Филиппин терма жамоаси сардори — Фил Янгҳазбенд Жаҳон чемпионати саралашининг кейинги ўйинлари ҳақида, хусусан Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақида “Philstar” нашрихабар бермоқда.
“H” гуруҳида ўтказилган икки турдан кейин Филиппин терма жамоаси Шимолий Корея билан бир хил — 6 очко тўплаган ҳолда иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
“Ўзбекистонга қарши биз Бахрайн ва Яманга қарши кўрсатганимиздан кўра кучлироқ ўйин намойиш этишимиз керак бўлади”, дейди Англиянинг “Челси” клуби академияси тарбияланувчиси.
“Ўзбекистон терма жамоаси ташриф буюрар экан, аниқки, бу жуда юқори даражадаги ўйин бўлади. Шунинг учун ҳаммамиз янада яхшироқ ўйнашимиз кераклигини билиб турибмиз. Бироқ, менимча, бизнинг жамоада рақибимиз таркибидаги футболчиларга қарши муносиб ўйин кўрсата оладиган футболчилар етарли”, дея ўз фикрини якунлади “Loyola Meralco Sparks” клубида фаолият олиб бораётган ва у ерда ўтказган 50 ўйинида 56та гол урган ҳужумчи.
Таъкидлаш жоизки, Фил Янгҳазбенд Филиппин терма жамоасининг ҳужум чизиғидаги энг яхши футболчиси ҳисобланади. У шу вақтга қадар мамлакат асосий жамоаси сафида 70 ўйинда майдонга тушиб, 42 бор рақиблар дарвозасини ишғол эта олган.
Эслатиб ўтамиз, Филиппин аввалги икки турда Бахрайнни 2:1 ва Яманни 2:0 ҳисобида мағлуб этган.
Ўзбекистон терма жамоасининг Филиппинга қарши сафардаги ўйини 8 сентябрь куни бўлиб ўтади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).