«Манчестер Юнайтед» матбуот хизмати «Реал»нинг баёнотига нисбатан ўз муносабатини билдирди ва дарвозабон Давид Де Хеанинг Мадридга кўчиб ўтиши нима учун амалга ошмаганига ўз изоҳини бериб ўтди.
«Манчестер Юнайтед» Де Хеани сотиш учун «Реал» билан боғланишга ҳаракат қилгани йўқ. Давид – жамоанинг муҳим ўйинчиси, клуб уни сотишни мақсадга мувофиқ деб ҳисобламади. Кечаги кунгача биз Давиднинг трансфери бўйича бирорта ҳам таклиф олганимиз йўқ.
Туш пайтида «Реал» илк таклифини билдирди. Клублар трансфер борасида бир тўхтамга келишди ва унга кўра Кейлор Навас «Олд Траффорд»га кўчиб ўтиши лозим эди. Шартнома имзоланиши ҳар икки томонга боғлиқ эди.
Сўнгги бир неча соат ичида, Навас ҳали "Реал" базасида бўлиб турганида, мадридликлар Де Хеанинг ҳужжатлари билан боғлиқ вазиятни назорат қилишди. «Манчестер Юнайтед» эса ҳужжатларнинг фақат «Манчестер Юнайтед»га тегишли қисмини назорат қилди.
Британия вақти билан соат 20.42да «МЮ» икки футболчига тегишли ҳужжатларни «Реал»га юборди. 22.32да эса «Реал» ҳужжатларни Давид имзо чеккан вароғисиз бизга қайта юборди.
Британия вақти билан соат 22.40да, трансфер вақти тугашига бир неча дақиқа қолганида, «Манчестер Юнайтед» жиддий ўзгаришлар киритилган ҳужжатларни қабул қилди. Бу эса трансфернинг бузилишини хавф остига қўйди. Фақат 22.55да Де Хеа билан шартномани бекор қилиш бўйича ҳужжатлар «Реал»дан келди.
Бу вақтда Навас бўйича ҳужжатлар бизга қайтарилмаганди.
Британия вақти билан соат 22.58да (яъни трансфер муддати тугашига 2 дақиқа қолганида) биз трансфер ҳужжатларини ФИФАнинг TMS тизими орқали юбордик.
Трансфер нима учун амалга ошмаганини тушунамиз:
– «Реал» Де Хеанинг ҳужжатларини ўз вақтида ФИФАнинг TMS тизимига юбормади. «Манчестер Юнайтед» эса буни амалга оширди.
– «Реал» Давиднинг ҳужжатларини Ла Лигага ўз вақтида юбормади. Маълумотларга қараганда, улар бу ишни 28 дақиқага кечикиб амалга оширишган.
Шу нарса аниқки, «МЮ» барча ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштирди. Буни Англия футбол ассоциацияси ҳам тасдиқлайди. Ташкилот вазиятга ойдинлик киритиш учун ўз ёрдамини ФИФАга таклиф қилди.
Жамоамиз вақтинчалик белгилар қўйилган ҳужжатларни ва ўз ёрдамини "Реал"га таклиф қилди, аммо улар бу йўлдан юрмасликка қарор қилишди.
«Манчестер Юнайтед» трансфер операцияларида жуда яхши ишлайди.
Мухлисларнинг севимли футболчисига айланиб қолган, икки марта клубнинг энг яхши футболчиси деб топилган Давид Де Хеа «Манчестер Юнайтед»да қолаётганидан хурсандмиз", – дейилади манчестерликлар баёнотида.
Аввалроқ «Реал» Де Хеа трансферининг бузилиш сабабларини келтириб, баёнот берганди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).