Филиппин футбол федерацияси (ФФФ) терма жамоанинг ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасида Ўзбекистонга қарши ўйинига чипталарни сотувга чиқарди.
ФФФ ўзининг расмий сайти орқали мухлисларга мурожаат қилиб, Ўзбекистон билан ўйинда мухлисларни стадионга чорлади ва терма жамоани қўллаб-қувватлашга чақирди. Ўйин 8 сентябрь куни Буликан шаҳридаги "Филиппин спорт стадиони"да бўлиб ўтади. Баҳс маҳаллий вақт билан 20:00 (Тошкент вақти билан 17:00)да бошланади.
Филиппин - Ўзбекистон ўйинига чипталар 3 доллар, 7,5 доллар ва 12 доллар баҳосида сотилмоқда. Чипталар ҳозирча Ticketworld интернет магазини орқали сотувга чиқарилди. Шунингдек, ўйин куни стадион атрофида ҳам чипталарни харид қилиш мумкин бўлади.
"Азкалс" (Филиппин терма жамоаси лақаби) саралашнинг "Н" гуруҳида иштирок этяпти. Улар дастлабки иккита турда Баҳрайн (2:1) ва Яман (2:0) термаларини мағлуб этишди. Ўзбекистон эса дастлабки ўйинда КХДР меҳмони бўлиб, 2:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Самвел Бабаян бошчилигидаги жамоа Филиппинга йўл олишдан аввал 3 сентябрь куни Яманни Тошкентда қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2018 ва Осиё кубоги-2019 қўшма саралаш босқичи 8та гуруҳда давом этмоқда. Гуруҳ ғолиблари ва энг яхши кўрсаткичга эга бўлган 4та 2-ўрин эгаси қитъа чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш билан бирга, ЖЧ-2018 саралашида ўз иштирокини давом эттиради.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).