Яқиндагина Номзодлар турнирида ғалаба қозониб, бутун шахмат оламини ҳайратда қолдирган Жавоҳир Синдаров ҳозирда Польшада Grand Chess Tour доирасида дунё юлдузларига қарши дона сурмоқда.
Жавоҳирдан Номзодлар турниридан кейин вақтини қандай ўтказгани ҳақида сўрашганда, у кутилмаган жавобни берди. Унинг айтишича, сўнгги икки ҳафта давомида шахматга умуман яқинлашмаган ва вақтини кўпроқ Counter-Strike (CS) ўйнаш ҳамда бошқа ишлар билан ўтказган.
"Номзодлар турнири одамни жуда чарчатиб қўяди, бор кучингни олади. Шунинг учун шунчаки мияни дам олдириш керак эди. Польшадаги турнирга атиги икки кун қолгандагина тайёргарлик кўришни бошладим".
Ушбу нуфузли мусобақадаги мақсадлари ҳақида гапирар экан, Жавоҳир ўзига ортиқча босим юкламаётганини таъкидлади. Унинг учун ҳозирги асосийси турнирда ғолиб чиқиш эмас, балки шунчаки ўз даражасида, сифатли ва чиройли шахмат кўрсатишдир.
Мусобақанинг биринчи куни якунлари бўйича ҳамюртимиз ўз ўйинларидан мамнунлигини билдирди. У дастлабки икки партияда ғалабага жуда яқин келгани, лекин рақиблар ҳам кучли ҳимояланганини айтди. Учинчи ўйинда эса бираз омад кулуб боқиб, ғалаба қозонишга муваффақ бўлган:
"Ўйин давомида ютиш қийиндек туюлганди, лекин якунда ғалаба қозондим. Биринчи кундан кўнглим тўлди".
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).