«Ювентус» ҳимоячиси Пьер Калюлю Англия чемпионатининг 3 та клуби эътиборига тушди. Бу ҳақда Caught Offside портали хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, футболчига «Ливерпуль», «Манчестер Юнайтед» ва «Астон Вилла» жамоалари даъвогарлик қилмоқда. Расман «Ювентус» футболчини сотишни истамаяпти ва уни жамоанинг муҳим қисми деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, клуб унга маоши оширилган ҳолда 2030 йилгача мўлжалланган янги шартнома таклиф қилишни режалаштирмоқда.
Бироқ, 40 миллион евро атрофидаги маблағ эвазига Турин клуби ўз позициясини ўзгартириши мумкин, айниқса футболчининг ўзи шартномани узайтиришни рад этса. Ҳозирча даъвогарлар орасида яққол фаворит йўқ, лекин «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед» ҳимоя чизиғини кучайтириш учун фаол изланишмоқда. «Астон Вилла»да эса молиявий чекловлар сабабли трансфер борасида қийинчиликлар юзага келиши мумкинлиги қайд этилган.
Жорий мавсумда 25 ёшли француз барча мусобақаларда 46 та ўйинда иштирок этиб, 2 та гол урди ва 7 та голли узатмани амалга оширди. Унинг ҳисобида 1 та қизил ва 1 та сариқ карточка бор.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).