Ҳа, замонамизнинг таниқли мураббийларидан бири Марчелло Липпи совринлар коллекциясини бойитишда давом этмоқда. Қуйидаги мақола ўз ичига италиялик мутахассис фаолиятидаги эътиборли жиҳатларни қамраган.
«Ювентус»даги қўшалоқ муваффақият
Идеал шарт-шароитлар яратилган жойда Марчелло доимо зафар қучган. Унинг ғолибона юриши «Ювентус»да бошланди. «Наполи»даги ҳамкорликни унутмаган Лучано Моджи дон Марчеллони Туринга таклиф этди. Ўша пайт «кекса синьора» шарафини Роберто Баджо, Жанлука Виалли, Фабрицио Раванелли каби юлдузлар ҳимоя қилишарди. Қўшимчасига, Моджи 25 млрд. лир эвазига Пауло Соуза, Дидье Дешам, Чиро Феррара ва Алессио Таккинардини Липпининг ихтиёрига топширди. Янги бош мураббий раҳбарлиги остида туринликлар 9 йиллик танаффусдан сўнг скудеттони қўлга киритишди, 1 йилдан кейин ЧЛ кубогига сазовор бўлишди. Шундан кейин жамоада кескин ўзгаришлар юз берди. Сардор Жанлука Виалли ва унинг ҳужум чизиғидаги шериги Фабрицио Раванелли Англияга сотиб юборилди. Моджи уларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида Зидан, Бокшич ва Вьерини Туринга чорлади.
Футболчиларнинг келиб-кетишларидан қатъий назар, ўша йиллар қитъада «Юве»нинг таркибига бас келадиган жамоа йўқ эди. Марчеллонинг эътироф этишича, уни гоҳ «Реал», гоҳ «Барселона»га таклиф этишарди. Аммо мураббий ҳеч қайси жамоа «Юве»дан ўзиб кетолмаслигини яхши билгани учун чорловларни рад этарди. Ўша даврда матбуот «бьянконерлар»ни енгилмас, Липпини эса барча мураббийларга намуна сифатида эътироф этганди.
Турин суперклубидаги муаммолар 1998|1999 йиллар мавсумида бошланди. Бу пайтда етакчи ўйинчилар иштиёқни йўқотишганди. Жумладан, Дешам ва Зидан жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритганларидан кейин шаштни бироз пасайтиришди. Шунингдек, Алессандро Дель Пьеронинг жароҳатга йўлиқиши ҳам «дард устига чипқон» бўлди. Бундай вазиятда Липпи ҳам жамоани инқироздан қутқаролмади. «Парма»га имконият бой берилганидан кейин у илк марта Туринни тарк этди.
2001 йили Марчелло яна жамоага қайтгач, Моджи унга янги юлдузлар - Буффон, Недвед ҳамда Тюрамни «совға» қилди. Натижада енг шимариб ишга киришган Липпи 2та скудеттога эришиб, ЕЧЛ финалига чиқди. Лекин нуфузли соврин пенальтилар серияси натижасига кўра, «Милан»га бой берилди. Гарчи ўшанда айни кетиш пайти бўлсада, Липпи ишлашда давом этди. Фақат 1 йилдан кейин жиддий муаммоларга дуч келиб, истеъфога чиқди.
«Интер»даги омадсизлик
1999|2000 йиллар мавсумида Италияда энг кучли таркибни йиққан «Интер»нинг ғолиб чиқиши тахмин қилинганди. Бироқ жамоа 4-ўрин билан кифояланди. Шундан кейин Липпининг Миландаги фаолияти якунланди. Шу бир йил ичида мураббий жамоанинг барча менежерлари билан жанжаллашиб чиққанди. Кейинчалик Марчелло «Интер»даги муваффақиятсизликка ташкилий масалаларнинг талаб даражасида бўлмаганини сабаб қилиб кўрсатганди. Ҳолбуки, Массимо Моратти унинг ихтиёрига Вьери, Перуцци, Ди Бьяджо, Пануччи ва Блан каби юлдузларни бериб қўйганди. Лекин мураббий «Интер»нинг ички муҳитини талаб даражасига келтиролмади, чоғи.
