Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Рустам Ашурматов бўлажак Жаҳон чемпионати олдидан ўтказилаётган йиғин таассуротлари ва жамоадаги ички рақобат ҳақида фикр билдирди.
Тайёргарлик ва жисмоний ҳолат
Ашурматовнинг сўзларига кўра, айни пайтда асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний ҳолатини тиклаш ва юкламалар билан ишлашга қаратилган. Легионерлар ҳали жамоа ихтиёрига етиб келмаган бўлса-да, машғулотлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
"Ўзимизга керакли юкламаларни оляпмиз. Тўғри, легионерларимиз ҳозирча сафимизда эмас, лекин Жаҳон чемпионатига муносиб ҳолатда бориш учун уларсиз ҳам ишларни тўхтатмаслигимиз зарур. Шахсий ҳолатимга келсак, кичик жароҳатдан сўнг яна умумий гуруҳга қайтдим ва ҳозир ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман", — дейди ҳимоячи.
Таркибдаги кучли рақобат
Терма жамоа йиғинига 40 га яқин футболчи чақирилгани ва улардан фақат 26 нафари якуний рўйхатдан ўрин олиши жамоада соғлом рақобатни юзага келтирган. Ашурматов бу ҳолат жамоа ривожи учун муҳим эканини таъкидлади:
"Рақобат бор жойда ҳар бир ўйинчи ўзининг максимал имкониятларини кўрсатишга интилади. Бу ҳам футболчилар учун, ҳам мураббийлар штаби учун фойдали. Танлов имконияти кенглигини ижобий баҳолаймиз".
Рақибларга "сюрприз" ва тактика
Португалиялик журналистнинг бўлажак рақиблар ҳақидаги саволига жавоб бераркан, Ашурматов Ўзбекистон терма жамоаси турнирда шунчаки иштирокчи бўлмаслигини қайд этди.
"Биз майдонда ўзимизнинг характерли ўйинимизни кўрсатамиз. Португалия, Колумбия ва Конго терма жамоалари учун ўзига хос "бошоғриқ" бўлишга, кучли қаршилик кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун, аввало, жисмоний тайёргарлигимиз бенуқсон бўлиши керак. Тактик ва техник жиҳатларни эса шу асос устига қурамиз", — дея хулоса қилди футболчи.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).