Игорь Шквиринни ўзбек мухлисларига таништириш шарт эмас. Қанақа таништириш, бу ҳақда ҳатто ўйлаш ҳам кулгули. Ҳар қандай мухлис буни ҳақорат ўрнида қабул қилиши турган гап. Шквиринни таниш учун ашаддий ишқибоз бўлиш ҳам керакмас.
Шундоқ барчаси маълум. Аммо ҳар сафар Игорь Анатольевич билан суҳбатлашаркансиз, албатта, ўзингиз учун янги бир нарса кашф этасиз. Бу сафарги интервью ҳам бундан мустасно бўлмади. Суҳбатимиз мураббийнинг болалиги хусусида бошланиб, келажак орзулари билан якунланди.
«ЯНГИЕР» ВА «ПАХТАКОР»ДАГИ МАОШ
- Игорь Анатольевич, футболчилик фаолиятингизни «Янгиер» клубида бошлаганингизни яхши биламиз. Аммо нима учун айнан «Янгиер»? Бошқа жамоалардан таклифлар бўлмаганмиди?
- Сизнингча, 16 ёшли йигитчага гранд клублардан чорловлар ёғилиб кетиши керакми? Бўлмаган албатта. Умуман, «Янгиер»дан таклиф билан чиқишган пайт, ҳатто футболчи бўлишни орзу ҳам қилмас эдим. Шунчаки, кунларнинг бирида «Янгиер»дан мураббийлар келишди ва жамоада ўйнаб кўришимни сўрашди. Мен қабул қилдим.
- Бу клуб эътиборини тортишингизга нима сабаб бўлган? Ҳар ҳолда, «Янгиер» ҳатто Ўзбекистон даражасида ҳам энг кучли жамоалар сирасига кирмасди...
- Аммо молиявий имкониятлари анчагина яхши эди. Ўшанда «Янгиер»да олган маошимга ҳатто олий лигада ўйнайдиган унча-мунча футболчилар орзу қилишарди. Клуб эътиборини тортишимга эса... Очиғи, бунинг боисини аниқ билмайман. Шунчаки, клуб селекция хизмати ёш футболчиларни кузатиб, менга эътибор қаратганди. Болалар жамоаси сафида голлар уриб турардим, балки шу сабабли иқтидорли, деб топгандирлар. Улар адашмаган кўринадилар. Ахир, кейинчалик олий лига даражасида ҳам ўйнадим. Футболчилик фаолиятимдан нолимайман, ҳаммаси ўзим учун жуда яхши кечди.
- «Янгиер»да катта маош беришганини айтдингиз. Сир бўлмаса, шахсан сиз айнан қанча олардингиз?
- Ҳар ойда 700 сўм. Бу эса, шуни айтишим лозим, кам эмасди. Таққослашингиз учун кейинчалик «Пахтакор»га ўтгач, 250 сўм ойлик билан қаноатланишга тўғри келганини айтишим мумкин.
- «Янгиер» ниманинг эвазига бу қадар «сахий» эди? Ёш футболчига шунча маош тўланган бўлса, етакчилар қанча олардилар?
- Уларнинг ойликлари билан ишим бўлмаган, мен фақат ўз даромадим ҳақида гапиришим мумкин. Қолганини ўзингиз тасаввур қилиб олаверасиз. «Янгиер»нинг сахийлигига эса бошқа ташкилотлар сабаб бўлган. Ўша вақтларда футболчининг маошини фақат клубнинг ўзи бермасди, балки бошқа ташкилотлар ҳам «кўмаклашиб» юборардилар. Масалан мен жамоадан ташқари яна икки жойдан ойлик олганман. Очиғи, ўша ташкилотлар нима билан шуғулланарди, қандай фаолият олиб борарди, билмасдим. Фақат ойига бир марта бориб, ўз маблағимни олиб кетардим, холос. Фақат мен эмас, бошқа футболчилар ҳам шундай қилардилар. Собиқ иттифоқ даврида кўп жойда шундай тартиб бўлган. Ҳозир футболчиларга катта маош беришади, яна кўтарма пуллари, мукофотлар. Бизнинг давримизда эса бундай нарса бўлмасди.
- «Янгиер» ва «Пахтакор»ни ўзаро таққослаганингиздан сўнг, ўз-ўзидан бир савол пайдо бўлади. Олий лигада ўйнаш учунгина уч баробар кам пул тўлайдиган клубга ўтганингиз таҳсинга сазовор...
- Раҳмат. Албатта бу қарор осонликча қабул қилинмаган. Шубҳа ва гумонлар бўлганди. «Пахтакор» катта клуб, рақобат ҳам шунга яраша. Бундай жамоада ҳеч ким менга асосий таркибдан жой кафолатлаб қўймаган. Арзимаган вақт ичида йўқолиб қолишим ҳам ҳеч гап эмас эди. Аммо бошқа томонлама менда бундай имконият бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Ўшанда менда танлаш ҳуқуқи бор эди: ё футболни танлашим керак эди ёки пулни. Мен футболни танлаганман.
