Россия футболининг янги тарихидаги энг ёрқин юлдузлардан бири Андрей Аршавин «Радио Зенит»нинг «Клуб афсоналари» лойиҳаси доирасида бир соатлик интервью берди. У суҳбат жараёнида бутун ҳаёти ва фаолияти хусусида қизиқарли воқеаларни сўзлаб берди.
Болалик
- Тахминан 7-8 ёшли пайтим тенгдошларим билан ҳовлида «қароқчи казаклар» ўйинига берилардик ёки қувлашмачоқ ўйнардик. Баъзан гаражлар томида юрардик. Биз яшаган Васильевск оролида қудуқни эслатадиган майдон бор эди. У ерда асосан футбол ўйнардик. Ўйинга жиддий қизиқиб қолгач, бўш вақтим қолмади, ҳисоб. Ҳовлида ўйнашга улгурмасдим. Чунки мактабим олисда эди ва уйга кеч қайтардим. Баъзан оқшомда уйимиз атрофида велосипедда сайр қилардим. Катта ёшдаги қўшниларимиз «Андрюша оғир болаликни бошдан кечир-япти», деб ўйлашарди. Бироқ ҳеч қачон ўзимни ишга кўмилиб қолган ҳолатда ҳис қилган эмасман. Мен учун ҳаммаси табиий эди.
«Смена» футбол мактаби
- «Лесная» ва «Плошадь Мужество» метро станциялари оралиғида юз берган автоҳалокат менга катта қийинчиликлар туғдирди. Чунки ерости йўлини бир неча йилга ёпиб қўйишди. Шу сабабли машғулотларга автобусда қатнашга мажбур эдим. Ундан кечикмаслик учун эрталаб соат 6:30да уйғонардим, нонушта қилишга ҳам улгурмасдим. Шоша-пиша автобусга ошиқардим. Бўрону совуқ, изғирин шамолни писанд қилмасдим.
Дўстлари
- Футбол мактабига қатнаб юрган кезлари 6-8 нафар ўртоқ доим бирга юрардик. Барчасини бирга бажарардик. Кўпинча пулимиз бўлмасди. Шу боис, 2та батон ва «Колокольчик» ичимлиги билан кифояланардик. Ҳозир бу салқин ичимликни истеъмолдан олиб ташлашган, чоғи. «Барбариска» ҳам жуда мазали эди. Баъзан метро станциясида қувлашмачоқ ўйнардик. Милиция ходимлари вагонлардан бизни ҳайдаб чиқаришган ҳолатлар кўп бўлган. Болаликка хос ўйинқароқ ҳаётни ҳозир ҳам соғинаман.
Шашка
- Мактабгача пионерлар уйи яқинидаги 38-болалар боғчасига қатнаганман. У ерда бир амаки бизни шашка тўгарагига таклиф қилди. Машғулотлар сокинлик соатида ўтказилишини билгач, тўгаракка ёзилдим. Зеро, кундузи ухлашни умуман ёқтирмасдим. 5-6 ёшли пайтим шашка мусобақасида туманимиз шарафини ҳимоя қилганман. 8 март кунига бағишлаб ўтказилган мусобақада ўзимдан анча кучли рақибларни ортда қолдириб, ҳаётимда илк марта ғолиблик гаштини ҳис этган ҳолда, махсус совға ютганман.
«Смена»даги машғулотлар
- Иккинчи мураббийим - Сергей Гордеевни «42», деб атардик. Чунки оёқлари айнан шу ўлчамда эди. У шу улкан оёқлари билан бизни тез-тез «сийлаб» турарди. Бундай муносабат учун ҳозирда судга бериш мумкин. Лекин ўша пайт бундай қилиш ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Тан олиш керак, мураббий қилмишимизга яраша жазоларди, шу сабабли кимдир эътироз билдирмасди.
Бурчалкин
- Қайсидир мағлубиятимиздан кейин Лев Бурчалкин ўгити хотирамда қолган: «Петровский»га тушган мухлисни сизларнинг бирон-бир яқинингиз вафот этгани ёки бетоб бўлиб қолганингиз қизиқтирмайди. У сермазмун футбол томоша қилиш учун келади. Шундай экан, ҳар қандай вазиятда энг чиройли ўйинни намойиш этишингиз шарт!» Унинг фикрига қўшилмасликнинг иложи йўқ. Чиндан ҳам шундай - мухлиснинг футболчилар ёки жамоа ичидаги муаммолар билан иши йўқ. У ўз жамоасининг мазмунли ўйинини кўриш учун қимматли вақти ва маблағини сарфлайди. Демак, мухлисни ранжитмаслигимиз керак.
«Зенит-2»
- Бу жамоадаги давримни мамнуният билан эслайман. Айниқса, асосий таркиб ўйинчиси Сергей Герасимец сафимизга қўшилганида, ҳужум чизиғимиз кучайиб кетганди. Мен, Сергей ва Акимов олдинги чизиқда тўп сурганмиз. Герасимецнинг ўринбосарлар жамоасига муносабати жуда ёққанди. Қаранг, уни «дубл»га тушириб қўйишганига қарамай, яхши кайфият билан ўйнарди, ҳеч кимдан ёрдамини аямасди.
