Маълумки, Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси Англия биринчи дивизионида иштирок этаётган «Флитвуд Таун» клуби билан ҳамкорликни йўлга қўйган эди. Унинг самараси ўлароқ, «Локомотив» ёшлар жамоасининг икки нафар футболчиси Англия клубига таклиф этилди. Дарвозабон Рустам Нортожиев ва ҳимоячи Сергей Прохоров жамоа вакиллари билан биргаликда туманли ўлкага етиб боришди ва ўз малакаларини оширишни бошлашди. Сафар чоғида «Локомотив» расмий- лари «Флитвуд Таун» раҳбарлари ва мураббийлари билан учрашишди. Режага кўра, ҳар икки футболчи 3 ой мобайнида инглиз клуби сафида ўз тажрибаларини оширишади. Сафарнинг иккинчи куни ёш футболчиларни кичик таништирув маросими ҳам ташкил этилди. Рустам Нортожиев 45, Сергей Прохоров эса 42-рақамли футболкани қабул қилиб олдилар. Биз мазкур сафар таассуротлари юзасидан «Локомотив» клуби директори ўринбосари Тўлабек Акрамов билан учрашиб, ундан эксклюзив интервью олдик.
- Ёдингизда бўлса, «Флитвуд Таун» бошқарув раҳбарлари Тошкентга келишган ва ташриф чоғида «Локомотив» клуби билан яқиндан танишишган эди, - дея сўз бошлади Т.Акрамов. - Келишувга биноан, ўша пайтда иккита ўртоқлик учрашуви ўтказилиб, англиялик ҳамкорларимиз икки нафар тарбияланувчимизни ажратиб олишганди. Айнан шу икки футболчимиз уларнинг ўйин услубига мос келиши айтилган эди. Режага кўра, ўтган ҳафта Англияда бўлиб қайтдик. Биз билан бирга «Флитвуд Таун»га таклиф этилган футболчилар - Рустам Нортожиев ва Сергей Прохоров ҳам туманли ўлкага боришди. Лондон шаҳрида бизни клуб вакиллари кутиб олишди. У ердан Блекпул шаҳрига етиб олдик. «Флитвуд Таун» клуби айнан шу шаҳар шарафини ҳимоя қилади. Лондондан Блекпулгача машинада 4 соатлик йўл экан. Бизни меҳмонхонага, футболчиларимизни жамоа базасига жойлаштиришди. Блекпул жуда чиройли ва мўъжазгина шаҳар бўлиб, унинг аҳолиси том маънода футбол билан яшар экан. Ҳар қадамдаги кафе ва барларда одамлар футбол ўйинларини томоша қилаётганликларига гувоҳ бўлдик. Фарқи йўқ, эски ўйинларни ҳам мириқиб кўришяпти. Бу шаҳар аҳолисининг биринчи рақамли спорт тури, айтиш мумкин бўлса, овунчоғи футбол эканлигини кўрсатиб турибди. Сафаримизнинг иккинчи куни клуб базасида футболчиларимизнинг расмий тақдимот маросими ўтказилди. Ҳозирча тарбияланувчилар «Флитвуд Таун»нинг асосий жамоасида ўйнай олишмайди. Алоҳида 21 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган клуби бор экан. Бу худди биздаги ўринбосарлар жамоасидек гап. Шулар сафида ўйнаб туришади. 21 ёшга тўлганларидан кейин, агар ҳақиқатан ҳам асосий таркибда ўйнашга муносиб бўлишса, уларни биринчи жамоага ўтказишади.
- «Флитвуд Таун» клуби базаси қандай таассурот қолдирди?
- Асосий жамоа ва ўринбосарларнинг базаси бир ерда жойлашган экан. Клуб шарафини асосан маҳаллий футболчилар ҳимоя қилишади. Ўйинчилар машғулотга келиб-кетишади. Фақат бир нафардан Франция ва бир сербиялик легионерлар бўлиб, улар базада яшашади. Бизнинг футболчилар билан легионерлар сони 4 нафарга етди. Айтишларича, «Флитвуд Таун»да легионерлар бўйича янги саҳифа очилибди. Шу пайтгача ҳали бир давлатдан икки нафар легионер футболчи жамоага таклиф этилмаган экан.
- Франция ва сербиялик футболчилар ҳам худди «Локомотив» билан бўлганидек, ўзаро ҳамкорлик натижасида жамоага таклиф этилган эканми?
