Осиёнинг беш карра энг яхши рефериси Равшан Эрматовнинг бугунги даражага етишишида устоз-мураббийлари, иштиёқи ва истеъдодидан ташқари, майдондаги ёрдамчиларининг ҳам ҳиссаси бор, албатта. Уларнинг тўғри қарор чиқаришлари туфайли Эрматов бригадасига юқори баҳо қўйилмоқда. Натижада энг масъулиятли ўйинлар айнан шу «трио»га ишониб топшириляпти. Қуйида эътиборингизга Равшан Эрматовнинг қанотдаги ёрдамчиси, «Шуҳрат» медали соҳиби Абдуҳамидулло Расулов билан уюштирган суҳбатимизни ҳавола қиламиз.
- Абдуҳамидулло ака, сиз билан эрта тонгда суҳбатлашяпмиз. Шахсан ўзингиз тонгни қандай ўтказасиз, кун тартибига риоя қиласизми?
- Ҳар бир спортчида бўлгани каби, мен ҳам тонгни бадантарбия машғулотларини бажариш орқали қарши оламан. Оила аъзоларим билан бир дастурхон атрофида нонушта қиламиз. Кейин ҳамма ўз иши ва юмушига отланади. Фарзандларимни боғча ва мактабга олиб бориш менинг зиммамда. Шундан сўнг тўлақонли машғулотларни ўтказиш учун «Ёшлик» (собиқ «Старт») стадионига йўл оламан. Кўпинча Равшан Эрматов билан бирга шуғулланамиз. Бу борада бизга мураббийларимиз ёрдам беришади. Улар асосан жисмоний тайёргарлик бўйича кўмаклашишади. Ҳакамларнинг маш-ғулотлари футболчиларникидан бироз фарқ қилади: улар мураббийлар штабининг рақибга қараб ишлаб чиққан тактикасига амал қилишса, бизда жисмоний тайёргарлик асосий ўринда туради. Ҳакамлик қиладиган ўйинларимизда иштирок этадиган жамоа футболчиларини эса назарий машғулотлар жараёнида ўрганиб, таҳлил қиламиз.
- Ҳакамликка ўтишингиздан аввал худди Равшан Эрматов каби сиз ҳам футбол ўйнагансиз. Ўқувчиларимизга шу ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
- Миллионлар ўйинига кириб келишимга Равшаннинг отаси Сайфиддин Эрматов сабабчи бўлганлар. Уйимизга яқин жойда боғ бўлиб, унинг ҳудудидаги майдонда маҳалладаги тенгқурларимиз билан тўп тепардик. Ўйинларимизни кузатиб юрган Сайфиддин ака бизни «Пахтакор» футбол мактабига олиб борганлар. Шу тариқа Равшан иккимиз профессионал тарзда футбол билан шуғуллана бошладик. Бир жамоада ўйнадик.
- Маълумки, Равшан Эрматов 15 ёшидаёқ ўша пайтлари 1-лигада қатнашган «Ғазалкент» жамоасининг асосий таркибида тўп сурган. У ҳар икки қанот ярим ҳимоясида бирдек ўйнай олган. Сиз қайси чизиқда ҳаракат қилгансиз?
- Таянч ярим ҳимоячиси позициясида ўйнардим. Баъзан мураббийларимиз вазиятдан келиб чиқиб ўнг қанотга ҳам қўйишарди.
- Футболчиликни ташлаб, ҳакамликка ўтишингизга нима сабаб бўлди?
