлган, айни дамда ижара асосида Франциянинг “Лион” жамоасида тўп сураётган ҳужумчи Эндрикни ўз сафига қўшиб олиши мумкин. Бу ҳақда Caught Offside нашри хабар бермоқда.
Лондон клуби янги мавсум олдидан ҳужум чизиғини кучайтиришни мақсад қилган. Шу боис уларнинг скаутлари трансфер бозорини фаол тарзда кузатиб бормоқда. Ҳозирча “тўпчилар” 19 ёшли бразилиялик форвард борасида расмий таклиф билан чиқишгани йўқ ва Мадрид клуби билан музокараларга киришишмади. Бироқ Эндрик лондонликларнинг ёзги трансферлар учун тузилган кенгайтирилган рўйхатидан ўрин олган.
Шуниси эътиборлики, футболчининг ўзи бошқа жамоага ўтишни истамаяпти. Ҳужумчи “Лион”даги ижара муддати якунлангач, яна Мадридга қайтишни ва “қироллик клуби”нинг асосий таркибидан жой олишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Эндрик жорий мавсумда барча турнирлар доирасида жами 20 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 7 та гол урди ва яна шунча (7 та) голли узатмани амалга оширди. Футболчининг “Реал Мадрид” билан амалдаги шартномаси 2030-йилнинг ёзига қадар имзоланган. Transfermarkt порталининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳужумчининг бозор қиймати 35 миллион еврони ташкил этмоқда.
Манба: daryo.uz
Киритилди: 08:56, 26.04.2026. Ўқилди: 237 марта. Фикрлар: 0 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).
Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар