Қитъамиз футболининг бош ташкилоти - ОФК тизимида фаолият юритиб келаётган ҳамюртимиз Аваз Бердиқулов ҳақида эшитгансиз, албатта. "Интерфутбол" газетасининг 40(1248)-сонида ҳукмингизга шу мутахассисимиз билан уюштирилган суҳбатнинг биринчи қисмини ҳавола этгандик. Эслатиш жоиз, Бердиқулов бугунги кунда ОФК Мусобақаларни ўтказиш бўлимининг терма жамоалар билан ишлаш бўғини бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда. Қуйида Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида яшаб, шу ерда жойлашган ОФК бош штаб-квартирасида ишлаётган юртдошимиз билан суҳбатимизнинг иккинчи қисмини ўқишингиз мумкин.
- 2015 йилги мавсум давомида ОФК томонидан қитъа футболи ривожи йўлида қандай янгилик ёки ислоҳотларни амалга ошириш режалаштирилган?
-Энг катта янгилик - бу Осиё ва жаҳон чемпионати саралаш баҳсларининг бирлаштирилгани. Яъни дастлабки босқичда Осиё ва жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари яхлит ҳолда ўтказилади. Шахсан мен бу ўзгаришни ижобий баҳолайман, чунки жамоалар аввалгидек биринчи, иккинчи ёки учинчи босқичда мағлубиятга учраб, мусобақани тарк этишса ҳам, ўйинларсиз қолишмайди. Бу ўз ўрнида Осиё футболи тараққиётига ижобий таъсир қилади. Гуруҳларга эътибор қаратсак, уларда турли савиядаги жамоалар жойлашган. Масалан, Япония термаси Камбоджа, Жанубий Корея термаси эса Лаос билан бир гуруҳга тушди. Бу ўйинлар табиийки, Камбоджа ва лаослик мухлислар учун катта совға. Эътибор беринг, Камбоджа ҳам, Лаос ҳам ўтган галги жаҳон чемпионатининг илк саралаш босқичидаёқ мағлубиятга учраб, мусобақани тарк этганди. Бу жамоалар кейинги 3 йил давомида бошқа бундай катта мусобақада қатнашмадилар. Эндиги формулага асосан эса, бу икки жамоа гуруҳда 8та учрашув ўтказади. Ўйинлардан тенг ярми ўз майдонида. Қолаверса, сафарда ўйнаш мазаси ҳам татиб кўради. Қитъамизнинг амалдаги чемпиони Австралия термаси Қирғизистон, Тожикистон ва Бангладешга сафар қилади, рақиблар қанчалик кучсиз туюлмасин, мана кўрасизлар, роса қизиқарли ўйинларга гувоҳ бўламиз. Янги тизим футболчилар тажрибасини ошишига ҳам ёрдам беради. Айтайлик, Қирғизистон ва Тожикистон термалари кучли рақиб билан ўйнаш тажрибасини оширишса, австралияликлар сафар қийинчиликлари қандай бўлишини бошдан ўтказишади.
Конфедерациямиз томонидан амалга оширилган яна бир янгилик - бу «Чақирув кубоги»нинг тўхтатилгани. Терма жамоаларни икки табақага ажратиш учун жорий қилинган ва бир неча йилдан бери ўтказиб келинаётган «Чақирув кубоги»дан воз кечилгани ҳам тўғри, менимча. Бундан буён конфедерациямизга аъзо барча терма жамоаларга тенг имконият бермоқчимиз. Янги тизимни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган мутахассис сифатида бу ўзгаришни ижобий баҳолайман. Умуман, сўнгги йилларда ОФКда бундай кўламда ўзгариш кузатилмаганди.
- ОФК йил лауреатларини аниқлаш тартиби хусусида ҳам маълумот берсангиз. Зеро, бу масала мухлислар учун жуда қизиқ...
- ОФК байроғи остида ўтказиладиган ҳар бир ўйиндан сўнг комиссар томонидан унинг энг яхши футболчиси аниқланади. Натижалар йил давомида йиғиб борилади. Ўйинларда энг кўп эътироф этилган футболчилар йил охирида лауреатликка номзод сифатида кўрсатиладилар. Бизда футболчиларнинг шу кўрсаткичларини ҳисоблаб борадиган махсус ишчи-гуруҳи бор. Масалан, Сервер Жепаров Осиёнинг энг яхши футболчиси бўлган йилларда ҳам клуби, ҳам терма жамоада ёрқин ўйин намойиш этган. Кўплаб учрашувларда энг яхши футболчи сифатида эътироф этилган ва якунда ҳақли равишда йил лауреати, деб топилган. Техник гуруҳ комиссар хулосаси билан чекланиб қолмасдан, ҳар бир расмий ўйин видеоёзувини қайта кўриб чиқади. Яъни комиссарнинг танлови қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигини баҳолайди. Бу жараён йил давомида ОФК расмий сайтида ҳам ёритиб борилади.
- Ўзбекистоннинг ОФК миқёсидаги нуфузлироқ мусобақа мезбонлигини олиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Бу ўринда Осиё кубогини назарда тутаётган бўлсангиз, навбатдаги чемпионат 2019 йили БААда ўтказилади. Шу йил март ойида ОФК қитъа чемпионати мезбонлик ҳуқуқини расман БААга топширди. Айни пайт ОФК БАА футбол федерацияси билан ҳамкорликда бўлажак мусобақага тайёргарликни бошлаб юборди. 2019 йилги Осиё кубогига боғлиқ бир қатор ўзгаришларга қўл урилди. Биринчи навбатда, иштирокчиларнинг сони 8тага кўпайганини айтиш керак. Бунгача Осиё чемпионатлари финал босқичида 16та терма жамоа қатнашган бўлса, ОК-2019дан бошлаб, иштирокчилар сони 24тага ошади. Бу 4та жамоадан иборат 6та гуруҳ демакдир. Энди мусобақа учун Австралиядагидек 5та эмас, камида 7та стадион керак. Меҳмонхоналар ва машғулот майдончаларига нисбатан талаб ҳам ўзгаради. Шу боисдан, тайёргарлик ҳозирданоқ бошланди.
Энди юртимизнинг нуфузли мусобақага мезбонлик қилиш имкониятларига келсак, навбатдаги Осиё кубогига бемалол ариза бериш мумкин. Мусобақа талаблари билан танишиб чиқиб, 2023 йилгача стадионларни ҳам, меҳмонхоналарни ҳам, инфратузилмани ҳам тайёрласа бўлади. Фақат бунинг учун жиддий қизиқиш керак. ОФК ҳали навбатдаги мусобақа учун танлов эълон қилгани йўқ, бу жараённи шу ойнинг охирларида бошламоқчимиз. ОФКга аъзо барча давлатларга Осиё кубоги-2023га мезбонлик қилиш таклифи бўйича сўровнома жўнатганимиздан кейин йил охиригача жавобларни тўплаймиз. Кейин улар асосида даъвогар мамлакатлар билан музокаралар бошланади ва 2018 йили навбатдаги ОК мезбони аниқланади. Айни пайт Ўзбекистонда футзал бўйича Осиё чемпионатига тайёргарлик ишлари кетмоқда. Бу ҳам жуда муҳим мусобақа. ОФКда футзал катта нуфузга эга, боз устига, Тошкентда ўтадиган мусобақада жаҳон чемпионати йўлланмалари тақдири ҳал қилинади. Бўлажак мусобақанинг юқори савияда ўтишига ОФК заррача шубҳа қилмаяпти. Чунки Тошкент бундан аввал ҳам икки бор футзал бўйича Осиё чемпионати мезбонлик қилган.
- Олимпиада саралаш босқичи тизимига ҳам ўзгартириш киритилди. Шахсан сиз буни қандай қабул қилдингиз?
