Англия Премьер Лигасининг 35-тури доирасидаги ўйинда “Манчестер Сити” футболчисини ирқий камситган “Эвертон” мухлиси полиция томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда “Эвертон” клуби матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув 4 май оқшомида “Ҳилл Дикинсон” стадионида бўлиб ўтди ва 3:3 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
“Стюардлар воқеа ҳақида хабар берганидан сўнг, полиция 71 ёшли мухлисни ирқий нафрат асосида жамоат тартибини бузганликда гумон қилиб ҳибсга олди. У маълум шартлар асосида гаров эвазига озод қилинди. Унга ҳар қандай спорт мусобақаларига баҳслар бошланишидан тўрт соат олдин, ўйин вақтида ва ўйин тугаганидан кейин тўрт соат давомида бир милдан (1,6 километр) яқинроқ масофага келиш тақиқланади. Ирқчилик ва камситишнинг барча шакллари қабул қилиниши мумкин эмас”, дейилади хабарда.
“Эвертон” клуби расмий баёнотида бундай мухлисларга жамоа стадионида, спортда ёки жамиятда ўрин йўқ экани қайд этилган:
“Стюардлар ва полициянинг тезкор ҳаракати айбдорни аниқлаш ва тегишли чораларни кўриш имконини берди. Клуб терговни қўллаб-қувватлаш учун расмийлар билан ҳамкорликни давом эттиради ва ўзининг бағрикенглик тамойилига мувофиқ энг қатъий чораларни кўради”.
Шунингдек, “Манчестер Сити” ҳам бўлиб ўтган ўйин якунлари бўйича баёнот эълон қилди.
“Клуб кечаги ўйин вақтида Антуан Семенёга нисбатан қилинган ирқчилик ҳақоратларини кескин қоралайди. Биз ‘Эвертон’ расмийлари ва полиция томонидан айбдорни аниқлаш бўйича кўрилган тезкор чораларни олқишлаймиз. Шунингдек, кеча оқшом ижтимоий тармоқларда Марк Гехи ҳам қабиҳ ирқчилик ҳужумлари нишонига айланганидан афсусдамиз. Биз Антуан ва Маркни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этамиз ҳамда футболда ҳеч қачон камситишга йўл қўймаймиз”, дея маълум қилган “шаҳарликлар” матбуот хизмати.
Англия Премьер Лигасининг 35-тури доирасида “Эвертон” ўз майдонида мусобақа ғолиблиги учун курашаётган “Манчестер Сити”ни қабул қилди. Беллашув 3:3 ҳисобида якунланди. Ушбу баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “шаҳарликлар” асосий таркибида майдонга тушиб, тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди.
Ушбу натижадан сўнг АПЛ чемпионлиги учун курашаётган “Манчестер Сити” турнир жадвалида 71 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди. Айни дамда Хосеп Гвардиола шогирдлари ва мусобақа пешқадами — Лондоннинг “Арсенал” клуби ўртасидаги фарқ 5 очкони ташкил қилмоқда. “Шаҳарликлар” захирасида битта учрашув мавжуд.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).