Яман миллий терма жамоаси ФИФА томонидан жазога тортилди. Терма жамоанинг ЖЧ-2018 саралашининг 2-босқичи доирасида КХДРга қарши бўлиб ўтган ўйинида 0:3 ҳисобидаги техник мағлубият ёзилди. Хабарингиз бор, ушбу баҳсда шимолий кореяликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди.
Гап шундаки, Яман терма жамоаси ЖЧ-2018 саралашининг илк босқичида Покистон билан баҳслашган ва иккита ўйин натижасига кўра (3:1, 0:0) кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритганди. Яманлик Мунир Абдулроби Али ал-Радоий Покистон билан бўлиб ўтган ҳар иккала ўйинда биттадан сариқ карточка олган. Демак, у КХДР билан ўйинни ўтказиб юбориши керак эди. Аммо у 11 июнь кунги баҳсни асосий таркибда бошлади. Эътиборли томони, мазкур ўйинда ҳам сариқ карточка олган.
Ар-Радоий 3 сентябрь куни Ўзбекистон билан ўйинда майдонга тушмайди.
ФИФАнинг қароридан кейин КХДР тўплар нисбатини яхшилаб олди. Энди кореяликлар 6 очко жамғарган ҳолда, 7-2 кўринишидаги тўплар фарқига эга бўлиб туришибди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).