- Ҳа, буёғига 23 ёшгача бўлган терма жамоалар ўртасида ҳам алоҳида чемпионат ўтказилади. Ушбу биринчилик бевосита Олимпиадага саралаш вазифасини ўтаб беради. Келаси йилнинг январь ойида Қатарда U-23 тоифасидаги чемпионатнинг финал босқичи бўлиб ўтади. Учрашувлар 4та стадионда ташкил этилади. «Лаҳвия», «Ал-Садд», «Ал-Араби» ва «Қатар СК» клубларига қарашли ареналар Осиё чемпионати ўйинлари учун танланган. 12-30 январь кунлари оралиғида ўтказиладиган Осиё чемпионатида юқори тўртликдан жой олган терма жамоалар Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қиладиган ёзги олимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланма олишади. Бунгача миллий жамоалар мусобақасидан ташқари, 16 ва 19 ёшлилар ўртасида қитъа чемпионати ташкил этиларди. 16 ва 19 ёшлилар ҳар 2 йилда ўйнашларини ҳисобга олиб, 23 ёшли футболчилар учун ҳам доимий чемпионат ташкил қилиш лозим топилди. Қисқаси, ОФК ҳар 4 йилда ўтадиган олимпия саралаш ўйинларини U-23 мусобақасига алмаштирди. Бошида бу мусобақа U-22 тоифасида ўтказилди. Уммондаги илк турнир якунлангач, ОФК футболчилар ёшини 23га ошириб, бунга янада катта эътибор қарата бошлади. Энди футболчилар учун 19 ёшлилар мусобақаси ва миллий жамоа ўртасида узилиш йўқ. Бошқача айтганда, футболчилар ёшлар термасидан миллий жамоага ўтиш оралиғида U-23 тоифасидаги чемпионатда ҳам тажриба орттиришади. Яқинда Қатарда бўлиб қайтдик. Ишчи-гуруҳимиз мамлакат футбол федерациясининг бўлажак чемпионатга олиб бораётган тайёргарлиги билан танишди.Қатарда 2011 йилда миллий жамоалар ўртасидаги Осиё кубоги юқори савияда ўтказилганди. Ўйлайманки, U-23 тоифасидаги қитъа чемпионатида ҳам бу борада ҳеч қандай муаммо сезилмайди.
- Энди шахсий ҳаётингизга озгина тўхталсангиз: Малайзияда турмуш тарзингиз қандай кечяпти? Ҳарқалай, урф-одатлар бошқача...
- 2008 йили ОФКда расман иш бошлаганимдан сўнг оилам билан Куала-Лумпурга кўчиб келдим. Малайзия дунёдаги кўзга кўринган сайёҳлик мамлакати, шунинг учунми, бу ерда чет элликларга муносабат аъло даражада. Ҳамма малай тили қатори, инглизчада ҳам бемалол гапиради. Қисқаси, тил масаласида ҳеч қандай муаммо йўқ. Фарзандларим шу ердаги мактабда таҳсил олишяпти. ОФК яшаш учун барча шароитларни яратиб берган. Нолишга ҳеч қандай сабаб йўқ. 7 йилдан буён шу ерда яшаяпман. Шундай экан, Малайзияга тўла кўникиб улгурдим.
- Янги мавсумда Малайзия чемпионатида тўп сурадиган футболчиларимиз сони кўпайди. Нима деб ўйлайсиз, Малайзия биринчилиги савияси шунчалик баландми ёки футболчиларимиз фақат пул топиш учун шундай йўл тутишяпти?