- Йўқ. Улар жамоа ўйинини кучайтириш учун жалб қилинган. «Флитвуд Таун» келажагини ўйлаб расман амалга оширилган трансферлар натижаси. Англиялик скаутлар билан гаплашганимизда, улар ўзбекистонлик 10 нафар истеъдодли футболчидан камида 2 нафари бемалол чемпионшипда ўйнаб кета олишини айтишди. Аммо битта лекини бор, у ҳам бўлса терма жамоамизнинг ФИФА рейтингидаги ўрни. Англия регламентига биноан терма жамоаси ФИФА рейтингида ТОП-50таликдан жой олмаган мамлакат футболчиларини инглиз клублари чемпионат учун рўйхатдан ўтказа олишмайди. Биз гаплашган инглиз скаутлари айнан шунинг ҳисобига ўзбекистонлик футболчиларга қизиқиш деярли йўқ эканлигини айтишди. Месси ёки Роналдудан кучли бўлган тақдирда ҳам мамлакати ТОП-50таликка кирмаса, Англия клублари ўша футболчиларни харид қила олишмайди.
- Бу ҳолатда «Локомотив»дан «Флитвуд Таун» сафига қўшилган футболчиларнинг тақдири нима бўлади?
- Ўзбекистон ёшлар лигасида олий дивизион клубларининг ўринбосарлари ўйнашади. Англияда расман бундай мусобақа йўқ. Ўринбосарлар жамоалари ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишади. Лекин асосий жамоа бир ойда 4та учрашув ўтказса, ўринбосарлар жамоаси ҳам айнан шунча ўйинда иштирок этади. Биргина фарқи, ўринбосарлар жамоасининг очколари ҳисобланмайди. Бизнинг ўйинчиларни расман ўринбосарлар жамоасига қабул қилишди. Шу жамоа таркибида ўз маҳоратларини ошириб боришади. Улар шу кунларда «Ливерпуль», «Эвертон», «Манчестер Юнайтед» ва «Челси» жамоаларига қарши ўйин ўтказишади. «Блэкберн» билан ўйинга тикланиб, аниқроғи, мослашиб улгуришмади. Акс ҳолда, мазкур учрашувда футболчиларимиз ўз дебютларини нишонлашарди. Шундай бўлсада, бизнинг ҳам, «Флитвутд»дагиларнинг ҳам футболчиларимиздан умидимиз катта. Ҳар ҳафта бизга икки футболчимизнинг барча кўрсаткичларини жўнатиб туришади. Тошкентда туриб, футболчиларимизнинг қандай ўйнаётгани, жисмоний ва функционал ҳолатлари билан боғлиқ барча саволларга жавоб топишимиз мумкин. Яъни, ўйинчиларимиз ҳақида батафсил ҳисобот оламиз. Улар доимий назоратда бўлишади. Мана шу 3 ойлик синов давомида «ФлитвудТаун» мураббийлари футболчиларимизда ўзгариш сезишса, уларни скаут ва селекционерларга тавсия қилиб, Европанинг бирорта клубига жойлаштиришади. «Флитвуд» клуби бевосита Италия, Франция, Финляндия, Греция, Бельгия, Чехия, Голландия жамоалари билан ҳамкорлик ўрнатган. Айнан шу мамлакат жамоаларига улар футболчиларни тавсия қилиб келишади. Кейин ўринбосарлар ўртасидаги ўйинларни бевосита стадионнинг ўзида камида 50 нафар скаут кузатиб боришар экан. Ҳамкорларимиз Англия клубида бир йўла икки ўзбек футболчисининг пайдо бўлгани скаутларда катта қизиқиш уйғотиши аниқ эканлигини айтишди. Ўйинчиларимизни бошқа клубларга ўтказмаган тақдирларида ҳам келишувни яна 3 ойга узайтириб, имконият беришни ваъда қилишди.
- Жамоа машғулотларини кузатдингизми? Бизникидан фарқ қиляптими?
