Футбол - фақат хурсандчиликдан иборат спорт тури эмас, балки унинг ўзига яраша қайғули томонлари ҳам бор. Миллионлар ўйинидаги энг даҳшатли ҳолат эса футболчиларнинг фаолиятлари якунланиши ва ҳаттоки, ҳаёт билан видолашишларига сабаб бўладиган оғир жароҳатлардир. "Интерфутбол" газетаси футбол тарихида шу пайтгача юз берган 10та шундай жароҳатлар тўғрисида тўхталди.
Эвальд Линен (1981 йил)
Германиянинг «Боруссия» (Менхенгладбах) клуби ярим ҳимоячиси Эвальд Линен футбол тарихидаги энг даҳшатли жароҳатлардан бирини олди. У «Вердер»га қарши кечган ўйинда Норберт Зигманнинг бутсасидан жароҳатланди. Зарба кучлилигидан, ҳаттоки, футболчининг оёғида кенглиги 25 сантиметрга тенг келадиган яра пайдо бўлди. Эвальднинг ярасини 23 чок тикишди. Бироқ у ҳайратланарли даражада ирода кўрсатиб, орадан 3 ҳафта ўтар-ўтмас, машғулотларда қатнашишни бошлади.
Патрик Баттистон (1982)
1982 йилги жаҳон чемпионатининг ярим финалида, Франция терма жамоаси ҳимоячиси Патрик Баттистон ГФР термаси дарвозабони Харальд Шумахер билан яккама - якка вазиятда қолиб, зарба йўллади. Бироқ унинг зарбаси ноаниқ бўлишидан ташқари, тўпга югуриб чиққан дарвозабон Шумахер Баттистоннинг бошига бориб урилди. Оқибатда Патрик ҳушини йўқотиб, комага тушди. Уни тезлик билан шифохонага ётқизишди. Шифокорлар футболчининг бўйин умуртқаси синганлиги, тишларидан ажралганлиги ва жағидан ҳам жароҳат олганлигини қайд этишди. Патрик орадан 6 ой ўтиб, яна машғулотларга киришди. Икки йилдан сўнг эса Франция термаси таркибида Европа чемпионлигини қўлга киритди.
Хосе Марин (1986)
1986 йилнинг декабрь ойида, Испаниянинг «Малага» клуби дарвозабони Хосе Марин «Сельта» ҳужумчиси Мария Бальтазар билан тўқнашиб кетди. Ушбу тўқнашувдан сўнг, Маринни шифохонада операция қилишди, бироқ бунинг фойдаси бўлмади - кипер бир неча ҳафта давомида комада ётди ва ўзига келмай, вафот этди.
Юрий Тишков (1993)
Россия кубогининг 1|16 финали доирасидаги, 1993 йилнинг 5 июлида бўлиб ўтган «Виктор - Авангард» - «Динамо» (Москва) учрашувининг 13-дақиқасида мезбонлар ҳимоячиси Сергей Бодак, москваликлар ҳужумчиси Юрий Тишковдан тўпни олиб қўйиш мақсадида, икки оёғи билан Тишковнинг орқасидан бориб ташланди. Натижада Юрийнинг оёғидаги суяги чиқиб, осилиб қолди. Ушбу мудҳиш жароҳат Тишковнинг футболчилик фаолиятига салбий таъсир кўрсатди. Унинг қўлида «Аталанта»дан тушган ажойиб таклиф бор ва термадаги келажаги порлоқ ҳисобланарди. Афсуски, Бодак томонидан етказилган жароҳат сабабли, у узоқ муддатга сафдан чиқишга мажбур бўлди. Жароҳатидан фориғ бўлганидан кейин эса, олдинги формасини тиклай олмай, футболчилик фаолиятини эрта якунлашга мажбур бўлди.