Болалик орзулари
- Мен БЎСМга қатнаб юрган пайт футболчилик касб саналмасди. Шу сабабли, ўша даврда ўйинчилар «Зенит»да тўп суриш орқали пул топиш мумкинлигини хаёлларига ҳам келтиришмаган. Кейинчалик футболчининг мақоми кескин ўзгарди. Яъни ўйинчилар муносиб ҳақ ола бошладилар. «Зенит»да эмас, бошқа жамоаларда. Тез орада биз керакли пайт зарур жойга келганимиз ойдинлашди. «Зенит» шаҳарнинг энг яхши жамоаси эди. Хуллас, 2та футбол мактабининг энг иқтидорли тарбияланувчилари жамоа-га саралаб олиндилар. Ўша кучлилар сафида мен ҳам бор эдим.
«Зенит»даги илк машғулот
- Ўша оқшом ўйда тунамадим, мобиль телефонлар йўқ эди. Эрталаб чамаси соат 9:00да база яқинида яшайдиган дўстим уйига бордим. Шу пайт онам қўнғироқ қилиб, соат 10:00да машғулотга боришим кераклигини уқтирди. Спорт кийимларим уйда қолганлиги сабабли, биринчи машғулотга кечикмаслик учун анча тер тўкишимга тўғри келди. Айниқса, «венгерочка», деб аталадиган машқни яхши эслаб қолганман: навбатма-навбат 1 киши футболчининг боши, оёғи ва тиззасига тўп ташлаб туради, у эса ерга туширмай, кўпроқ ҳаракат қилишга уринади.
«Зенит»даги дебют
- Илк ўйиним Англияда, Интертото кубоги доирасида «Брэдфорд Сити» клубига қарши беллашувга тўғри келди. Ўшанда жамоа захира ўриндиғида атиги 4 нафар футболчи бор эди - дарвозабон, Вернидуб, мен ва яна бир киши. Агарда мураббий кимнидир алмаштиришга қарор қилса, менинг майдонга тушишим аниқ эди. Қисқаси, Андрей Кобелев жароҳатлангач, унинг ўрнини эгалладим. Майдонга кучли ҳаяжон остида тушган бўлсамда, ўйнашга ҳалақит берувчи эҳтиросларни эслолмайман. Тўғри, жисмоний жиҳатдан кучли зўриқишни ҳис этгандим. Юрий Андреевич Морозов мени чап қанотга туширди. Афтидан, жамоа ўйинини бузиб қўйишимдан чўчиган, чоғи. Якунда Денис Угаров 2та гол урди. Эҳтимол у ўша учрашувда «Зенит»даги энг ёрқин дамларини сарфлаб бўлгандир (кулади). Ҳар ҳолда, ўша ғалаба бизга олам-олам қувонч бахш этганди. Ахир у пайт «Зенит»нинг Англиядан ғалаба билан қайтиши фантастика эди.
Юрий Морозов
- Назаримда, Юрий Андреевич футбол учун яралган. Ўйинларни ўзига хос тарзда тасаввур қилиб, машғулотлар жараёнини миясидаги ғояга мослаштирганди. Унинг машғулотлари вақтида энг илғор услублар қаторида эди. Ўйлашимча, улар ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотмагандек. Морозов яна мураккаб табиатли инсон. Кўпинча қарорларини ўзидан бошқа ҳеч ким тушунмасди. Бироқ у тушунтириб беришни ёқтирмас, фақат сўзсиз бажаришни талаб қиларди.
Петржела
- Менимча, «Зенит» бу мураббий даврида энг ёрқин ўйинларини намо-йиш этган. Кучли «прессинг» қўллашимиз, тез югуришимиз, ҳимоядан ҳужумга зудлик билан ўтишимиз жуда ёқарди. Хуллас, ўйинимиз ажойиб шаклланганди. Таркиб ҳам ғоят кучли эди. Агар Петржела жамоани чемпионликка етаклаганида, камида яна 10 йил Питерда қоларди. Аммо кейинчалик қинғир ишга қўл урди - қандайдир асоссиз харидларни амалга оширди, асосан Чехиядан...
Назорат трубаси (дурбин)
- Ўша давр мураббийга совға бериш одат тусига кирганди. Петржеланинг туғилган куни яқинлашиб қолганди. Биз кийиниш хонасида ўтириб, унга дурбин совға қилишга аҳд қилдик. Чунки мураббий ҳар доим ҳам машғулотларимизни кузатавермасди. Ана шу салбий ҳолатга муносабат ўлароқ, дурбин бердик. Совға ёққан-ёқмаганини билмадиму, лекин уни қабул қилганди.
Адвокаат машғулотлари
- Аввалига жамоамизга Кор Пот келди. У Австриядаги машғулотларни ўта қаттиққўллик билан ўтказганида кўнглимдан «Мана ҳақиқий мураббий!» деган фикр ўтди. Ҳатто бир хил кийинишимиз ҳам муҳим аҳамият касб этарди. Кор Пот бизни тоғларда роса югуртирди. Адвокаат келгач, эса барчамиз енгил тортдик. Машғулотлар анча осон, лекин қизиқарли тус олди. Кейинчалик атиги 40 дақиқа машқ қилишга одатландик.
