Кундан-кунга чирой очиб бораётган шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси кўзларимизни қувонтиради. Замонавий ва жаҳон талабларига тўлиқ жавоб берувчи спорт мажмуаларини айтмайсизми? Қаерга борманг, албатта, болалар билан гавжум спорт кошоналари, майдончаларига кўзингиз тушади. Буларнинг бари мустақиллик шарофати! Айнан истиқлол туфайли юртимизда жаҳон стандартлари асосида муҳташам стадионлар ҳам бунёд этилди ва бу жараён ҳамон давом этяпти. Биргина Тошкент вилоятининг ўзида қисқа фурсат ичида 2та замонавий стадион қурилди. Олмалиқ ва Бекобод шаҳарларида қад ростлаган кўркам ареналар бугунги кунда «Олмалиқ» ҳамда «Металлург» жамоаларига хизмат қиляпти. Бу ҳақда бежиз сўз очмадик. Тошкент вилояти футбол федерацияси вице-президенти Шамиль ака Яфаров билан суҳбатимиз айнан шу мавзуда бошланди.
- Тошкент вилоятида жаҳон талабларига жавоб берувчи стадионларимиз йўқ эди, - дея сўз бошлади Шамиль ака. - Мустақилликка эришганимиздан сўнг, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг бир нечта қарор ва фармонларидан кейин мамлакатимизда футболга жуда катта эътибор қаратила бошланди. Дастлаб Бекобод шаҳрида 15 минг мухлисга мўлжалланган стадион барпо этилди. Бу йил эса Олмалиқда 12 минг томошабинни ўз бағрига сиғдирадиган арена очилди. Олмалиқда фақат стадион эмас, бутун бир спорт шаҳарчаси бунёд этилди, десам тўғри бўларди. У ерда баскетбол, волейбол, қўл тўпи, теннис каби бир нечта спорт турлари бўйича бемалол республика миқёсидаги мусобақаларни ўтказиш имконияти бор. Тошкент вилояти жамоалари айнан мен санаб ўтган спорт турлари бўйича олий лига баҳсларида иштирок этиб келишяпти. Демак, мажмуа жамоаларимиз учун ҳам том маънода совға бўлди. Энди Тошкент вилояти футболи ҳақида гап кетганда, унинг бой тарихини ёдга олмай илож йўқ. «Пахтакор-79» таркибида ёрқин из қолдиришган дўстларим - Владимир Фёдоров, Михаил Ан, Олим Аширов Тошкент вилояти футболи тарбияланувчилари ҳисобланишади. Биргина Сервер Жепаровни олсак, Чирчиқ шаҳрида туғилиб, миллионлар ўйинининг илк сир-асрорларини шу ерда ўрганган футболимиз фахри икки бор Осиёнинг энг яхши ўйинчиси, деб топилди. Бу бизга чексиз ғурур бағишлайди. Бундан ташқари, Александр Гейнрих ва Илёс Зейтуллаев Ангрен шаҳрида футбол ўйнай бошлашган. Оққўрғон туманидан чиқишган Ислом Иномов, Бахтиёр Қамбаралиев, бўкалик раҳматли Александр Шадрин ҳам вилоятимиз футболи фахри саналишади. Осиё ўйинларига терма жамоа таркибида йўл олган Фозил Мусаев ҳам пойтахт вилояти футболи тарбияланувчисидир. ЎФФ Фахрийлар кенгаши раиси Наримон Жалолов кўп йиллар давомида Тошкент вилояти спорт қўмитасига раҳбарлик қилган. Устозимиз ана шу йиллар мобайнида пойтахт вилояти спорти, хусусан, футболининг ривожига жуда катта ҳисса қўшган. Фахрланадиган ҳолат шундаки, вилоятимиз клублари тажрибали мураббийларга эгалар. «Олмалиқ»да бош мураббий Игорь Шквирин истеъдодли мутахассислар Геннадий Денисов ва Ойбек Усмонхўжаев билан бирга ишлаб келяпти. «Металлург»да Февзи Давлетов ва Абдуқаҳҳор Маъруфалиев катта тажриба тўплашяпти. Иккала жамоамиз олий лигада бир текис ўйин намойиш этиб келмоқда. Энг муҳими, «Олмалиқ» ҳам, «Металлург» ҳам терма жамоаларимизга футболчилар етказиб бера бошлади. «Металлург» вакили - Шаҳзод Нурматов Озарбайжон термасига қарши Боку шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда миллий жамоамиз таркибида майдонга тушди. Мана куни кеча Осиё ўйинларида қатнашадиган жамоамиз сафида Кореяга жўнаб кетди. Олмалиқ жамоасидан ҳам турли терма жамоаларимизга футболчилар чақириляпти. Бундан албатта, хурсандмиз. Яна бир қувонарли ҳолат, Ўзбекистон миллий жамоасининг Уммонга қарши ўртоқлик ўйини Олмалиқ шаҳрида ташкиллаштирилди. Бу вилоятимиздаги ишқибозлар учун ҳақиқий совға бўлди.