- Худди Равшан сингари менга ҳам жароҳат панд берган. 1993 йили тиззам жиддий лат ейиши оқибатида операцияни бошдан кечирганман. Шунга қарамай, яна 5-6 йил футбол ўйнадим. Лекин барибир, жароҳат ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Кейинчалик Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтига ўқишга кирдим. 1997 йили олдимда икки йўл турганди: мураббийлик фаолияти ёки ҳакамлик. Улардан бирини танлашда мураббийим Сайфиддин Эрматовнинг маслаҳатларига таяндим. Аниқроғи, у киши ҳакам сифатида ютуқларга эришишимга кўзлари етаётганини айтдилар. Очиғи, футбол ўйнаб юрган кезларим ҳакамлар билан кўп баҳслашардим. Шуни инобатга олиб, Сайфиддин акага «Мендан ҳакам чиқмаса керак», дедим. Тўғриси, бу соҳада муваффақият қозонишимга ишонмасдим. Иккиланиб турган пайтимда мураббийим қўлимга ҳуштакни бериб, «Қани, бир уриниб кўр-чи, ёқса ҳакамлик фаолиятини бошлайсан, маъқул келмаса, мураббийлик йўлидан кетасан», дедилар. Ёшлар жамоалари ўртасидаги баҳсда ҳакамлик қилдим. Эплайман, деб сира ўйламагандим. Бу соҳа менга жуда ёқиб қолди, натижада бир пайтлари ёқмаган касбдаги фаолиятим бошланди. Шундагина рефериларга қанчалик қийин эканлигини тушуниб етдим. Дастлаб бош ҳакам вазифасини бажардим, кейинчалик ассистент сифатида фаолият юритдим. Маълумки, 2008 йилгача лайнсменлар ҳам бош ҳакам вазифасини бажариши мумкин эди. Бугун рефери ассистенти бўлсам, кейинги ўйинда бош ҳакам сифатида жамоаларни майдонга бошлаб тушардим. 2008 йилдан бу икки вазифа алоҳида йўналиш сифатида шаклланди. Мен эса охир-оқибат қанот ҳакамлигини танладим.
- Бош ҳакам сифатида танилиш нисбатан осонроқ. Шундай экан, нега айнан лайнсменликни танладингиз?
- Нега энди, майдондаги ҳар учала ҳакамнинг зиммасига бир хил масъулият юкланади. Ёрдамчиларнинг мажбурияти бош ҳакамникига нисбатан камроқ, деган тушунча нотўғри. Шундай вазиятлар бўладики, сиз чиқарган қарор учрашув тақдирини белгилайди. 2010 йилги жаҳон чемпионатида Равшан Эрматов бригадаси бошқарган ўйинларнинг бирида шундай ҳолат юз берганди. Ўшанда Рафаэль Ильясов чиқарган қарор туфайли ўзбекистонлик ҳакамлар бригадасига бўлган ишонч ортганди.
- Сўнгги пайтларда, хусусан, Ўзбекистон чемпионатида ҳам жарима майдончаси ичида қўл билан ўйнаш оқибатида кўплаб баҳсли пенальтилар белгиланяпти. Хўш, ФИФА семинарларида бундай вазиятларга қаттиққўлроқ муносабатда бўлиш, оддий ҳолатда ҳам 11 метрли жарима зарбаларини белгилайвермаслик бўйича кўрсатмалар бериляптими?
- Албатта, ўйинларнинг дискка ёзиб олинган вариантлари кўриб чиқилиб, ҳар бир лавҳа алоҳида таҳлил қилинади. Тўпнинг қўлга табиий ҳолатда келиб тегиши одатий ҳол. Бунда футболчи қўлини олиб қочишга улгурмайди. Шундай вазиятларда ҳам пенальти белгиланиши учраб туради. Оқибатда баҳс-мунозаралар келиб чиқиши муқаррар. Футболчи дарвоза томон кетаётган тўпни атайин қўли ёрдамида қайтарсагина 100 фоизлик жарима зарбаси белгиланади.
- Қанот ҳаками ҳам пенальти белгилайдими?
- Шундай вазиятлар учрайдики, жарима майдончасидаги ҳолат ён ҳакамга яхшироқ кўринади. Футболчи бош ҳакамнинг кўришига халақит бериши ёки рефери вазиятдан узоқроқда бўлиши одатий ҳол. Бундай паллаларда ён ҳакамнинг қарор ва кўрсатмалари биринчи даражага чиқади.
- Баҳсли вазиятларда видеотакрорлардан фойдаланиш мавзуси кенг муҳокама қилинди. Бу борада шахсий фикрингиз қандай?