Ғалаба
- Чемпионлик мавсумининг биринчи ярмида анча қийналдик. Домингес харид қилингач, Адвокаат 4-4-2 тактик схемасини қўллашга уринди. Гап-сўзларга кўра, уни август ойида истеъфога чиқармоқчи эдилар. Лекин раҳбарият футболчилар билан маслаҳатлашиб, яна бир нечта учрашувда устозлик қилишига имконият берди. Ана шундан кейин Адвокаатнинг кайфияти тушиб кетди. Жамоанинг тақдири уни қизиқтирмай қолди, гўё. Шунда илк марта 4-3-3 схемасига таянди. Натижада Домингес таркибдан тушиб қолди. Буни қарангки, шундан кейин ўйинимиз очилиб кетди.
Дик Адвокаат
- У талабчан, айрим жиҳатларда ўжар мураббий. Футболчилар ўзлари учун тушунарсиз талабни қайта тушунтириб беришини сўрашса, ҳеч бундай қилмасди. Айтганларини бажаришни талаб этарди, холос. Унинг қаттиққўллиги, мураккаб вазиятлардан чиқиб кетиши хусусияти таҳсинга лойиқ. Тўғри қарорларни топарди, қаерда жазолаш, қаерда кечиришни яхши биларди. Футболчилар билан уларнинг жамоадаги мавқеларига қараб, муомала қиларди.
Мухлислар
- Стадионда мухлислар футболчига куч-қувват, илҳом бағишлашади. Уларнинг мададларини ҳис этсанг, руҳий жиҳатдан устунликка эришасан. Бундай пайт мураббий кутганидан ҳам чиройлироқ ўйин кўрсата бошлайсан. Буни уддалай олсанг, ол-қишларга кўмиласан. Чунки мухлислар олқишга арзийдиган ҳар қандай серзавқ ҳаракатни эътибордан четда қолдиришмайди. Ўйлашимча, «Зенит» ажойиб мухлислар армиясига эга.
Эҳтирос
- Голландия термасига қарши кечган учрашув - фаолиятимдаги таърифлаб бўлмайдиган эҳтирослар манбаи. Уларни ҳеч қачон унутмайман.
Мамлакатлар футболи
- Англия ва Россия футболидаги фарқ худди ер билан осмон каби. Мен ташкилий масалаларни назарда тутяпман. Афсуски, бу - ҳақиқат. Аввалига Лондондаги шарт-шароитлар мен учун янгилик эди. Бироқ қулайликка мослашиш осон. У ерда барча жиҳатлар - муҳит ҳам, мухлислар учун яратилган шароитлар ҳам, медиа-хизматнинг савияси ҳам, футбол сифати ҳам юксак даражада.
Арсен Венгер
- Венгер нафақат малакали мураббий, балки яна юксак одоб ва чуқур билим соҳиби ҳамдир. У ўз фикрларини аниқ ва равон баён этади. Асосий фазилати шуки, бирданига таркибдан жой ололмайдиган, лекин 1-2 йил ичида албатта, ўзини кўрсатадиган иқтидорни бехато аниқлайди. Шу сабабли ёшларни қўйиб юбормайди. Лекин назаримда, доимий равишда фақат ёшлар билан ишлаш ҳар доим ҳам муваффақият келтиравермайди.
Тарих
- «Энфилд»даги «покер» билан «Арсенал» тарихидан жой олдим, деб ўйлайман. Менимча, яна 10-20 йилдан кейин ҳам лондонликлар «Бизда «Ливерпуль» дарвозасига 4та гол урган рус йигити ўйнаганди», деб эсласалар керак. Sky Sport ҳар куни 24 соат фақат футбол кўрсатади. Агар Руни «дубль» ёки «хет-трик»ка эришса, ўша куни уни бош вазир ёки Англия қироличасидан кўра, кўпроқ намойиш этишади. Футболнинг нуфузи шунчалик баланд.
«Барселона»
- Стоичков ва Ромарио даврида «Барселона» хоҳлаган ишини амалга оширарди. Жамоанинг ўша услуби ҳозир ҳам сақланиб қолган. Ҳа, «Арсенал» сафида «Барса» дарвозасини ишғол этганман. Лекин бу гол етарлича завқ бермади. Сабаби - мен каталонияликлар либосида гол уришни кўпроқ орзу қилганман. Афсуски, бу ҳеч қачон амалга ошмайди.
Китоблар
- Китоб ўқишни унчалик ёқтирмайман. 20 ёшлик давримда оз-моз қизиқиш бор эди. Ҳажми катта бўлмаган асарларни кўриб чиққанман. Айтайлик, «Ревизор»ни. «Уруш ва тинчлик»ни эса охиригача ўқий олмаганман. Булгаковнинг «Уста ва Маргарита»сини 2 марта ўқиб, 2 хил таассурот олганман.
Мақсад
- Кўплар қатори оддийгина ҳаёт кечириш ва кучим етгунча тўп суришни хоҳлайман.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).