Кальчополи давридаги жаҳон кубоги
Липпи илк марта «Скуадра Адзурра» бошқарувини ўз қўлига олган пайт жамоанинг ўзаги 90-йилларда тобланган «олтин авлод» вакилларидан иборат эди. Ҳимоя чизиғида Неста ва Каннаваро, қанотда Замбротта, марказда эса Пирло ва Гатттузо ишончли тўп суришарди. Тотти билан Дель Пьеронинг жисмоний ҳолатлари аъло даражада, Лука Тони ҳозиргидек юксак савия соҳиби эди. Гуруҳдан ортиқча қийинчиликсиз чиққан «Мовий гвардия» ярим финалда немислар билан бўлган жангдан кейин оптимал спорт формасига кирди. Ҳал қилувчи баҳсда эса Буффон ва Матерацци қаҳрамонга айланишди.
Липпи ўзининг «Ғоялар ўйини» асарида Германия мундиалидаги ғалаба сабабларини аввало, жамоадаги руҳий тайёргарлик билан боғлаган, шунингдек, шогирдларини «плей-офф» босқичидаги ҳал қилувчи баҳсларга қай тариқа шайлантиргани хусусида батафсил ҳикоя қилган. Унинг таъкидлашича, Кальчополи можароси «Скуадра Адзурра»ни янада аҳилроқ, ҳамжиҳатроқ бўлишига ёрдамлашиб юборган экан. Чунки Липпи ўз шогирдларига матбуот вакиллари билан мулоқот қилишни тақиқлаб қўймаганди. Шов-шувга ўч фитначи журналистлар эса футболчиларни «даҳанаки жанг»га тортиш орқали уларни янада қатъийроқ тўп суришларига туртки беришди ва жаҳон кубогининг қўлга киритилишига кўмаклашиб юборишди.
Терма жамоага омадсиз Қайтиш
2008 йили яна терма жамоага қайтган Липпи «Юве»да ишга солган «ҳунари» ёрдамида вазиятни ўнглашга уриниб кўрди. Лекин уддалолмади. У айрим футболчиларнинг савияси пасайиб кетганидан лол қолганди. 2009 йили Конфедерациялар кубогида қайд этилган омадсизликдан кейин мураббий қандайдир ислоҳотлар ўтказишга чоғланди. Бироқ кеч бўлганди.
Умуман, ярим тайёр «маҳсулотлар»га сайқал бериш Липпига хос юмуш эмас. У ёрқин юлдузлар билан ишлашга одатланган. Ахир ихтиёрида Инзагидек ҳужумчиси бўлган мураббий «Пепе ёки Фоджидан қай бири кучлироқ?» деган масала устида бош қотириб ўтирармиди?! Хуллас, Липпи ЖАРга бир қатор фахрийлар билан йўл олди. Жузеппе Росси, Антонио Кассано ва Марио Балотеллини рад этди. Албатта, у билан баҳслашиб кўришди, фикрини ўзгартиришга чақиришди. Жумладан, машҳур ҳужумчи Роберто Пруццо ҳақли равишда Винченцо Якинта асосий таркибда майдонга тушишга муносиб эмаслигини қайта-қайта таъкидлади. Аммо Липпи таркибни фақат бош мураббий белгилашини айтиб, ўз билганидан қолмади. Бу ҳам етмагандек, мундиал арафасида Буффон ва Пирло жароҳатланишди. Оқибатда Италия термаси ўз тарихида биринчи марта ЖЧдан бирорта ғалабага эришмаган ҳолда ортга қайтди.
Юлдузлар билан келишмовчиликлар
Пауло Соуза, Роберто Баджо, Антонио Конте, Кристиан Пануччи, Антонио Кассано - Липпи билан келишолмаган юлдузларнинг тўлиқ бўлмаган рўйхати ана шундай. Баджонинг ўз автобиографиясида ёзишича, мураббий ундан ўз жамоадошларига нисбатан жосуслик қилишни талаб этган. Соуза эса «Ювентус»дан кетишига айнан Липпини сабабчи қилиб кўрсатган. Пануччи мураббийни шахсий адоват туфайли ЖЧдан маҳрум этганликда айблайди. Кассанонинг норозилиги ҳам айнан шундай. Фақат Антонио Конте устозининг юзига балчиқ чаплашни ўзига эп кўрмади. Гарчи ўз китобида сардорлик боғичидан маҳрум этилганини айтган бўлсада, тафсилотларига тўхталиб ўтирмади. Бунга жавобан Липпи вақти-вақти билан «Юве»нинг амалдаги устози ҳақида матбуот орқали илиқ фикрлар билдириб туради.
