Суперлиганинг 11-туридан ўрин олган учрашувда Олмалиқнинг ОКМК жамоаси Фарғонанинг «Нефтчи» клубини қабул қилди.
Беллашув кутилганидек шиддатли бошланди. Мезбонлар ўйиннинг илк дақиқалариданоқ фаол ҳаракат қилди ва бир қатор хавфли ҳужумлар уюштирди. Хусусан, 18-дақиқада Азиз Холмуродовнинг фаоллиги ортидан яратилган вазиятда Нодирбек Абдураззоқов ва Урош Койич бош билан зарба берди, аммо «Нефтчи» посбони Ботирали Эргашев жамоасини голдан сақлаб қолди.
Меҳмонлар ҳам жавобсиз қолмади. Биринчи бўлим давомида бир неча хавфли вазиятлар юзага келди, аммо ҳисоб очилмади.
Иккинчи бўлимда ўйин янада очиқ тус олди. Ҳар икки жамоа гол уриш учун имкониятлар яратди. «Нефтчи» ҳужумларида Абро́р Исмоиловнинг хавфли зарбасини ОКМК дарвозабони Жавоҳир Илёсов маҳорат билан қайтарди.
Учрашувнинг энг фаол ўйинчиларидан бири айнан Илёсов бўлди. У бир нечта мураккаб вазиятларда жамоасини муқаррар голлардан сақлаб қолди, жумладан, иккинчи бўлим охиридаги дабл-сейв мухлислар эътиборини тортди.
Қолган вақтда ҳисоб ўзгармади ва учрашув 0:0 ҳисобида якунланди.
Шу тариқа, "Нефтчи" ёмғир остида кечган Олмалиқдаги ўйинда икки очко йўқотди ва ўз очколарини 28 тага етказиб, пешқадамликни мустаҳкамлади. "Пахтакор" бугун "Сурхон"ни мағлуб этса, фарғоналиклар билан тенглашиб олади. ОКМК эса 16 очко 6-поғонани эгаллаб турибди.
Суперлига, 11-тур
3 май, якшанба
ОКМК — «Нефтчи» 0:0
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).