- «Пахтакор»га ўтгач, бу қарорингиздан афсусланмаганмисиз?
- Мен ҳеч қачон ўз қарорларимдан афсусланмаганман. «Пахтакор»да эса албатта осон бўлмаган. Клубга ўтганимда 19 ёшли йигитча эдим. Мени аввалига ўринбосарлар таркибида майдонга туширишди. Олтита ўйинда еттита гол урганимдан сўнг асосий таркибга олишди. Шу тариқа аста-секинлик билан катта футболдаги қадамларимни қўя бошлаганман.
НАСИБ ҚИЛМАГАН ҲАРБИЙ ПОГОНЛАР
- Болаликдан футболчилик фаолиятини орзу қилмаганман дедингиз. Айтишларича, кўпроқ ҳарбийликка меҳр қўйган экансиз?
- Буниси анча эртароқ бўлганди. Ўшанда 14 ёшли болакай эдим. Ҳарбий хизматга қизиқиб, махсус мактабга кириш учун ҳатто тиббий кўрикдан ҳам ўтганман. Тўғрироғи, ўта олмаганман. Нимагадир талаффузимда нуқсон топишиб, ортга қайтаришган. Айтишларича, бундай талаффуз билан ҳарбийча буйруқларни бера олмас эканман. Очиғини айтсам, ўшанда жуда қаттиқ хафа бўлгандим, ҳатто бир неча кунгача кайфиятсиз юрганман. Кейинчалик эса, ҳечқиси йўқ, кўнгилсизликлар ортда қолиб кетди. Энди билсам, ҳаммаси яхшиликка бўлган экан. Акс ҳолда футболда бу қадар ютуқларга эриша олмасмидим, балки...
- Демак, ҳарбий хизмат ўрнига ҳарбийлар жамоасида футбол ўйнаганингиздан ҳам афсусланмайсиз?
- Шундай деса ҳам бўлар балки. Аммо ҳарбийлар учун футбол ўйнаш ҳам осон эмас эди. Ҳарбий хизмат қилишим зарурияти бўлганидан мени Украинанинг Львов шаҳридаги СКА жамоасига йўллагандилар. Ўша клубда ҳарбий хизмат даврини ўтказдим. Бироқ сал бўлмаганда хизматни футбол жамоасида эмас, балки Чернобиль яқинидаги ростмана ҳарбий қисмда ўташим ҳам ҳеч гап эмас эди.
- Воқеалар жараёни анча жиддий тус олганга ўхшайди? Чернобиль - бу ҳазил қиладиган жой эмас!
- Албатта. Ўшанда Чернобиль ҳалокати рўй берганига ҳеч қанча бўлмаганди. Муаммо эса мана бундай бошланди - ҳар қандай жойда ҳам сени ёмон кўрадиган бир одам бўлиши аниқ. Мен ҳам СКА клуби мутасаддиларидан бири билан келиша олмасдим. Оқибатда ўша инсон ҳар қанақасига «меҳрибончилик» кўрсатишга интиларди. Арзимаган хатодан ҳам катта фожиа ясаши ҳеч гап эмас эди. Аксига олиб, ўшанда жароҳатим туфайли ўзимни кўрсата олмасдим. Аммо ҳар қанақа ҳолатда ҳам майдонга тушишим шарт эди. Ҳаттоки оғриқдан кўзимдан ёш чиқиб кетса ҳам ўйнашга мажбур эдим. Оқибатда мени ҳарбий қисмга жўнатмоқчи бўлдилар. Хизмат қилишим лозим бўлган қисм эса... Чернобилдан 70 километр узоқликда эди, холос. Ўшанда ҳаммаси тугади, деб ўйлагандим. Бахтимга жамоа менга охирги имконият берадиган бўлди. Келгуси учрашувда гол уришим шарт эди. Омадим келиб, клубимиз сафарда икки учрашув ўтказиб қайтадиган бўлди. Биринчи ўйин Волгоградда, иккинчиси эса Смоленскда ўтиши лозим эди. Волгограддаги биринчи баҳсда тўп киритдим, аммо... ўз дарвозамизга. Ҳимояга ёрдам бериш учун қайтгандим, дарвозамиз томон узатилган тўпга рақиб футболчиси билан тенг ташландик. «Подкат» услубида тўпга биринчи бўлиб мен етиб бордим ва уни чиройли тарзда дарвозамиз томон йўлладим. Автогол. Майдонда ётибману, «ҳаммаси тамом, Чернобилга кетаман», деб ўйлайман, холос. Аммо мўъжиза ҳам учраб туради. Стадион сухандони гол рақиб футболчиси номига ёзилганини эълон қилди. Кейинги ўйин Смоленскда бўлди. У ерда ҳам худди шундай ҳолат такрорланди, фақат бу сафар мен эмас, рақиб ҳимоячиси автогол урди ва гол менинг ҳисобимга ёзилди. Шунақаси ҳам учраб тураркан. Барча муаммоларим ортда қолди.
КЕЛИШИЛГАН ЎЙИНЛАР
- Бир сафар россиялик мутахассис Бубнов ўтмишдаги келишилган ўйинлар ҳақида гапираркан, «Пахтакор»ни ҳам эслаб ўтганди. Бу ҳақда бирор нарса дея оласизми?