- Замонавий футбол жуда тезкор. Ўз-ўзидан, ҳакамларнинг қарор қабул қилиши ҳам мушкуллашади. Қўшимча техник воситалар эса ишимизни қайсидир маънода енгиллаштиради. Мана, Англияда тўпнинг дарвоза чизиғини кесиб ўтган-ўтмаганлигини аниқловчи мосламадан фойдаланиш жорий этилди. Бу қарор ўз мевасини бермоқда. Тўп чизиқни кесиб ўтган пайтларда голнинг инобатга олинмаслиги кўп кузатилаётганди. Оқибатда терма жамоа ва клублар азият чекишаётганди. Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2014 саралаши доирасидаги Эронга қарши баҳсида Одил Аҳмедовнинг голи ҳисобланмаганди. Янги технология бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишда асқотади. Афсуски, ҳозирча ундан ҳамма мусобақаларда ҳам фойдаланишнинг имкони йўқ. Видеотакрорларга эса қаршиман. Чунки бунинг оқибатида футбол ўз жозибасини йўқотади. Ҳар бир баҳсли вазиятда ўйинни тўхтатиб, видеотакрорга мурожаат қилинаверса, томошабин зерикади. Қолаверса, учрашув вақти ҳам чўзилади. Футбол дунёда биринчи рақамли спорт тури. Бугунги кунда уни нафақат миллион, балки миллиардлаб инсонлар томоша қилишяпти. Хоккейда бўлгани каби, ўйин давомида видеотакрорларни кўриб чиқишга вақт сарфлаш миллионлар ўйинига ярашмайди. Тўғри, футбол хатолардан холи эмас. Янглиш қарор чиқаришдан ҳеч ким кафолатланмаган. Мураббий ёки футболчиларда хато йўқми? Месси, Роналду каби футбол юлдузлари ҳам адашишади-ку: яқин масофадан ёки пенальтидан гол ура олишмайди. Бу ҳам футболнинг бир бўлаги. Масалан, бир ўйинда 40та қоида бузилиши қайд этилса, шундан 2-3тасида ҳакам ўзи истамаган ҳолда нотўғри қарор чиқариши мумкин. Бу жадал суръатларда ривожланаётган, юқори тезликка эга бўлиб бораётган бугунги футбол учун нормал ҳолат. Тўп 50-60 метр масофага икки сония ичида етиб боради. Ҳакам ана шу тезликка монанд ҳаракат қилиши керак. Шу ўринда мухлислар ҳам тезда қарор чиқармай, бироз мулоҳаза юритишларини истардим.
- Ўтган йили Бразилияда ўтказилган жаҳон чемпионатида фаолиятингиздаги энг ёрқин дамлар гувоҳига айланган бўлсангиз, ажабмас. Ўша мундиалда Равшан Эрматов ЖЧнинг жами 9та учрашувида ҳакамлик қилиб, бу борада дунё рекордини янгилади. Шахсан сиз учун қайси ўйинлар алоҳида ёдда қолди?
- Мен учун ҳар бир иштирок қадрли. Жаҳон чемпионати баҳсими, ўзимизнинг миллий чемпионат учрашувими, аҳамияти бир хил. Барча ўйинларга пухта ҳозирлик кўрамиз. Албатта, мундиал ҳар бир ҳакамнинг орзусидаги мусобақа. Унда иштирок этишни хоҳламайдиганларни топиш амримаҳол. Майдонга чиқишдан аввал Ватан шаъни, унинг обрўсини ўйлайсиз. Йўл қўйиладиган биргина хато туфайли мамлакат футболи, ҳакамлик савияси борасида салбий фикрлар билдирилишига беихтиёр сабабчи бўлиб қолишингиз мумкин. Бу улкан масъулият ва жавобгарликни талаб қилади. Дарвоқе, майдонда мухлисларга эътибор қаратмаймиз. Акс ҳолда, 60-70 минг томошабиннинг ҳаяжони босади. Юқорида айтганимдек, мен учун ҳар бир учрашувнинг аҳамияти юқори. Шунга қарамай, ЖЧ-2014да бошқарган энг сўнгги ўйинимиз - Голландия - Коста-Рика учрашувини алоҳида ажратиб кўрсатишим мумкин. Жаҳон чемпионати кашфиётига айланган Коста-Рика термаси 4та бўлим давомида голландларга муносиб қаршилик кўрсатганди. Ўша ўйин ғолиби асосий вақтда аниқланмагач, қўшимча бўлимларга мурожаат этилганди.
- Финал ўйинини ҳамюртларимиз бошқаришини кутгандик. Лекин ФИФА ҳакамлар қўмитасининг қарори умидимизни чиппакка чиқарди. Бундай паллаларда сизларда тушкунлик ҳолати юзага келмайдими?
