Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян эълон қилган таркибдан одатдагидек, кўплаб иқтидорли ёшлар ўрин эгаллашди. Улар орасида «Локомотив»нинг умидли ҳимоячиларидан бири Бобур Йўлдошевнинг ҳам номи бор. Ушбу футболчининг бош жамоа рўйхатига киритилганидан кейинги ҳолати, миллионлар ўйинига кириб келиши, Туркиянинг «Манисаспор» клубида олган таасуротларидан воқиф бўлиш мақсадида уни суҳбатга чорладик.
- Ёшлар терма жамоасида тўп сурдингиз, ОТЖ сафидаги ўйинларингиз орқали мухлислар ҳурматини қозондингиз. Энди навбат миллий термага. Хўш, бош жамоада нималарни асосий мақсад сифатида белгиладингиз?
- МТЖда аввалроқ ҳам тўп суриш имкониятига эга бўлганман, фақат расмий ўйинда эмас. Мураббийлар имконият беришса, албатта, ижобий сифатларимни намойиш этишга сидқидилдан ҳаракат қиламан.
- Сизнингча, миллий термамиздаги ҳимоя қўрғонининг савияси қай даражада?
- Аъло, дея оламан, кучли ҳимоячилар тўпланишган. Масалан, Анзур Исмоилов, Виталий Денисов каби футболчилар рақиб ҳужумларини совуққонлик билан бартараф этишади.
- Бобур Йўлдошев учун қайси ҳужумчини зарарсизлантириш нисбатан қийинроқ?
- Ҳимоячи учун энг асосийси - рақиб форвардларини жарима майдончасига киритмай, уларни зарарсизлантириш. Аксинча, ҳужумчиларнинг вазифаси - гол уриш. Шундан келиб чиқиб, бу саволга аниқ жавоб қайтаролмайман.
- Термада қайси позицияда ўйнашингиз мумкин?
- Ҳозирдан бир нима дейиш қийин. Мураббийлар қайси чизиқда ҳаракатланишимни жоиз топишса, уларнинг кўрсатмаларини ҳамиша бажаришга тайёрман. Асосийси, терма жамоамизнинг 2018 йилги жаҳон чемпионатига бориши учун бироз бўлсада ҳисса қўшолсам, ўзимни бахтиёр сезаман.
- Бош жамоада кучли рақобат ҳукмронлик қилишидан хабарингиз бор, албатта...
- Тўғри, лекин бундан заррача хавотирланмайман. Зеро, рақобат йўқ жойда ўсишга эришиб бўлмайди.
- Терма жамоадан таклиф тушиши сизни шошилтириб қўймадими?
- Тўғриси, кутмагандим. Фурсатдан фойдаланиб, бунинг учун жамоа бош мураббийи Самвел Вячеславовичга миннатдорчилик билдирмоқчиман.
- Олий лига баҳслари якунланишига битта тур қолди. Нима деб ўйлайсиз, «Локомотив» жорий мавсум Ўзбекистон чемпионлигини нишонлай оладими?
- Очиғи, билмадим. Буни вақт кўрсатади, ҳаммасига ўйиндан сўнг аниқлик киритилади.
- Абрамовнинг истеъфога чиқарилиши сизга қандай таъсир кўрсатди? Ушбу ҳолат юзасидан нима дея оласиз?
- Албатта, яхши иш бўлмади. Вадим Карленовични ҳурмат қиламан, ушбу мутахассис мени футбол сир-асрорларидан воқиф этди. Истеъфога келсак, бу - клуб раҳбарларининг қарори, мазкур ҳолат хусусида қандайдир фикр билдиришга ожизман.
- Асли фарғоналиксиз. Хўш, водий футболининг бугунги ҳолати ҳақида нималар дея оласиз?
- У ерда футбол ҳар доим кучли бўлган, айниқса, жорий мавсумда «Нефтчи» ёмон ўйнамади. Агар молиявий томондан қулайлик яратиб берилса, водий жамоаларининг барчаси совринли ўринлар учун бемалол кураша олади.
- Ёшлар терма жамоасига жалб қилинишингиз қай тариқа кечган?
- Ўша пайт «Локомотив» сафида 1-лигада иштирок этардим. Ўйинларим Аҳмаджон Мусаевга маъқул келган чоғи, айнан шу мутахассис мени термага таклиф қилганлар.
- Ҳозирги фаолиятингиздан қониқиш ҳосил қиляпсизми?
- Кўнглим тўляпти, деёлмайман. Чунки олдимга улкан вазифалар юклашга одатланганман, иложи борича ўзимга талабчан бўлишга интиламан. Феъл-атворимдаги ушбу жиҳатлар ўз ҳаракатларимдан қониқиш ҳосил қилишимга йўл қўймайди.
- «Локомотив»га келгунингизга қадар қайси жамоа шарафини ҳимоя қилгансиз. «Темирйўлчилар» сафига қўшилишингизга қандай омиллар туртки бўлган?
