Футбол ўйинида турли вазиятлар юзага келади. Жумладан, ҳимоячилар баъзи ҳолатларда тўпни ўз дарвозабонларига бош билан етказадилар. Қандай ҳолатда посбон тўпни қўл билан ушлаши мумкин, қандай пайтда ушлаш ҳуқуқига эга эмас. Иккита мисол орқали шуларни кўриб чиқамиз.
1-мисол. Дастлаб қуйидаги видеони томоша қилинг:
Эътибор берган бўлсангиз, ушбу вазиятда ҳимоячилардан бири тўпни ён чизиқдан жамоадошига улоқтириб берган ва иккинчи футолчи бош билан тўпни дарвозабонга етказган. Посбон эса тўпни қўли билан ушлади. Ҳакам ҳимоячига сариқ карточка кўрсатиб, ушбу жамоа дарвозаси томон эркин зарба белгилади. Хўш, ҳакам тўғри қарор чиқардими?
Ушбу вазиятда ўйинчи томонидан ҳеч қандай қоидабузарлик содир этилмаган. Ўйинчилар ўз дарвозабонларига бош билан узатма беришлари ва посбон тўпни қўл билан ушлаш ҳуқуқига эга, ҳаттоки, биз кўриб чиқаётганган вазиятда содир бўлганидек, тўп аввал аутдан отиб берилган бўлса-да (тўп ён чизиқдан тўғридан-тўғри дарвозабонга улоқтириб берилса ҳам посбон уни ушлаш ҳуқуқига эга). Ушбу вазиятда футболчи тўпни дарвозабонга етказишдан олдин ўйин Қоидаларини четлаб ўтиш учун ҳеч қандай найранг ишлатмаган.
Бизнинг хулосамизга кўра, бу ерда ҳеч қандай қоидабузарлик йўқ ва ўйин давом эттирилиши керак эди.
2-мисол. Қуйида бошқа вазиятни кўриб чиқамиз. Унда ҳимоячи хийла ишлатган. Футболчи тўпни дарвозабонга етказишдан олдин, уни оёғи билан юқорига кўтариб, сўнгра бош билан ўз дарвозабонига узатди.
Бизнинг хулоса. Бу вазиятда ўйин тўхтатилиши ва эркин зарба белгиланиши керак. Эркин зарба ҳимоячи тўпни бош билан посбонга етказган жойдан белгиланиши керак. Боиси, қоидани дарвозабон эмас, ҳимоячи бузмоқда. Шунингдек, футболчига спортга хос бўлмаган хатти-ҳаракати учун сариқ карточка кўрсатилиши лозим.