- Вилоятда истеъдодли ёшларни ўз вақтида аниқлаб, етакчи клубларга тавсия қиладиган селекционер мураббийлар етарлими?
- ЎФФ ташаббуси билан барча вилоятларда селекция хизмати йўлга қўйилган. Хусусан, бизда ҳам истеъдодларни аниқлаб келаётган мураббийлар ишлашяпти. Минтақалар бўйича махсус турнирлар ташкил қилиниб, ҳар бир вилоятдан келган ёш футболчилар орасидан энг саралари танлаб олиняпти. Қолаверса, уч босқичли узлуксиз спорт мусобақалари - «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ҳамда «Универсиада» ҳам истеъдодли футболчиларнинг юзага чиқишларига замин яратмоқда. Ҳозирги ёшларга ҳавас қиламан. Биз тўп тепа бошлаган давр футбол билан шуғулланиш учун шароитлар ҳозиргидек эмасди. Фахрий футболчиларимиз бу ҳақда кўп гапиришган. Бутса ва тўплар оғир бўлган. Майдонлар сифати ҳақида гапириш ҳам ортиқча. Ёшларимиз бугунги кунда яратилган шароитлар қадрига етишлари шарт. Табиий ва сунъий қопламали майдонлар кечаю кундуз ёшлар ихтиёрида. Ўз ўрнида биз ҳам жойларда оммавий футболни ривожлантиришга эътибор қаратяпмиз. Очиғи, пойтахтда йўқ майдонлар Тошкент вилоятида бор. Бундан фахрланамиз.
- Шамиль ака, ҳозир биз суҳбатлашиб ўтирган «Пахтакор» стадиони бой тарихга эга. Шахсан сизга ҳам бу ерда тўп суриш бахти насиб қилган. Боз устига, «Пахтакор»нинг олтин авлоди билан бирга ўйнагансиз...
- Ҳақиқатан ҳам, бахтли инсонман. 1973 йили «Пахтакор»га таклиф қилишган. Ўша пайт шонли жамоамизга Вячеслав Соловьев мураббийлик қиларди. Вячеслав Дмитриевич ўзбек футболи ривожига катта ҳисса қўшган инсонлардан бири ҳисобланади. У жамоага асосан маҳаллий ўйинчиларни жалб этган. Тошкент, Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларидан истеъдодли ёшларни «Пахтакор»га олиб келган. 1979 йили авиаҳалокатга учраган марҳум футболчилар билан 6 мавсум бирга ўйнаш бахти насиб қилди менга. Бундан ҳар доим фахрланиб келганман. Базада бирга яшардик, машғулот ўтардик. «Пахтакор»га келган илк пайтлар тажрибали футболчилар - Биродар Абдураимов, Владимир Штерн ва Тўлаган Исоқов катта ёрдам беришган. Қишлоқдаги мактабдан келган оддий ёш болага бу даражада эътибор қаратишларини сира ўйламагандим. Катталар қўллаб-қувватлашмаса, қандайдир натижага эришиш қийин. 2-3 йил олдин «Пахтакор»нинг забардаст вакилларидан бири Василис Хадзипанагис Тошкентга келди. У билан «Ўзбекистон» меҳмонхонасида учрашдик. Ўша пайт «Насаф» жамоаси ҳам шу меҳмонхонага жойлашган экан. Василис футболчиларни кўриб, «Бу қайси жамоа ўйинчилари?» деб сўради. Мен «Қашқадарёда футбол жадал суръатларда ривожланяпти, бу воҳанинг биринчи жамоаси - «Насаф», унга Анатолий Демьяненко мураббийлик қиляпти», деб жавоб бердим. Шунда Хадзипанагис ўша ернинг ўзида Демьяненко билан учрашди. Ўзбек футболининг бугунги куни, ўтмиши ҳақида анча гаплашишди. Тошкентда дунёга келган Хадзипанагис ҳақиқий истеъдод эди.
- Мураббийларингиз ҳақида гапирганингизда, марҳум Идгай Тазетдиновни кўп бор эслайсиз...
- Ҳа, Идгай Борисовични биринчи мураббийим, деб биламан. «Пахтакор»дан олдин Тошкент вилоятининг «Политотдел» клубида ҳам ишлаган. Тазетдиновнинг дунёқараши, маданияти, педогогик услубларини ҳурмат қилардим. «Бир кун машғулот ўтказмасанг, бутсангни ўша куниёқ михга илиб қўявер», дерди. Футболчиларнинг оилавий ҳолати билан ҳам қизиқарди.
- Шахсий талқинингиз бўйича ўзбек футболининг ХХ асрдаги энг яхши 3 нафар футболчиси...
