Бир йиллик танаффусдан сўнг яна олий лигага қайтган «Андижон» жамоаси келаси ҳафтадан янги мавсумга тайёргарликни бошлайди. «Бургутлар» бош мураббийи Азамат Абдураимов келаси йилги чемпионатга муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида селекция ишларига жиддий эътибор қаратмоқда. Шунингдек, хориж клублари билан ҳам икки томонлама манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш кун тартибидаги долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Бу борада илк қадам ташланди. Ўтган ҳафта Абдураимов Қозоннинг «Рубин» клубида бўлиб, жамоа бош мураббийи Қурбон Бердиев билан музокаралар ўтказди. Сешанба куни ЎФФда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов конференциясидан сўнг биз «Андижон» бош мураббийидан сафар таассуротлари ва янги мавсумга тайёргарлик режалари хусусида интервью олдик.
- Азамат Биродарович, аввало бугунги ҳисобот-сайлов конференциясидан олган таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Тўғрисини айтсам, мен ҳам Мир-аброр Зуфаровичнинг ўз лавозимларига қайта сайланганликларидан хурсанд бўлдим. Бу инсонга ҳурматим жуда ҳам баланд. Тарих учун қисқа ўтган саккиз йил давомида ўзбек футболи тараққиёти йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Бу ислоҳотлар ва унинг натижасида келадиган муваффақиятлар давомли бўлиши учун Усмоновнинг ўз лавозимида қолиши жуда ҳам муҳим эди. Барчаси ижобий хотима топганидан мамнунман.
- Куни кеча Москвадан қайтдингиз. Бу хизмат сафари эдими?
- Россия пойтахтига боришимнинг иккита сабаби бўлиб, биринчи навбатда онам ва қизим билан кўришишни режалаштиргандим. Қизим 2 январь куни АҚШга жўнаб кетади. У Нью-Йорк кино санъати Академиясида таҳсил олади. Қизим бу йил Москвадаги мактабни олтин медалга тамомлади. Анчадан бери онам ва қизимни кўрмаётгандим. Иккинчи мақсад - Москвага жўнаб кетиш олдидан Қурбон Бердиев билан учрашишга келишиб олгандик. Москвада «Рубин» клуби «Локомотив» меҳмони бўлган ўйинда бу режа ҳам амалга ошди. Бердиев билан ярим соатдан кўпроқ вақт мобайнида гаплашдик ва якунда «Рубин» ҳамда «Андижон» жамоалари ўртасида кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришдик. Ҳамкорликнинг илк келишув банди сифатида 11-19 январь кунлари «Рубин» клубининг Туркиядаги ўқув-машғулот йиғинида иштирок этаман ва 10 кун давомида Бердиевнинг иш услубини ўрганаман. Ўйлайманки, бу мен учун жуда ҳам фойдали сафар бўлади.
- «Рубин» клуби билан яна қайси йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш режага киритилган?
- Биз январь ойининг бошида «Андижон» клуби президенти билан Қозонга борамиз ва ўша ерда жамоа ўртасида йўлга қўйиладиган ҳамкорликни майда деталларигача ойдинлик киритиб оламиз. Шундан сўнг, икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича Меморандум имзоланади. Қурбон Бикиевич биз билан ҳамкорлик қилишга розилик берганидан хурсандман. Биз туркманистонлик мутахассис билан кўп йиллардан бери дўстмиз. Сўзсиз Бердиев Россия премьер-лигасидаги кучли ҳамда муваффақиятли ишлаётган мураббийлардан бири. Шундай мутахассис машғулотларини кузатиш ва иш услубини ўрганиш имконияти юзага келганидан мамнунман. «Ноу Камп»да «Барселона»ни мағлуб этиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Боз устига «Рубин»дек камтар клуб буни уддалаган экан, демак, бу ҳурматга лойиқ жамоа.
- Сиз «Локомотив»-«Рубин» ўйинини бевосита стадионда кузатдингиз. Учрашув турнинг марказий ўйини сифатида эътироф этилганди. Якунда баҳс берилган таърифларни оқладими?
