"Челси" жамоасининг етакчиси ва бош юлдузи Коул Палмер жорий мавсумда ўзига қарши энг катта қаршилик кўрсатган ва майдонда энг кўп қийнаган ярим ҳимоячи ким бўлганини очиқлади.
"Катта эҳтимол билан бу — Жеймс Гарнер. У худди соямдек орқамдан бир қадам ҳам қолмай, менга ёпишиб юрди. Менимча, мураббийи унга менга қарши индивидуал ўйнашни ва орқамдан ажралмасликни буюрган, шу сабабли ҳам унга қарши ўйнаш жуда қийин бўлди. Эсимда, "Стэмфорд Бридж"да уларга қарши ўйнаганимизда, у ким биландир 5 дақиқага позициясини алмашди. Ўша заҳоти мен бўшлиққа қараб югурдим ва гол урдим. Кейин унга қарасам, ғазабдан ёрилиб кетай деяпти. Кўришиб қолганимизда, унга "футболда шунақаси ҳам бўлиб туради", дедим. У эса "ҳа, тўғри", деди-ю, барибир ҳалиям ичидан жаҳли чиқаётгани билиниб турарди", — дея Палмернинг Sky Sports телеканалига берган интервьюсидан иқтибос келтиради манба.
Маълумот учун, "Эвертон" аъзоси ҳисобланган Жеймс Гарнер жорий мавсумда мерсисайдликлар либосида барча мусобақаларда 39 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 3 та гол ва 7 та голли узатмани ёздириб қўйишга улгурди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).