- Ҳатто ўринбосарлар жамоасининг машғулоти ҳам кунига икки маҳалдан ўтказилар экан. Бизда фақат айрим етакчи клубларимиз икки маҳал машғулот ўтказиши мумкин. Деярли 70 фоиз жамоаларимиз бир маҳал машғулот билан чекланишади. Машғулотларнинг фарқи ҳам катта. Асосан атлетизм, жисмоний тайёргарликка эътибор қаратилади. Англия футболи тез, 90 дақиқа бир меъёрда ўйнаш талаб этилади. Ўринбосарлар жамоасида 19, 20 ва 21 ёшли футболчилар ўйнаши мумкин. 19 ёшгача бўлганларнинг алоҳида мусобақаси бор. Ўринбосарлар жамоаси ўйинлари бир ҳафтада бир марта, уй-сафар тизимида ўтказилади.
- «Локомотив» футболчиларининг Англиядаги 3 ойлик фаолияти харажатлари қайси клуб зиммасида бўлади?
- Англиядаги барча харажатлар - яшаш, еб-ичиш, автотранспорт «Флитвуд Таун» клуби зиммасида. У ерга бориш харажатларини ўзимиз кўтардик. Бу ҳамкорликка фақат бир томон қизиқиш билдирмаяпти. «Флитвуд» клуби раҳбарлари ҳам бу ҳамкорликдан манфаатдорлар. Иккала жамоа ҳам келажак учун ишлашяпти. Бу илк қадамлар, олдинда улкан режаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз. Масалан, «Флитвуд Таун»нинг истеъдодли ёш футболчиларидан бирини «Локомотив»га олиб келиш ниятимиз бор. Биласизми, бутун Англияда футбол билан шуғулланишни бошлаган болаларнинг фақат 2 фоизигина профессионал футболчи бўлишар экан. қолганлари асосан қуйи лигаларда қолиб кетишади. Шуларни инобатга олган ҳолда биз «Флитвуд» раҳбар ва мураббийларига футболчиларини ўзбекистон орқали Осиёга чиқариш таклифини бердик. Ўзлари ҳам бунга қизиқиб қолишди. БАА, қатар, Саудия Арабистони, Хитой каби Осиё давлатлари клублари хорижлик футболчиларга яхшигина ҳақ тўлашади. Шу орқали ҳам пул ишласа бўлади.
- Ўзингиз бевосита «Флитвуд» мисолида Европада футболга қаратилаётган эътиборни кўрдингиз. Энди шу ларни «Локомотив» жамоасида ҳам тадбиқ этишни мақсад қилдингизми?
- Бунинг учун жуда кўп нарса қилиш керак эмас, деб ўйлайман. Бизда истеъдодлар етарли, жамоамизнинг ўз базаси бор. Фақат майдонлар етишмайди. Бугунги кундаги энг катта муаммо - турли ёш тоифасидаги гуруҳларимиз учун майдонларнинг етишмаслиги. Таққослаш учун, биринчи дивизионда иштирок этаётган ўртамиёна «Флитвуд» клубининг 19та стандарт ҳолатдаги майдони бор. Базанинг ўзида шундай майдон. Очиғини айтаман, энг оддий майса қопламасини сифатига ишонмаганимдан қўлим билан ушлаб кўрдим. Энг яхшиларини гапирмаса ҳам бўлади. Худди бильярд столига ўхшайди. Бу майдонларда болалар ўйнашади. Асосий жамоа учун мўлжалланган майдонлар ҳақида ҳали гап очганим йўқ. қишда ҳам, ёзда ҳам бир хилда туради. Майдонларимиз сонини кўпайтирсак, улардан айтарли кам жойимиз йўқ. Ҳозир шунга эътибор қаратяпмиз.
- Ана шу майдонларга эга академия бунёд этиш режаси борми?
- Албатта. Бу амалга оширишимиз керак бўлган энг катта лойиҳамиз ҳисобланади. Боиси, академия - клуб бойлиги.
- Асосий масалалардан яна бири - маркетинг. Мазкур йўналишда қандай ишлар олиб бормоқчисизлар?
