«Астон Вилла» бош мураббийи Унаи Эмери Европа лигасидаги ғалабалари ҳақида гапирди.
Испаниялик мутахассис фаолияти давомида 4 бор Европа лигаси бош совринини қўлга киритган — уч марта «Севилья» ва бир марта «Вильярреал» билан. Чоршанба куни «Астон Вилла» мусобақанинг жорий мавсумдаги финалида «Фрайбург»га қарши майдонга тушади. Бу Эмери учун Европа лигаси фаолиятидаги олтинчи финал бўлади.
— Европа лигаси билан муносабатларингиз қандай?
— Бу турнир мен учун жуда катта аҳамиятга эга. Энг аввало, Европа футболига ва айниқса, мен меҳнат қилган клубларга бўлган миннатдорчилик туйғуси туфайли. «Валенсия» билан мен ҳали УЕФА Кубоги деб аталадиган даврлардаёқ ишни бошлагандим: у ерда икки марта чорак финал ва бир марта ярим финалгача етиб бордик. «Севилья»да эса Европа лигаси клуб ва мухлислар учун нақадар муҳимлигини англаб етдим. Айнан улар менга мана шу курашувчанлик руҳини сингдиришди ва биз биргаликда уч бор турнирда зафар қучдик.
— «Вильярреал» билан Европа лигасида ғолиб чиқиш қандай бўлган эди?
— Ўшанда «Манчестер Юнайтед»га қарши кечган финалдаги ғалаба ажойиб воқелик эди, чунки ўша пайтда «Юнайтед» ўз тарихидаги энг кучли таркиблардан бирига эга эди. Аммо мен мағлубиятлардан ҳам кўп нарса ўргандим — масалан, «Арсенал» билан «Челси»га қарши бой берилган финалда. Бу ҳаяжонлар ва тажрибалар менга нафақат Европа лигасида, балки Конференциялар лигаси ва Чемпионлар лигасида ҳам ўсишимга ёрдам берди.
— «Астон Вилла» билан Европа лигаси финалига чиқиш қандай туйғуларни тақдим этмоқда?
— Бу бизнинг ривожланишимиздаги навбатдаги қадамдир. Биз Конференциялар лигасидан Чемпионлар лигасигача бўлган йўлни босиб ўтдик, ЕЧЛда «ПСЖ»га қарши чорак финалгача етиб бордик, мана энди эса Европа лигаси финалида ўйнаяпмиз. Буларнинг барчаси босиб ўтилган йўлимиз натижасидир. «Астон Вилла» учун бу жуда кўп нарсани англатади: нуфуз, клубнинг Европа саҳнасига қайтиши, ушбу жамоа бундан бир неча ўн йиллар олдин Европа чемпионлари кубогини ютганини эслатиб қўйиш ҳамда яна йирик Европа бренди сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш имкониятидир.
— «Унаи методи» ортида нима ётибди?
— Муваффақият — бу қандайдир салмоқли ишни амалга ошириш ва вақт ўтиши билан уни такрорлай олишдир. Менинг ҳолатимда ҳаммаси футболга бўлган иштиёқимдан бошланади — бу менинг ҳаёт тарзим. Мен рақобатлашишни ва ғалаба қозонишни хоҳлайман. Шу мақсад йўлида бор вақтимни ишимга, рақибларни таҳлил қилишга, ўз жамоамни ўрганишга ва тинимсиз ривожланишга бағишлайман. Ҳақиқий метод айнан мана шундан иборат, — деди Эмери.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).