- Бубнов мен футбол ўйнаган даврлар ҳақида гапирганмиди?
- Йўқ, етмишинчи йиллар футболи ҳақида гап кетганди.
- У ҳолда мен бу саволингизга жавоб бера олмайман.
- Ундай бўлса айтингчи, шахсан ўзингизга ўйиндан олдин пул таклиф қилишганми?
- Ҳа, таклиф қилишган. Бундай ҳолатлар футболда кўп учраб туради. Бу пулларни қабул қилиш ёки қилмаслик эса одамнинг ўзига боғлиқ. Инсон виждонига қараб иш тутиши лозим. Мен эса виждоним олдида тозаман.
- Бундай иллатлар бугунги кунда ҳам борми?
- Ҳа, бор. Бўлганда ҳам бутун дунё бўйлаб бор бундай иллат. Сиз менга келишилган ўйинлар йўқ бўлган бирорта давлатни кўрсата оласизми? Йўқ, албатта. Албатта бизда ҳам бундай қинғирликлар оз бўлса-да, учраб туради. Буни қандай қабул қилиш эса, одамнинг ўзига боғлиқ. «Олмалиқ»ни фақат бир нарса қизиқтиради - футбол ўйнаш. Агар сиз ўтган мавсум етакчи клубларга қарши кечган ўйин натижаларига қарайдиган бўлсангиз, «Олмалиқ» қандай жамоа эканини кўриб олишингиз мумкин («Пахтакор» икки марта мағлубиятга учратилган - 1:0, 2:1, «Насаф» билан ҳар икки ўйинда дуранг натижа - 2:2, 2:2, «Бунёдкор» билан ўйинда бир ғалаба ва бир мағлубият - 3:1, 1:4 - таҳририят изоҳи).
- Италиялик машҳур ҳакам Пьерлуижи Коллинадан шу ҳақда сўраганларида: «Менга бирор марта ҳам пул таклиф қилишмаган», деб жавоб берганди. Футбол кишиси сифатида бу гапга ишонасизми?
- Футболда қинғир иш таклиф қилинмаган одамлар борлиги ҳақида эшитиш ёқимли. Шундай эканига ишонгим келади.
МУРАББИЙЛИК ФАОЛИЯТИ
- Футболчилик фаолиятини якунлаб, мураббийлик ишига ўтганингиздан сўнг, руҳий томонлама муаммоларга дуч келмадингизми? Ҳар ҳолда бутсаларни михга илиш осон эмас, дейдилар...
- Албатта осон эмас. Футбол ўйнашни тугатганимдан сўнг аввалига бироз бошқача ҳолатга тушдим. Кейин «Крилья Советов» клуби мураббийлар штабида ишладим. У ерда икки йил фаолият юритганимдан сўнг, бош мураббийлик ишига ўтишга қарор қилдим. «Қизилқум» клубида иш бошладим. Аввалига ҳаммаси ҳам кўнгилдагидек кечмади. Айниқса, «Пахтакор»дан ўз уйимизда 0:11 ҳисобида мағлуб бўлганимизда анча тушкун ҳолатга тушиб қолгандим. Аммо тезда бу ҳолатдан чиқиб кетишга ҳаракат қилдим. Ҳар қандай ишда ҳам кўтарилишлар ва пасайишлар бўлиб туради. Юқорига кўтарилган инсон эмас, балки йиқилганда тура олган инсон кучли дейдилар. Бундай вақтда киши ўзини қўлга олиши жуда муҳим. Мураббийлик фаолиятимнинг учинчи йили мен учун ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Ўша омадсизликдан сўнг менда соф спортча ғазаб пайдо бўлди ва барчасини бошидан бошлаб, ўзимни кўрсатишга қарор қилдим. Мураббий учун ўтган ҳар бир йил синовдир.
- Мураббий сифатида энг катта орзунгиз нима?
- Орзу бирдан пайдо бўладиган нарса эмас, балки йиллар давомида шаклланади. Ҳозирда ҳамма ўй-хаёлим «Олмалиқ» билан боғлиқ. Биз фақат олий лигада 5-ўрин учун эмас, балки ғолиблик учун ҳам кураша олишимизни исботлашни истайман. Жамоам билан халқаро учрашувларда иштирок этишни орзу қиламан. Буларнинг барчасига эришгач эса, табиийки орзулар кўлами ҳам ошади. Ҳар қандай мураббий ўз Ватани терма жамоасини бошқаришни хоҳлаши турган гап. Мен ҳам буни орзу қиламан. Вақти келиб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан жаҳон чемпионатига чиқишни, Осиё кубогида ғолиблик учун курашишни истайман. Ҳозирда Осиё кубогидаги 4-ўрин ҳам биз учун катта натижа бўлиб кўринмоқда, катта мукофотлар берилмоқда. Аммо ишонаманки, терма жамоамиз бу мусобақага фақат ғалаба қозониш учун борадиган кунлар ҳам келади...
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).