U-17 Осиё Кубоги. Ўзбекистон жой олган гуруҳда 1-тур якунланди
Сергей Чигодаев бошқарувидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги 2026-йилги Осиё Кубогида иштирок этмоқда. 1-тур доирасида Австралия Ҳиндистон устидан йирик — 4:0 ҳисобида ғалабага эришди ва “D” гуруҳида 1-ўринга кўтарилиб олди.
Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон, Австралия ва Ҳиндистон билан бир гуруҳдан ўрин олган КХДР U-17 терма жамоаси Осиё кубоги мусобақасида иштирок эта олмаслиги маълум бўлди. Шу сабабли, Ўзбекистон U-17 терма жамоаси гуруҳ босқичидаги иштирокини 10 май куни Ҳиндистонга қарши 2-тур ўйини билан бошлайди. Ушбу баҳсдаги ғалаба жамоага 2026-йилги U-17 Жаҳон чемпионати йўлланмасини тақдим этади.
3-тур учрашуви 13 май куни Австралияга қарши бўлиб ўтади. Гуруҳда 1 ва 2-ўринни эгаллаган жамоалар плей-офф босқичи ва 2026 йил Қатар мезбонлик қиладиган U-17 Жаҳон чемпионати “чиптаси”га эга бўлади.
Маълумот учун, мазкур мусобақа Осиё футбол конфедерацияси томонидан 21-марта ташкил этилмоқда. Ўзбекистон мазкур турнирнинг амалдаги ғолиби ҳисобланади. 2025 йил апрель ойида Саудия Арабистонининг Жидда ва Тоиф шаҳарларида ўтказилган қитъа чемпионатида Исломбек Исмоилов бошқарувидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ўтказилган 6 та учрашувнинг барчасида ғалаба қозониб, бош совринга эга чиққан эди.
Турнирда энг яхши натижа кўрсатган саккизта жамоа ОФК вакили сифатида Қатар мезбонлик қиладиган 2026-йилги 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади. Мусобақа 5–22 май кунлари Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ўтказилади.
Манба: daryo.uz
Киритилди: 10:01, 07.05.2026. Ўқилди: 470 марта. Фикрлар: 0 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).
Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар