Ўзбекистон Суперлигасининг 10-тури доирасида Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоаси Зоминдаги стадионда Термизнинг «Сурхон» клубини қабул қилди. Кескин ва ҳужумкор руҳда ўтган баҳсда жиззахликлар йирик — 5:2 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритишди.
Улуғбек Бақоев шогирдлари учрашувни жуда фаол бошлашди. 11-дақиқадаёқ Люпчо Дориев ҳисобни очган бўлса, орадан кўп ўтмай Ислом Қобилов орадаги фарқни иккитага оширди. Иккинчи бўлимда ҳам «бўрилар» ҳужумкорликни пасайтиришмади ва Зоир Жўрабоев ҳамда Фейсал Муличнинг голларидан сўнг ҳисоб 4:0 кўринишига келди.
Ўйин якунида термизликлар Хумоюн Шербўтаев ва Стефен Чинедунинг саъй-ҳаракатлари билан фарқни қисқартиришга муваффақ бўлишди. Бироқ захирадан майдонга тушган Александр Болевич 89-дақиқада жамоасининг бешинчи голини уриб, баҳсга якуний нуқтани қўйди.
Ушбу муҳим ғалабадан сўнг «Сўғдиёна» очколари сонини 9 тага етказиб, турнир жадвалида 13-ўринга кўтарилиб олди. «Сурхон» эса 11 очко билан 12-поғонада қолди.
Суперлига. 10-тур
«Сўғдиёна» – «Сурхон» 5:2
Голлар: Люпчо Дориев (11), Ислом Қобилов (15), Зоир Жўрабоев (53), Фейсал Мулич (61), Александр Болевич (89) — Хумоюн Шербўтаев (73), Стефен Чинеду (76).
«Сўғдиёна»: Н.Миркович, З.Жўрабоев, И.Қобилов, О.Аҳадов, Ф.Мулич, Ж.Қаҳрамонов, О.Жўрақўзиев, Л.Дориев, О.Каримов, А.Абдурашидов, Н.Сойибов.
«Сурхон»: О.Боймуродов, Б.Жуматав, Н.Неъматхонов, Б.Шамсиев, Д.Турсунов, Х.Шербўтаев, С.Чинеду, Р.Фрайдей, С.Абдуҳамидов, Ж.Жўраев, Б.Шайдулов.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).