- «Локомотив»нинг турнир жадвалида пешқадамлик қилаётгани ва бу жамоа таркибида ҳамюртимиз Виталий Денисовнинг муваффақиятли тўп сураётгани ўйинга бўлган қизиқишимни икки ҳисса оширганди. Ҳақиқатан ҳам, ўйин турнинг марказий учрашуви номига мос бўлди. Гарчи дарвозаларга тўп киритилмаган бўлса-да, стадионга келган ва ўйинни телевизор орқали томоша қилган мухлисларни ҳаяжонда ушлаб турди. Шундай ўйинлар бўлади-ки, унда 4та гол урилса ҳам унчалик қизиқарли кечмайди. Гарчи ўша оқшом гол кўрмаган бўлсак-да, бундан ҳеч ким зерикиб қолмади. Мен учун ҳар икки мураббийнинг учрашув давомида тактикаларни бир неча бор ўзгартиришлари, теран фикрлашлари жуда қизиқарли бўлди. Қурбон Бердиев билан ўйиндан бир кун олдин ҳам кўришгандик. Ўшанда мураббийлар штабининг бўлажак учрашувга қандай тайёргарлик кўраётгани, ўйин режасининг қай тарзда тузилаётганига гувоҳ бўлдим. Кейин қозонликлар аввалдан ўйланган режаларни қай тарзда амалга оширишларини кўриш жуда қизиқ туюлганди. Якунда йигитлар мураббийларнинг кўрсатмаларини бекаму кўст адо этишди. Виталийга келсак, у дўстим Геннадийнинг ўзи. Виткага қараб, Генанинг ёшлигини эсладим. Мен унинг отасининг изидан бориб, муносиб давомчи бўлиб етишганидан хурсандман. Кучли рақобатга қарамай, «Локомотив» клубининг асосий таркибидан муқим жой эгаллашга муваффақ бўлди. Москвадаги дўстларим Виталий ҳақида жуда илиқ фикрларни айтишди. Бу сўзларни эшитиш ҳам мен учун шарафли бўлди. Тожикистон терма жамоаси бош мураббийи, дўстим Муҳсин Муҳаммадиевнинг айтишича, унинг терма жамоасида Денисов даражасидаги футболчи йўқ экан.
- «Рубин» билан ўрнатилаётган ҳамкорликдан «Андижон» жамоасининг янги мавсумда ўз олдига ўзига яраша мақсадларни қўяётганини пайқаш қийин эмас, назаримда. Келаси йили «Андижон»дан қандайдир «сенсация» кутсак бўладими?
- Менимча, ҳеч бир жамоа олий лигада шунчаки иштирок этишни мақсад қилмайди. Кичик бўлса-да, ҳар бир клубнинг ўзига яраша янги мавсумдан мақсадлари бўлади. Клуб раҳбарияти ҳали жамоамиз олдига аниқ бир мақсадни қўймади. Лекин шуниси аниқки, асосий мақсадимиз рақобатбардош жамоа тузиш, кучли баҳсларга қарши муносиб қаршилик кўрсата оладиган таркибни шакллантириш ва албатта олий лигада ўз ўрнимизни сақлаб қолиш бўлади. Жамоани бир йилда шакллантириб бўлмайди. Нимагадир эришиш учун катта харажатларга қўл урмаймиз. Асосий эътиборни маҳаллий ёшларни юзага чиқаришга қаратамиз. Бу борада шошилмаймиз. Босқичма-босқич аввалдан ишлаб чиқилган ислоҳотларни амалга ошириб борамиз. Бизнинг бу иш режамизни клуб раҳбарияти ҳам қўллаб-қувватламоқда. Бу йил 1-лигада ҳам натижанинг ортидан қувламадик. Таркибга қўрқмасдан ёш футболчиларни киритиб бордим. Ишончим комил, биз ҳозир тарбиялаётган ёшлар мураббийи ва мухлисларини «сотиб» кетмайди. Бу йигитлар билан бир кун келиб катта ютуқларга эришамиз. Фақат бунинг учун вақт керак. Кейин айрим учрашувларда майдонга экспериментал таркибни ҳам туширдим. Янги тактик схемаларни амалда синаб кўрдим. Фурсатдан фойдаланиб, менга футболдаги ўз қарашларимни амалиётга секин-аста татбиқ этиб боришимга қаршилик қилмаётган, аксинча ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган клуб раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мен ўз режаларимни шошилмасдан, режа асосида амалга оширяпман. Бунинг натижасида бизда жуда яхши, аҳил жамоа шаклланиб бормоқда. Инсоний жиҳатдан ҳам қилинаётган ҳайрли ишлар таҳсинга лойиқ. Дмитрий Краев учун ташкил этилган хайрия акцияси фикримга исбот бўла олади.
