Шахмат бўйича 13-Жаҳон чемпиони Гарри Каспаров 2026 йилги FIDE Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдаровнинг мусобақадаги иштироки ҳақида фикр билдириб, унинг тезлиги, аниқлиги ва ўйин услубини юқори баҳолади.
“Кипрда Синдаров яхши ва тезкор ўйиннинг ажойиб уйғунлигини намойиш этди. Бу вақтни тежаш ва жуда юқори сифатли юришларни топиш ўртасидаги мувозанатдир. У ғалабага мутлақо ҳақли эди”, дейди Каспаров.
У ўзбекистонлик гроссмейстерни 10-Жаҳон чемпиони Борис Спасскийга қиёслади:
“Агар ўхшатиш керак бўлса, эҳтимол Борис Спасскийни айтган бўлардим. Жуда кўп қиррали услуб. Спасский ўтган асрнинг 60-йиллари ўрталарида айнан шундай ўйнаган: тез, доналар учун тўғри катакларни интуитив равишда топа олар эди. Шу билан бирга, Синдаровнинг ўйинида динамика ҳам бор.
Каспаров Синдаров келажакда буюк шахматчига айланиши мумкинлигини таъкидлади.
“Синдаров худди шундай энергия, босим ва аниқлик билан ўйнашда давом этса, уни буюк келажак кутмоқда”, дейди 13-Жаҳон чемпиони.
Маълумот учун, 2025 йил февралда вафот этган Борис Спасский тарихдаги 10-Жаҳон чемпиони ҳисобланади. У 1969 йилдан 1972 йилга қадар шахмат тожини ўзида сақлаб турган ва америкалик Бобби Фишерга имкониятни бой берган.
Жавоҳир Синдаров Руминия мезбонлик қилаётган ва Grand Chess Tour мусобақаси таркибига кирувчи Super Chess Classic турнирининг очилиш маросимида Гарри Каспаров билан учрашган эди.
Аввалроқ Каспаров Жавоҳир Синдаровнинг Гукешга қарши Жаҳон тожи учун бўлажак баҳсдаги имкониятларини таҳлил қилиб, ўзаро қарама-қаршиликда ўзбекистонлик шахматчини фаворит деб ҳисоблашини айтиб ўтган эди:
“Чемпион 19 ёшда, рақиб эса 20 ёшда, лекин мен барчага ҳурмат сақлаган ҳолда айтмоқчиманки, ҳозирда шахматдаги энг кучли ўйинчи 35 ёшда. Мен Синдаровнинг Магнус билан тўқнаш келишини кўришни истардим. Агар Синдаров Гукешни мағлуб этса, Магнус Жаҳон тожи учун курашга яна қайтиши мумкин”.
Гарри Каспаров шахмат оламидаги энг буюк шахматчилардан бири бўлиб, 1985 йилдан 2000 йилга қадар Жаҳон шахмат тожини ўзида сақлаб турган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).