- Ҳақиқатан ҳам маркетинг хизматининг спортда, хусусан, футболда тутган ўрни ва аҳамияти жуда ҳам юқори. Мен яна «Флитвуд» мисолида гапираман. Бу жамоани таққослаганда, Англияда ўзбекистон 2-лигасида ўйнаётган бир клуб. Лекин шу жамоа биргина телевидениенинг ўзидан йилига 100 минг фунт стерлинг ишлайди. Ҳар бир ўйинга 30-40 бетлик «программка» чиқарилади. Бу журнал кўринишидаги ўйин ҳақидаги маълумотлардан иборат тўплам бўлиб 3 фунтдан сотилади. Футбол ишқибозлари навбатга туриб, шу «программка»ларни харид қилишади. Ҳамма бети рангли бўлиб, ичида рекламалар жуда ҳам кўп. Кейин стадион атрофида каттагина ёйма бозор бор, у клубнинг ўзига тегишли. Унда жамоа атрибуткалари савдоси йўлга қўйилган. Ҳар бир клубнинг ўз музейи бор ва унга кириш ҳам пуллик. Чипталар ва йиллик абонементларнинг ўзидан яхшигина фойда қилишар экан. Чипталарни бир ҳафта аввал олмасангиз, ўйинга кира олмай қолиб кетишингиз аниқ. СИП ва ВИП чипталарга юқорида айтган 3 фунтлик «программка»ларни қўшиб беришади. Кейин шунинг ичида текинга енгил тамадди қилишингиз мумкин. Йиллик чипталар 1000 доллар туради. Биз сафар чоғида биринчи дивизион доирасидаги «Уиган Атлетик» - «Флитвут Таун» учрашувини бевосита стадионнинг ўзида кўрдик. Йигирма минг мухлис ўйинни стадиондан кузатиб борди. Бу марказий учрашув эмас, ўртамиёна жамоалар иштирокидаги оддий тур ўйини. Иккала жамоа ҳам турнир жадвалида ёнма-ён кетяпти. «Уиган» 9-ўринни эгаллаб турибди. Жуда ҳам чиройли ўйинга гувоҳ бўлдик. «Уиган» бир неча йил премьер-лигада ўйнаган, бу борада тажрибаси катта. Учрашувда майдон эгалари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Кейин «Ливерпуль» - «Норвич» ўйинини «Энфилд Роуд» стадионида томоша қилдик. Энди бу ерда умуман бошқача муҳит. қирқ беш минг мухлис ўйинни бевосита стадиондан кузатди. «Ливерпуль» мазкур ўйинда ғалаба қозона олмаган бўлса ҳам, мухлислар 90 дақиқа тинмай қўшиқ куйлашди. Ана мухлислик маданияти! Бизда ҳам ёмон эмас. Лекин мен оила аъзоларим билан чемпионатимиз ўйинларига бора олмайман. Ҳакам ёки футболчиларни ҳақоратлаб, сўкиниб ўтиришади. Англияда бундай нарса йўқ. Футболчи хато қилса ҳам қарсаклар билан олқишлашади. Рақиб жамоа ўйинчиси чиройли ҳаракат қилса ёки тўп киритса, унга тан бериш маъносида қарсак чалишади. Ўша футболчи уялганидан ҳам кейин хато қилмасликка, чиройли ўйнашга ҳаракат қилади. Ўзи футбол ким учун, албатта, мухлислар учун ўйналади. Мухлислар ҳам стадионга худди театрга ташриф буюргандек келишади. Кейин эътиборимни тортган яна бир жиҳат шундаки, ВИП ва СИП ложаларга фақат костюм-шим ва галстукда кириш мумкин. қўлингизда 10 минг долларлик чиптангиз бўлса-ю, кийимингиз талабга жавоб бермаса, сизни стадионга киритишмайди. Бу қоида ҳаммага тааллуқли. Клуб расмийлари ҳам худди шундай либосда юришлари шарт. Акс ҳолда, уларни ҳам стадионга қўйишмайди. Бир ишқибоз билан стадионда ёнма-ён ўтириб қолдик. Маҳаллий мухлис эмаслигимизни билиб, бизни сўроққа тутди. Ишонасизми, у 7 ёшли ўғли билан Норвегиядан «Ливерпуль» клубининг ҳар бир уй учрашувига келиб-кетар экан. Фарзанди «Ливерпуль» жамоасининг ашаддий ишқибози бўлиб, кейинчалик ўзи ҳам шу инглиз клубига мухлислик қилишни бошлаган. Чиптани онлайн тизимида Норвегиянинг ўзидан буюртма қиларкан. Матбуотда ўқирдим, телевизорда кўрардим, мана энди шахсан ўзим шунга гувоҳ бўлдим. Ростдан ҳам Европада футбол санъат даражасига кўтарилган. Бу қитъада футбол анча илгарилаб кетган.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).