- Дарҳақиқат, аксарият мутахассислар ҳам финал ўйинини айнан Равшан Эрматов бригадаси бошқаради, деган фикрларни илгари суришганди. Лекин ФИФА ҳакамлар қўмитасининг қарори бошқача бўлиб чиқди. Бундан асло ранжимадик. Ҳали олдинда Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионати бор. Насиб қилса, ўша мундиалнинг сўнгги ўйинини биз бошқарамиз.
- ФИФА ва ОФК байроғи остидаги нуфузли ўйинларда қатнашгач, ички чемпионатимиз учрашувларига тайёргарлик кўришда хотиржамликка берилиш ҳолатлари кузатилмайдими?
- Юқорида таъкидлаганимдек, ҳар бир учрашувга алоҳида ҳозирлик кўрамиз. Ўйин танлаш ҳолатлари бизга мутлақо ёт. Ҳар бир баҳсга бир хил ёндашамиз. Ўйиндан сўнг учрашув дискини қайта кўриб, таҳлил қилишга одатланганмиз. «Қаерда хатоликка йўл қўйдик?», «Ноҳақ пенальти белгиландими?» ёки «Сариқ карточкани нотўғри бердикми?» қабилидаги саволларга жавоб излаймиз. «Бу ўйин тугади, энди ке-йингисига тайёрланаман», дейишдан йироқмиз. Бошқарган ўйинимиз қайта муҳокама қилинади. Хато кузатилса, кейинги ўйинларда уни такрорламасликка интиламиз.
- Келгусида олдингизга қандай режалар қўйгансиз?
- 8 октябрь куни Уммонда ўтказиладиган Сурия - Япония учрашувини бошқарамиз. Гуруҳ пешқадамлари ўзаро тўқнаш келишини инобатга олган ҳолда, баҳсга марказий ўйин мақоми берилган. Суриядаги нотинч вазият туфайли нейтрал майдон танланди. Ҳозир шу учрашувга тайёрланяпмиз. Ҳар икки жамоа ўйини ёзилган дискларни кўриб, бўлажак учрашувга жиддий ҳозирлик кўряпмиз. Насиб қилса, мазкур баҳсни юқори савияда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Эътиборлиси, шу куни яна бир ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси ҳам айнан Уммонда ўтказиладиган ўйинни бошқаради. Валентин Коваленко ЖЧ-2018 саралашидан ўрин олган Уммон - Эрон учрашувининг бош ҳаками этиб тайинланди. Бу ўйин Маскат шаҳридаги «Султон Қобус» стадионида ўтказилса, биз ҳакамлик қиладиган Сурия - Япония баҳси Сибдаги шу ном билан аталувчи аренада бўлиб ўтади.
- Фарзандларингизнинг спортчи бўлишини истармидингиз?
- Санъатда бўлгани каби спортнинг ҳам нонини ейиш қийин. Умуман, фарзандларимнинг ўзлари истаган соҳани танлашлари учун имконият яратиб берганман. Миллионлар ўйинига ошно тутинишса, бундан фақат хурсанд бўламан. Тўнғич ўғлим Умаржон ҳозирда футбол мактабига боряпти. Тўнғич қизим эса гимнастика билан шуғулланяпти. Қайси соҳани танлашмасин, юртимизга фойдаси тегадиган инсонлар бўлиб вояга етишларини чин дилдан хоҳлайман.
- Яқинда Ўқитувчи ва мураббийлар куни кенг нишонланди. Мавриди келганда, устозларингизга тилаклар билдиришингиз мумкин.
- Фурсатдан фойдаланиб, барча устозларимга миннатдорчилик билдираман. Шу даражага етишишимда уларнинг ҳиссалари беқиёс. Мактабда алифбони ўргатиб, тўғри йўл кўрсатган устозларимга, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтида таълим берган мураббийларимга, футболчилик ва ҳакамлик фаолиятимда ушбу соҳанинг сир-асрорларини ўргатганларга ташаккур изҳор қиламан. Доимо соғ бўлишсин. Мураббийлик машаққатли, шу билан бирга, шарафли касб. Ана шу заҳматли йўлда ҳормай-толмай меҳнат қилишлари ва шу меҳнатлари роҳатини шогирдларининг камолотида кўриб юришларини чин дилдан истайман.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).