- Лекин олий лига 1-лигадан кескин фарққилади. Элитадаги талаблар билан қуйи лигадагиси ўртасида осмон билан ерчалик фарқ бор. Сўрамоқчи бўлганим, олий лигада суяги қотган футболчилар таклиф этиладими?
- Биз шоу-бизнесда ҳам, циркда ҳам эмасмиз. Агар шундай бўлганида, халқни, футбол ишқибозларини турли фокус ва кўзбўямачилик билан алдаш мумкин эди. Бизга катта-катта харидлар керак эмас. Биз жамоани шакллантиришимиз лозим. Футболни қандайдир номлар эмас, тирик одамлар ўйнайди. Шунинг учун, менга нафақат ўйин сифати, балки инсоний фазилатлар ҳам жуда муҳим. Олий ва 1-лига ўртасидаги тафовут ҳақида гапирдингиз. Мен фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Олий лигада умуман бошқа футбол, бошқа савия. Шуларни инобатга олган ҳолда тажрибали футболчилар, шунингдек, легионерларни кучайтирилишга муҳтож чизиқларга таклиф қилишни режалаштирганмиз. Айниқса, ҳимоя чизиғини кучайтиришимиз шарт. Бизга ишончли ва тажрибали марказий ҳимоячи керак. Бундан ташқари, марказий ҳужумга ҳам муҳтожмиз. Бу йўналишда селекция иши жадал суръатларда олиб бориляпти. Дарвоқе, бу борада Қурбон Бердиев билан ҳам гаплашдик. Балки, қозонлик футболчилардан бирортаси Андижонга келиб қолар. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биринчи галдаги вазифамиз маҳаллий ёшларга эътибор қаратиш бўлади. Тайёр футболчиларни олмасдан, аксинча, ўзимиз истеъдодли ёшларни аниқлаб, юзага чиқаришимиз керак. Нокамтарлик бўлмасину, мен ёшлар билан ишлашни, истеъдодларни кашф қилишни биламан. Мана Баҳодир Насимов «Динамо»да кашф қилиниб, кейинчалик миллий терма жамоа ҳужумчисига айланди. Москванинг ЦСКА, Лондоннинг «Арсенал», Амстердамнинг «Аякс» каби клублари худди шундай йўлни танлашган. Сунъий равишда кучайиш йўлини танлаган «Анжи» жамоаси қандай аҳволга тушиб қолганини ҳамма кўриб турибди. Ҳамма нарсани пул билан ҳал қилиб бўлмаслиги Махачқалъа клуби мисолида ўз исботини топди. Арсен Венгер эса ички имкониятлардан фойдаланиб, ҳар йили рақобатбардош жамоани шакллантиришнинг уддасидан чиқади.
- Матбуотда тажрибали дарвозабон Павел Бугалонинг «Андижон» таркибида пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар пайдо бўлди. Зеро, Паша учун бу жамоа бегона эмас...
- Мен ҳозир аниқ исм-шарифларни айтишдан ўзимни тиймоқчиман. Бугалони мен кўп йилдан бери биламан. Футболчи сифатида ҳам, инсонийлик нуқтаи назаридан ҳам уни ҳурмат қиламан. Ҳақиқатан ҳам, биз Павел билан музокара олиб боряпмиз. Агар у таклифимизга розилик берса, бундан фақат хурсанд бўлардим.
- Сиз футболчиларнинг паспортига эътибор бермайсизми?