- Бундайлар кўп. Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, кейинги авлод вакилларидан Тўлаган Исоқов, Владимир Фёдоров, Михаил Ан, қолаверса, Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, бугунги кунда Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров... Ҳар бир даврнинг ўз юлдузлари бор. Красницкийнинг кучли зарбаси ҳақида узоқ гапириш, мисоллар келтириш мумкин. Покатилов машғулотдан кейин «Қўлларим зирқираб оғрияпти, Красницкийнинг кучли зарбаларидан сўнг бармоқларим шишиб кетди», деб нолир экан. Биродар Абдураимов ўзига яраша кучли техникага эга бўлган. Иккала футболчини ҳам Москва клублари ўз сафларига чорлашган. Геннадий ажойиб таклифлар бўлишига қарамай, «Пахтакор»дан кетмаган. Эркин ака Абдураимов маълум вақт ЦСКАда ўйнаган, Григорий Федотов клубига аъзо бўлган. Ҳаммага ҳам бундай бахт насиб этавермасди. Федотов клубига кириш катта обрў эди. Олий лига баҳсларида 100та гол уриш осон эмасди, ахир. Ўша пайт 18-20 нафар футболчигина бу клуб аъзосига айланган. Биродар аканинг айтишича, у урган голларини санамаган. Машҳур статистикачи - Есенин Абдураимовнинг голлари сони 80дан ошгани ҳақида мақола ёзганидан кейингина бу ҳақда ўйлай бошлаган экан. Ўзи клуб тарихига эътибор қаратсак, «Пахтакор» асосан ҳужумчилари билан машҳур эди. Ҳар бир даврда ўзига яраша кучли ҳужумчилар ном қозонишган. Бу анъана мана бир неча йилдирки, узилиб қолди. «Пахтакор» ҳатто ўз майдонида ягона ҳужумчи билан ўйнаган пайтлар кузатиляпти. Ҳужумчилар олдинга ўтишдан қўрқишади. Кўп эътибор қаратаман, фақат орқага тўп узатишади. 2-3 ҳимоячи орасидан финт, дриблинг ишлатиб ўтиб кетишга юраклари дов бермайди. Футболимизда аксарият ҳолларда қанотлардан уюштирилаётган бесамар ҳужумларни кўряпмиз. Яхши ҳужумчилар деярли йўқ. Тўпурарлар рўйхатига эътибор қаратсангиз ҳам, буни яққол тушунасиз. Бунга ким айбдор? Албатта, мураббийлар. Айниқса, болалар билан ишлайдиган мутахассислар бу нарсани ўз зиммаларига олишлари керак. Истеъдодлар кўп, фақат уларни ўз вақтида аниқлаб, юзага чиқариш лозим.
Геннадий Красницкий жарима тўпи тепаётганда, «жонли девор»да турган футболчилар «Гена фарзандларимиз бор, бизни ўйламасанг ҳам, уларни ўйлагин», деб айтишар экан. Красницкий дастлаб «Пишевик» клубида тўп сурган. Булоқ топилгани учун «Пишевик» стадионини бузиб ташлашади. Шундан сўнг Геннадий «Пахтакор» футбол мактабига боради. У ерда тажрибали мураббий Сергей Арутюновдан футбол сир-асрорларини ўрганишни давом этади. Ярим йилдан сўнг уни «Пахтакор»нинг асосий таркибига олишади. 17 ёшида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида ўйнай бошлайди. Михаил Ан ҳақида гапирсам, у майдонда диспетчерлик вазифасини бажарарди. Агар Миша майдонга тушмаса, ўйин схемаси умуман ўзгариб кетарди. Чунки жамоа ўйини Ан орқали тузиларди.
- Футболчиларнинг ёшини сунъий равишда кичрайтиришлар ўша пайт ҳам бўлганми?
- Шахсан мен бундай ҳолатни билмайман. Бу нарсага жиддий қараларди. Бугунги кунда кўп эшитиб қоляпмиз, давлат томонидан бериладиган туғилганлик ҳақидаги ҳужжатни қўрқмасдан қалбакилаштиришяпти. Шунинг учун аксарият футболчилар 30 ёшга тўлмай, фаолиятларини якунлашяпти. Ёшни кичрайтирган билан инсоннинг организми ёшариб қолмайди. Барча шароитлар муҳайё этилган даврда яшаётган ёшларга нисбатан талабни кучайтириш керак. Ҳукуматимиз томонидан болалар футболига катта эътибор бериляпти. Қўлга киритилаётган ютуқлар замирида айнан давлатимиз раҳбари олиб бораётган оқилона сиёсат ва ғамхўрлик ётибди.Эътибор берсангиз, дунёнинг ҳеч қайси бир давлатида Ўзбекистондаги каби спорт, хусусан, футболга эътибор қаратилмаяпти. Федерациямиз раҳбари Мираброр Усмоновга ҳам катта раҳмат. Барча ёш тоифасидаги терма жамоалар учун зарур шароитлар яратиб бериляпти. Европанинг кўзга кўринган давлатларида турнир ва йиғинлар ташкил қилинмоқда. Биз ўйнаган пайтлар бунақасини орзу ҳам қилолмасдик. Хуллас, бугунги ёшлар шароит ва тақдим этилаётган имкониятлардан максимал даражада фойдаланишлари шарт. Бу борада замонамиз ёшларига ҳавас қиламан.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).