Англиядан Чемпионлар лигасининг бешинчи йўлланмаси учун икки жамоа — «Ливерпуль» ва «Борнмут» даъвогарлик қилмоқда. Мерсисайдликлар анча қулай вазиятда — улар Европанинг бош клублар турниридаги иштирокини 99 фоизга таъминлаб бўлган, дейиш мумкин. Бироқ шундай бир сценарий борки, унга кўра «Ливерпуль» Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун қўшимча («Олтин») ўйин ўтказишига тўғри келиши мумкин. Жорий ҳолатга назар ташлайлик.
| Ўрин |
Жамоа |
Ў |
Ғ |
Д |
М |
ТГ |
ЎГ |
ТН |
О |
| 5 (ЕЧЛ) |
Ливерпуль |
37 |
17 |
8 |
12 |
62 |
52 |
+10 |
59 |
| 6 (ЕЛ) |
Борнмут |
37 |
13 |
17 |
7 |
57 |
53 |
+4 |
56 |
Англияда очколар тенг келиб қолган тақдирда, жамоаларнинг умумий тўплар нисбати солиштирилади. Агар у ҳам тенг бўлса, кўпроқ гол урган жамоа юқорироқ ўринни эгаллайди. Очколар ва голлар кўрсаткичи ҳам мутлақо бир хил бўлиб, ўртада жуда муҳим нарса (еврокубоклар йўлланмаси ёки лигада жон сақлаб қолиш) турган бўлса, жамоалар ўзаро ўйинларга кўра таққосланади.
Ва айнан шу ерда бир қизиқ жиҳат бор — АПЛда ўзаро ўйинлар солиштирилганда, аввал очколар, сўнгра (агар зарур бўлса) сафарда урилган голлар сонига қаралади. Яъни, ўзаро ўйинлардаги тўплар нисбати ҳисобга олинмайди. Шу сабабли, «Ливерпуль» ва «Борнмут» ўртасидаги ўзаро ўйинларда тўлиқ тенглик мавжуд — мерсисайдликлар «Энфилд»да 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, жанубликлар «Виталити»да 3:2 ҳисобида устун келишган.
Шу тариқа, агар жамоалар бир хил очко жамғариб, голлар бўйича ҳам мутлақо бир хил кўрсаткичга эга бўлишса, «Ливерпуль» ва «Борнмут» Чемпионлар лигаси чиптаси учун қўшимча ўйинда майдонга тушади. Бу ҳолат «Ливерпуль» — «Брентфорд» ва «Ноттингем Форест» — «Борнмут» учрашувлари маълум бир ҳисоблар билан якунлансагина содир бўлиши мумкин.
Мисоллар:
-
«Ливерпуль» — «Брентфорд» — 0:1, «Ноттингем Форест» — «Борнмут» — 0:5;
-
«Ливерпуль» — «Брентфорд» — 1:2, «Ноттингем Форест» — «Борнмут» — 1:6 ва ҳоказо...
Бундай сценарийнинг амалга ошиш эҳтимоли жуда паст, аммо нольга тенг эмас.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).