- Йўқ. Агар гап бевосита Бугало ҳақида кетаётган экан, айнан унинг бой тажрибаси бизга асқотиши аниқ. Унинг ёрдамида ёш дарвозабонларнинг ўсиши тезлашади. Шунингдек, биз жамоага асли андижонлик бўлган, якунланган мавсумни бошқа клубларда ўтказган футболчиларни ҳам қайтармоқчимиз. Улар орасида Бобур Акбаров, Иброҳим Отахонов каби футболчилар бор. Улар Андижон халқи ва мухлислари олдидаги қарзларини узишлари керак. Андижондаги асл футбол ишқибозларини мамлакатимизнинг бошқа ҳеч бир шаҳридан топа олмайсиз. Мен бунга кафолат бераман. Бундан ташқари, 1-лигада ўз кўз остимга олиб қўйган истеъдодли ўйинчиларни ҳам илк ўқув-машғулот йиғинимизга таклиф қилишни режалаштирганман.
- Кимлар жамоани тарк этди?
- Жамоани ўтган мавсум таркибимизда ижара асосида ўтказган футболчилар тарк этишди. Ўзини ижобий томондан кўрсата олганлар, масалан, Сергей Смородинни «Пахтакор» жамоасидан сотиб олмоқчимиз. Бу масала бўйича Тошкент клуби билан келишувга эришдик. «Нефтчи» аъзоси Сардор Соибов ва Ғиёс Комилов ҳам «Андижон»нинг тўлақонли футболчиларига айланишади. Қолганлар билан музокара давом этяпти. Рўйхатимизда жаҳон чемпионатида иштирок этиб қайтган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг бир неча нафар ўйинчилари ҳам бор. «Андижон» профессионал футбол клубининг ярим асрлик тўйи нишонланадиган келаси йилда ўзимизнинг чиройли ўйинимиз билан маҳаллий ишқибозларни хушнуд этишни мақсад қилганмиз. Ўйлайманки, клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби ва айниқса, футболчилар бунинг учун бор имкониятларини ишга солишади.
- Илк йиғин қачондан бошланади?
- 18 декабрь куни Андижонда йиғиламиз. Шу куни жамоани расман тарк этган ва сафимизга қўшилган футболчиларни эълон қиламиз.
- Олий лигада Ёшлар лигаси чемпионати ҳам ўтказилади. Бундай мусобақа 1-лигада йўқ...
- Фикрингизни тушундим. Биринчи лигада ёшлар жамоасига эга бўлмасак-да, лекин «Андижон-2» клубини ташкил этдик. Бу жамоа асосини 1994-95 йилларда туғилган футболчилар ташкил этган бўлиб, 2-лига ғолибига айланишди. Бу жамоа билан бизнинг мураббийлар Муллаохунов ва Абдуқодировлар ишлашди. Айнан шу таркибдаги йигитлар Ёшлар лигасида иштирок этишади. Шунингдек, 1996-97 йилларда таваллуд топган ўйинчилардан 2-лигадаги жамоани шакллантирамиз. Бу ёш футболчилар Андижон футбол мактаб-интернатининг тарбияланувчилари ҳисобланишади.
- Биринчи лигадаги ҳакамликни «даҳшат» дейишади. Шу ростми?
- Мен бундай демаган бўлардим. Шунчаки, баъзи ёш ҳакамларнинг савияси 1-лига талабига жавоб бермайди.Биринчи лигадаги ҳакамлик олий лигадагидан анча орқада қолиб кетган.
- Тез кунларда жаҳоннинг энг яхши мураббий ва футболчиси эълон қилинади. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам мавсум-2013 қаҳрамонлари номи маълум бўлади. Шахсан сиз ўз овозингизни кимларга берган бўлардингиз?
- Шубҳасиз, Криштиану Роналду «Олтин тўп»га ҳар томонлама муносиб. «Реал» етакчиси томонидан киритилган икки ўйиндаги 4та гол Португалияни ЖЧ-2014га олиб чиқди. Энг яхши мураббий «Бавария»нинг собиқ устози Юпп Хайнкес. Ўзимизда энг яхши футболчи номинациясида Жамшид Искандаровни, энг яхши мураббий танловида Дилшод Нуралиевни 1-ўринга қўяман.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).