Бироқ юқоридаги мисоллар «Липпи футболчиларга нисбатан адолатсизлик қилган», дейишга асос бўлолмайди. Юқорида зикр этилган даъволарнинг бирортаси ўз исботини топган эмас. Айниқса, Пануччининг норозилиги. Чунки ўша пайт терма жамоани ёлғиз Липпи эмас, балки Мальдини ва Зофф ҳам бошқаришган. Сакки эса Кристианни «Милан»дан ошкора тарзда қувиб юборганди. Кассано бўлса ўзига устозлик қилган бирор мураббийдан миннатдор бўлган эмас. Айтишларича, Липпи етакчи футболчиларга нисбатан ўзига хос нуқтаи назарга эга экан. У фақат жамоа учун жон куйдирадиган ўйинчиларни тан олган. Қизиғи шундаки, Марчелло учун идеал жангчи Диего Марадона ҳисобланади. Қолаверса, мураббий Дель Пьеро ва Зидан каби ҳалол футболчилар билан ҳеч қачон «сан-ман»га борган эмас.
Амалиётчи мураббий
Липпини шунингдек, тактика хусусидаги мутахассис сифатида эътироф этиш нотўғри. У ҳеч қачон бирор-бир схемани яратиш хусусида бош қотирмаган. Лекин бошқа мутахассисларнинг ишланмаларидан унумли фойдаланган. Бундан ташқари, янгиликлардан доимо хабардор юрган. Масалан, 4-3-3 схемаси урф бўла бошлагач, «Юве»да дарҳол уни синаб кўрган. Кейин 4-4-2га қайтиш жараёни бошланганида ҳам, Липпи биринчилардан бўлиб ҳаракатга тушган.
Қайсар инсон
Тўғри, хушмуомалалик ҳеч қачон Липпининг кучли жиҳати бўлган эмас. У кўпроқ ҳарбийлар, генералларга хос иш юритишга одатланган. Хусусан, қарорлари муҳокама қилинмайди. Қолаверса, Моджидек қудратли функционер уни мунтазам равишда энг сара аскарлар билан таъминлаб турган. Футбол беллашувини жанг майдонига қиёслайдиган Липпи ўз асарида тез-тез немис ҳарбий назариётчиси Карл фон Клаузевицнинг сўзларини келтириши бежиз эмас.
Тўғри, афсонавий мураббийнинг бошқариш услуби бугунги «А» серияси жамоаларига унчалик мос келмаслиги аниқ. Чунки ноёб иқтидор соҳиблари - анқонинг уруғи! Яхши савиядаги футболчиларни топиш ҳам осон иш эмас. Айтайлик, Марио Балотеллини худди ёш боладек эркалаб юриш Чезаре Пранделлининг хоббиси эмаслиги барчага тайин. Бироқ шўрлик мураббий учун ҳозирча бошқа йўл йўқ. Липпи учун эса доимо нафақат маблағ, балки ишлаш шароити, яъни ўзи ва ёрдамчилари учун яратилган шароит муҳим ҳисобланган. «Гуанжоу» билан бўлган музокаралар чоғи у мураббийлар штабининг учдан икки қисмини италияликлар ташкил этишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, ўзини ҳам унутмади - маълумотларга кўра, Хитойда йилига 10 млн. евро иш ҳақи олади. Италияда унга ҳеч ким бунча таклиф этолмайди. Ҳозирда Марчелло ўзини 1994 йилдаги «Юве»га қайтгандек ҳис этмоқда. Ўша вақтдаги Трапаттони ролини Хитойда Ли Жан Су ижро этди. Шу мураббийдан жамоани қабул қилиб олган Липпи 1 йил ичида уни Осиёнинг энг кучли клубига айлантирди. Туриндаги Лучано Моджи ролини эса Хитой клуби президенти Ксю Жайин ва унинг «ўнг қўли» - Лю Юнчжо ижро этишди. Липпининг маҳорати Хитой учун жуда мос келди. Чунки бу юртдаги футболчилар доимо бир-бирларини кузатиб юрадилар. Лекин ҳеч кимга сирни ошкор этмайдилар. Улар фақат жамоа манфаати йўлида тер тўкадилар. Чунки дунёнинг энг яхши мураббийи айнан шуни талаб қилади-да!
Марчелло Липпи яқинда келажак режалари ҳақида гапириб ўтди. «Гуанжоу Эвергранд» билан тузган шартномам яна бир йилдан сўнг ниҳоясига етади. Тўғрисини айтсам, гуанжоуликлар билан янги битим тузмайман. Лекин ишсиз ўтириш ниятим йўқ. Бирор-бир терма жамоани бошқаришни истардим»,-деди италиялик мутахассис.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).