- Малайзия чемпионати унча кучли эмас. Айтайлик, бизнинг футболимиз Малайзияникидан анча юқорида. Шунинг учун ҳам, футболчиларимиз бу ерда бемалол ўйнаб кетишяпти. Натижада Малайзия клубларининг ўйинчиларимизга қизиқишлари ортиб бормоқда. Балки ишонмассиз, Малайзия чемпионатининг устунлиги шуки, бу ерда ички ўйинларга қизиқиш жуда катта. Муносабат ҳам шунга яраша. Стадионга ташриф буюрадиган ишқибозлар сони фикримга исбот бўлади. Баъзи ўйинларда стадионда бўш ўриндиқ қолмайди. Марказий ўйинлар, кубок финалига 60-70 минг мухлис тушади. Бир шаҳардан иккинчисига бориб, ўйинларни томоша қилаётган мухлислар сони ҳам кўп. Табиийки, мухлисларнинг бу қадар қизиқиши ҳомийлар эътиборини тортади. Ҳомийлар эса ўз-ўзидан футболнинг ҳар томонлама ўсишига ёрдам беришади. Яқин-яқингача Малайзияда легионерларнинг ўйнашларига рухсат берилмасди. Ҳаттоки, Малайзия клублари ОФК кубогида ҳам легионерларсиз иштирок этишарди. Лекин дунё тажрибаси билан ҳамнафас бўлишни мақсад қилган Малайзия футбол федерацияси легионерларга нисбатан тақиқни олиб ташлади. Натижада маҳаллий клубларда хорижликлар қатори ўзбекистонлик футболчилар ҳам пайдо бўлишяпти.
- Австралияда ўтказилган Осиё кубоги-2015 шахсан сизда қандай таассурот қолдирди? Ўзбекистон миллий жамоаси иштироки-чи?
- Жавобимни саволнинг иккинчи қисмидан бошлайман. Гарчи кутилган натижага эришмаган бўлсакда, Ўзбекистон термаси чиройли футбол намойиш этди. Минимум вазифа бажарилди. Гуруҳдан чиқолмаганимизда, салбий баҳо берардик, албатта. Лекин «плей-офф»га ўтдикми, демак, муваффақиятсиз иштирок этмадик. Ж. Корея термаси билан баҳсда ҳам футболчиларимиз яхши ўйнашди. Имкониятлар етарлича бўлди. Агар бироз омадимиз чопганида, корейсларни мағлуб этиб, ярим финалга чиқардик. Терма жамоамиз ўзгача иқлим ва бошқа вақт тизимидаги давлатда ўйнаганини инобатга олиш керак. Бизнинг мағлубиятга учратган рақиблар - Ж. Корея ва Хитой термалари эса Австралия иқлими ва вақт тизимига нисбатан яқинроқ. Шу нарса ҳам менимча, якуний натижага таъсир кўрсатди. Жамоамизнинг 4та ўйинини ҳам стадионда томоша қилдим. Термамиз аъзолари билан суҳбатлашдим, менга жамоамиздаги аҳиллик, мураббийларимиз яратган муҳит ёқди. Энди бевосита Осиё кубогининг ўзига келсак, ТВ орқали ўйинларни томоша қилган мухлисларга қитъа чемпионати жуда чиройли кўрингани аниқ. Телевизорда фақат футболни кўриш мумкин ва футбол жуда чиройли бўлди - бунга шубҳа йўқ. Стадионлар томошабинлар билан тўлди. Ўйинлар ва стадиондаги муҳит телекамералар телевизор қаршисидаги мухлислар учун чиройли ва сифатли маҳсулот сифатида етказиб берилди. Лекин ташкилий ишлар борасида баъзан-баъзан қийинчиликларга рўбарў келдик. Австралия кўплаб мусобақаларни қабул қилган бўлсада, футбол турнирига илк марта мезбонлик вазифасини ўтади. Бу борада тажрибаси йўқлиги билинди. Лекин австралияликларнинг ўз ишларига профессионал тарзда ёндашишлари охир-оқибат, Осиё кубоги муваффақиятини таъминлади. Тўғри, 4 йил аввал Қатарда ўтказилган Осиё чемпионати билан бу галгисини таққослаб бўлмайди. Ўшанда барча гуруҳ ўйинлари битта шаҳар - Дохада ўтганди. Бу ҳамма учун қулай. Австралияда эса ўйинлар 5та шаҳарга берилди. Қолаверса, жамоалар гуруҳнинг 3та ўйинини 3та шаҳарда ўтказишди. Самолётда учишлар... Буларнинг ҳаммаси катта тайёргарлик талаб қилди. Умумий олганда, ОФК Австралия-2015га юқори баҳо берди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).