Сардор Азмун Эрон оммавий ахборот воситаларида уни Эронга содиқ эмасликда айблаган танқидларга жавоб қайтарди.
БААнинг «Шабаб Ал-Аҳли» клубида тўп тепаётган Азмун Эрон терма жамоасининг ЖЧ-2026 учун кенгайтирилган таркибига киритилмади. Эрон миллий ахборот агентлиги (IRNA) 31 ёшли футболчининг жароҳати ҳақида хабар берган эди, бироқ кейинчалик қатор ОАВларда Азмун БАА Бош вазири Муҳаммад ибн Рашид Ал Мактум билан тушган суратини эълон қилгани сабабли жаҳон чемпионатига чақирилмагани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.
«Кўпчилик билмаслиги мумкин бўлган баъзи нарсалар ва кимларнидир мени шошилиб ҳукм қилишга мажбур қилган тушунмовчиликлар ҳақида чин қалбимдан гапириб бермоқчиман. Мен доим ўз терма жамоам учун фахр билан ўйнаганман. Ғалаба қозонганимизда ўзим ва жамоадошларим билан фахрланардим. Мағлубиятга учраганимизда эса ҳаммадан кўра кўпроқ хафа бўлардим. Мен футболни ва ватаним Эроннинг ажойиб, лойиқ инсонларини яхши кўраман. Уларнинг меҳрибонлиги ва доимий қўллаб-қувватлаши менга доим куч бериб келган.
Ўсмирлик чоғимда бошқа давлат шарафини ҳимоя қилишим учун катта молиявий таклиф олганман. Ўшанда жавобим шундай бўлганди: «Мен Эрон фарзандиман ва ўз халқим учун ўйнашни ҳамда уларни бахтли қилишни хоҳлайман». Мен ўз-ўзимга ваъда берганман: ҳар сафар Эрон терма жамоасида ўйнаганимда, футболни меҳр билан кузатадиган инсонларга, айниқса ғалабаларимизни байрам қиладиган чекка шаҳар ва қишлоқлардаги болажонларга қувонч улашиш учун бор кучимни бераман. Қаерда ўйнашимдан қатъи назар, менинг ўзлигим, қалбим ва ғурурим — бу Эрон.
Жаҳон чемпионатида футболчилар ва мураббийлар штабига муваффақият тилайман. Боринг ва ғалаба қозонинг, дўстларим, эронликлар қалбини шод этинг», — деб ёзди Азмун ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).