Футзал бўйича Қозоғистон чемпионати Европадаги энг тез ривожланиб бораётган миллий биринчиликлардан бири ҳисобланади. Қозоғистон клублари ўз сафига мунтазам равишда машҳур футзал усталарини таклиф этиши лиганинг тараққий этишига ўз таъсирини, шубҳасиз, кўрсатмоқда. Шу сабаб ҳам ўтган мавсум Европа Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан «Қайрат»нинг муваффақиятини тасодиф деб бўлмайди.
Асосан бразилиялик футзалчиларнинг ҳаракатлари кўзга ташланадиган Қозоғистон чемпионатида сўнгги икки йилдан бери Ўзбекистондан ҳам легионер ўйинчилар иштирок этишмоқда. Эътиборли томони, жорий мавсум ўзбекистонлик футзалчиларга бўлган эътибор сезиларли ошди.
Куни кеча футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчи ўйинчилардан бири Фарҳод Абдумавлонов билан суҳбатлашдик. Фарҳод сўнгги икки йилдан бери Қозоғистон чемпионатида тўп сурмоқда ва жуда яхши таассурот қолдирмоқда. Ҳозирда Тараз шаҳрининг «СКА-Юг» жамоаси сафида тўп сураётган Абдумавлонов чемпионатда 14та гол урган бўлиб, мусобақа тўпурарлари пойгасида пешқадам – «Қайрат»даги бразилиялик – Жоандан атиги битта голга ортда қолмоқда.
- Фарҳод, сиз Қозоғистон чемпионатида биринчи йил тўп сураётганингиз йўқ. Сизни Қозоғистон чемпионатига тўла мослашиб кетди, деб айтса бўладими? Ҳар ҳолда, Ўзбекистон ва Қозоғистон жамоалари ўйин услуби фарқ қилади.
- Чемпионатга ва умуман мамлакатга мослашиш бўйича менда ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ. Ўтган йили бир вақтнинг ўзида бир неча нафар ўзбекистонлик ўйинчи Олма-Отанинг «БТА-Футзал» жамоасида тўп сурди. Биз ўзимизни жуда яхши ҳис қилгандик. Қўшимчасига, жамоанинг ўзида яхши ва кўнгилли муҳит ҳукмрон эди. Натижада биз чемпионатда учинчи ўринни эгалладик, Кубок баҳсларида эса финалга қадар етиб бордик.
- Ўтган мавсум билан ҳозиргиси ўртасида фарқ борми?
- Жамоалар таркиби ва ўртадаги рақобат масаласида фарқ деярли йўқ. Бу йил мусобақа иштирокчилари сони камайтирилди. Энди чемпионатда ўтган йилдаги каби ўнта эмас, саккизта жамоа иштирок этмоқда. Афсуски, маълум сабабларга кўра «БТА-Футзал» чемпионатдаги иштирокини тўхтатди. Шунингдек, Қирғизистоннинг «Дордой» клуби ҳам мусобақани тарк этди.
- «БТА-Футзал» билан айнан нима содир бўлди?
- Жамоанинг тарқатиб юборилиши аниқ сабабларини билмайман. Умид қиламанки, келаси мавсум жамоа қайта тилканади ва у чемпионатга қайтади.
- Қозоғистон чемпионатида тўп сураётган бошқа ўзбекистонликларнинг иштироки ҳақида нималар дея оласиз?
- Ўтган йили ўзбекистонлик легионерлар фақатгина «БТА-Футзал» жамоаси таркибида тўп сурди. Бу йил эса бир вақтнинг ўзида икки жамоа ўз сафида ўзбекистонлик ўйинчиларни кўриш истагини билдирди. Бу – айни вақтда мен тўп сураётган «СКА-Юг» ва Актау шаҳри шарафини ҳимоя қилаётган «Жанаўзен» жамоаларидир. Ўйлашимча, ушбу ҳолат Ўзбекистонда футзал ривожланиб бораётганидан дарак беради.
- Миллий терма жамоадаги жамоадошларингиздан кимлар «СКА-Юг»да тўп сурмоқда?
- Мендан ташқари «СКА-Юг»да Дилшод Ирсалиев ва Жамолиддин Шарипов ҳам бор. Ўйлашимча, бу ўйинчиларни алоҳида таништириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Футзал ихлосмандлари бу ўйинчиларни жуда яхши танишади.
- Клубингиз олдига мавсум учун қандай вазифалар қўйилган?
- Мавсум бошида олдимизга камида чемпионатнинг совринли учлигидан ўрин олиш вазифаси қўйилган эди. Ўйлашимча, ишга тўғри ёндашув ва тинимсиз меҳнат орқали биз олдимизга қўйилган вазифани уддалай оламиз.
- Ҳозирги вақтда жамоангиз чемпионатда учинчи ўринни ишонч билан эгаллаб турибди, сиз эса тўпурарлар пойгасида иккинчи бўлиб кетмоқдасиз. Шахсий кўрсаткичларингизга қандай эътибор қаратасиз?
- 14та гол урганимда бутун жамоанинг хизмати бор. Футзал, худди футбол каби, жамоавий ўйин. Бу ерда кўп нарса нафақат менга, балки жамоадошларимга ҳам боғлиқ. Шу сабаб ҳам мен жамоадошларимга миннатдорлик билдираман, уларсиз шунча гол уролмаган бўлардим. Урган ҳар бир голим мен учун катта аҳамиятга эга. Бундан кейин ҳам сермаҳсуллик борасида бўшашмасликка умид қиламан.
- Сиз тақлид қиладиган ўйинчилар борми?
- У ёки бу футзалчининг ўйини менга ёқса, мен ундан ҳамма яхши жиҳатларни ўрганишга ҳаракат қиламан. Ўрганиш спортда жуда муҳим. Бир нуқтада тўхтаб қолмаслик керак. Ҳар доим олдинга интилиш ва янгиликларни ўрганиш керак. Балки менинг кумирларим йўқдир, бироқ Ўзбекистон терма жамоасининг ҳозирги бош мураббийи Баҳодир Аҳмедовнинг ўйинларидан ҳар доим завқ олганман. Бахтимга, мен у билан бир жамоада ўйнашга муяссар бўлганман ва ундан кўп нарса ўрганганман.
- Футзалга қандай кириб келганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
- Футзалга 2007 йилда келганман. Ўша вақтларда мен ҳақиқатан ҳам ҳаваскор эдим. Орадан икки йил ўтиб Ўзбекистоннинг кўп карра чемпиони – «Ардус»га устозлик қилган Александр Петровнинг эътиборига тушганман. Александр Геннадиевич мени жамоага таклиф этган ва шундан бери ҳаётим футзал билан боғланган. «Ардус»га келганимдан кейин бир йил ўтиб миллий терма жамоадан чақирув олдим. Ҳаётимдаги бу лаҳзаларни ҳеч қачон унутмайман.
- Суҳбат якунида, фаолиятингиз билан боғлиқ орзуингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. Ҳар бир спортчининг ўз орзуси бўлади...
- Албатта. Шахсан мен Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида жаҳон чемпионати финал босқичи йўлланмасини қўлга киритиб, мундиалда яхши ўйин кўрсатишни орзу қиламан. Бизда яхши ва кучли жамоа бор. Жамоамиз жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга кирита олади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).