Дэвид Басст (1996)
Англия футболи тарихидаги энг даҳшатли жароҳат - 1996 йилнинг 8 апрелида, «Ковентри» ва «Манчестер Юнайтед» клублари ўртасидаги ўйинда юз берди. Манкунианларнинг дарвозасига бурчак тўпи узатилишидан сўнг, ҳужумчиларга ёрдамга етиб келган мезбонлар ҳимоячиси Дэвид Басст дарвозанинг узоқ бурчагини нишонга олиш учун тўпга ташланди ва «МЮ»даги икки амплуадоши - Ирвин ва Макклейрлар билан тўқнашиб кетди. Натижада Басстнинг катта ва кичик болдир суяклари синиб, ўнг оёғи қўрқинчли кўриниш олиб, кўплаб қон оқди ҳамда суяги осилиб қолди. Учрашув 12 дақиқага тўхтатилиб, майдон Дэвиднинг қонидан тозаланди. Басст фаолиятидаги энг оғир жароҳатдан фориғ бўлди. Лекин унинг асорати футболчилик фаолиятини эрта якунлашига сабаб бўлди.
Люк Нилис (2000)
2000 йилнинг сентябрида «Астон Вилла» ва «Ипсвич» ўртасидаги баҳснинг 4-дақиқасида бельгиялик ҳужумчи Люк Нилис, рақиб дарвозабони Ричард Райт билан тўқнашиб кетди. Ушбу тўқнашув натижасида Нилиснинг тиззасининг икки жойи синди. Люк майдонни замбилда тарк этди. Нилиснинг оёққа туриши жуда секин кечди. Оқибатда 33 ёшли ажойиб форвард оғир қарор қабул қилиб, фаолиятини якунлашини таъкидлади.
Сергей Перхун (2001)
2001 йилнинг августида, Россия чемпионатининг навбатдаги учрашувларидан бирида ҳақиқий фожиа юз берди. ЦСКАнинг ёш ва қобилиятли кипери Сергей Перхун, жон-жаҳди билан тўпга ташланиб, «Анжи» ҳужумчиси Будун Будунов билан тўқнашиб кетди. Олдинига дарвозабонга ҳеч нима бўлмагандек туюлганди. Бироқ орадан бироз фурсат ўтиб, Сергей комага тушди. Махачқалъада ҳам, Перхун бир неча кундан кейин етказиб келинган Москвадаги шифохонада ҳам Сергейнинг тузалишига умид қилишди. Аммо Перхун бош миясининг шишганлиги натижасида 28 августда вафот этди.
Жибриль Сиссе (2006)
Франциялик ҳужумчи Жибриль Сиссе, 2006 йилги жаҳон чемпионатидан олдин терма жамоасининг Хитой термасига қарши ўтказилган ўртоқлик баҳсининг 10-дақиқасидаёқ, рақиб жамоа сардори Чжен Чжи билан бўлган яккакурашда оёғи синиб, жароҳат олди. Сиссе ўнг қанот бўйлаб тезликни оширганида, ёнида югурган Чжи беихтиёр форварднинг оёқларига ташланди. Оёғи қайрилиб кетган франциялик футболчи оғриққа чидамай, қичқириб юборди. Шифокорлар уни тезлик билан майдондан олиб чиқдилар. Жибриль ярим йилдан сўнг майдонга қайтди.
Франческо Тотти (2006)
2006 йилнинг февралида «Рома» сардори Франческо Тоттининг «Эмполи»га қарши кечган ўйинда олган жароҳати, мундиалда ўйнаши ва жаҳон чемпиони бўлиши учун халақит беришига сал қолди. «Бўрилар» етакчиси рақиб ҳимоячиси билан тўқнашувда майдонга ноқулай тарзда йиқилди. Натижада тўпиғи қайрилиб, кичик болдир суяги синди ва пайи ҳам жароҳатланиб, зудлик билан жарроҳлик столига жўнатилди. Тоттининг тез оёққа туришига шошилинч жарроҳлик амалиёти ёрдам берди. Бироқ чап оёғининг муаммоси ҳанузгача ўз таъсирини кўрсатади.
Эдуардо да Силва (2008)
«Арсенал»нинг хорватиялик ҳужумчиси Эдуардо да Силва «Бирмингем» билан бўлган ўйинда оғир жароҳатланди. Унга қарши рақиб футболчиси Мартин Тэйлор жуда қўпол ўйнаб, оёғи билан тўғри ҳужумчининг болдирига тепди. Оқибатда унинг тўпиғи осилиб қолди. Англиядаги бир қатор телеканаллар телетомошабинларнинг асабларини қўзғатмаслик учун мазкур лавҳани такроран намойиш этишдан бош тортдилар. Бир йил ўтиб, Эдуардо майдонга қайтди. Аммо аввалги формасини тиклай олмади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).