"Манчестер Юнайтед" клубидаги ажойиб ўйинлари орқали кўпчиликка яхши таниш бўлган собиқ ҳимоячи Микаэль Сильвестр "Арсенал" қанот ҳужумчиси Габриэл Мартинеллининг келажаги борасида фикр билдирди. Унинг фикрича, агар "канонирлар" жорий мавсумда чемпионликни қўлга киритса, бразилиялик футболчининг жамоадан кетиш эҳтимоли янада ортади.
Айни пайтда Лондон клуби 2004 йилдан бери илк бор АПЛ бош совринига эга чиқишга жуда яқин турибди, қолаверса, уларда Чемпионлар лигасида ҳам зафар қучиш учун яхши имкониятлар мавжуд. Бироқ Сильвестрнинг таъкидлашича, ёзда жамоа таркибида барибир жиддий ўзгаришлар бўлади.
"Мартинелли етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаётгани сабабли, ўзи трансфер сўраши мумкин. У Бразилия терма жамоаси аъзоси ва табиийки, майдонда кўпроқ вақт ўтказишни истайди. Ҳозир эса Леандро Троссар ундан кўра кўпроқ имкониятга эга бўлмоқда. Албатта, чемпионликдан сўнг жамоани тарк этиш чиройли хайрлашув бўларди. Аммо бунинг учун у ўзига мос клуб, "Арсенал" эса унга муносиб ўринбосар топиши керак", — дея Сильвестрнинг сўзларини келтиради "Metro" нашри.
Қайд этиш лозимки, Габриэл Мартинелли "Арсенал"нинг ҳозирги таркибидаги энг тажрибали ўйинчилардан бири бўлишига қарамай, жорий мавсумда АПЛ доирасида атиги 10 бор асосий таркибда майдонга тушди, холос.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).