- Профессионал футболчилик фаолиятимни «Локомотив»да бошлаганман. 2010 йилдан бери шу клуб шарафини ҳимоя қиляпман. Бунгача эса Фарғонада, 2-лига иштирокчиси «Динамо»да тўп сурганман. Акамнинг саъй-ҳаракатлари туфайли «темирйўлчилар» сафига қўшилиш бахтига муяссар бўлганман. Дастлаб «Локомотив» ўринбосарлари таркибида ўйнадим. Ҳаракатларим Марат Мифтахуддиновга маъқул келган шекилли, кейинчалик мени асосий жамоага олмоқчилиги ҳақида клуб раҳбарларини огоҳ этди. Омадим бор экан, мутасаддилар ҳам ушбу таклифга ижобий жавоб қайтаришган.
- Ўзбекистон чемпионати ўйинлари ҳақида қандай фикрдасиз?
- Жорий мавсум олий лига ўйинлари анча қизиқарли ўтди. Ижобий ўзгаришлар кузатилди, деярли барча жамоалар сезиларли ўсишга эришдилар.
- Жорий мавсумдаги қайси ўйин «Локомотив» учун нисбатан қийинроқ кечди?
- «Насаф» ўз уйида ўтган ўйинда кучли футбол намойиш этиб, бизни мураккаб аҳволга солди. Қаршидаги баҳсда ҳар икки клубнинг имкониятлари тенг эди.
- Футболдан ташқари бўш вақтингизни қай тарзда ўтказасиз?
- Бундай паллаларда асосан, Фарғонада, оилам ва дўстларим яқинида бўлишга интиламан.
- Имконият туғилса, қайси чемпионатда тўп сурардингиз?
- Менга кўпроқ Англия премьер-лигаси ёқади. Иложи бўлса, «Манчестер Юнайтед»да ўйнардим.
- Бобур Йўлдошев футболчиликни танламаганида, уни қайси соҳада кўришимиз мумкин эди?
- Тўғриси, ўзимни миллионлар ўйинисиз тасаввур қила олмайман. Якунда барибир, яшил майдонни танлардим. Чунки футбол - менинг ҳаётим.
- Ёшлигингизда қайси футболчининг ўйинларини севиб томоша қилардингиз?
- Бразилиялик ҳужумчи Роналдонинг ҳаракатлари менга завқ бағишларди.
- Яна қандай спорт турларига қизиқасиз?
- Стол тенниси ва сузишга.
Бобур Йўлдошев миллий терма жамоа таркибига кирганидан хурсанд эканини яширмади
- Профессионал футболчи ривожланиш йўлида энг аввало, нималарга эътибор қаратиши лозим?
- Ўзимдан келиб чиқиб айтсам, футболчи биринчи навбатда, тиришқоқ, талабчан ва меҳнаткаш бўлиши шарт, деб ўйлайман.
Маълумот учун:
Туғилган санаси: 1993 йил 8 апрель
Туғилган жойи: Фарғона вилояти Қува тумани
Амплуаси: ҳимоячи
Вазни: 78 кг., Бўйи: 183 см.
Қўлга киритган совринлари: 2011 - биринчи лига чемпиони; 2013, 2014 - Ўзбекистон чемпионати кумуш медали соҳиби; 2014 - Ўзбекистон кубоги соҳиби; 2015 - Ўзбекистон суперкубоги соҳиби
- Ушбу соҳани танлашингизга оилангиздагилар қарши чиқишмаганми?
- Аксинча, уларнинг саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ, футболга кириб келганман. Айниқса, отам буни жуда хоҳлаганлар. Мана, оила аъзоларимнинг қўллаб-қувватлашлари натижасида орзумга эришдим.
- Ҳар бир профессионал футболчи борки, ўзи таълим олган спорт мактаби ҳамда биринчи мураббийи ҳақида илиқ фикр билдиради. Хўш, сиз дастлабки сабоқларни қаерда, қайси мутахассислар қўл остида олгансиз?
- Фарғона олимпия захиралари спорт коллежини тамомлаганман. Футбол сирларини биринчи бўлиб Ойбек Алиев ва Дониёр Исмоиловдан ўрганганман.
- Биламиз, Бобур Йўлдошев Туркиянинг «Манисаспор» жамоаси билан шартнома тузиб, тез орада уни бекор қилишга ҳам улгурган. Нима, ушбу клуб билан келиша олмадингларми?
- Ҳаракатларим туркларга маъқул келганди. «Манисаспор» скаутлари Туркияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида мени кузатишган экан. Афсуски, «Локомотив» ушбу клуб билан ўзаро келиша олмагач, ортга қайтишга мажбур бўлдим. Ўшанда саёҳатим атиги 16 кун давом этган, холос.
- Туркияда расмий ўйинларда майдонга тушдингизми?
- Йўқ, чунки ўша пайтда ҳали чемпионатга старт берилмаганди. Бунга қадар «Манисаспор» бир нечта ўртоқлик ўйинларини ўтказди. Бироқ клуб мураббийлари мени захирада қолдиришди. Турклардан бунинг сабабини сўраганимда, «Локомотив» билан шартнома тузилмаганлигини айтишганди.
- Кейинчалик бошқа хориж клубларидан таклифлар келдими?
- Ҳа, албатта.
- Ҳўш, қайси жамоалардан?
- Буниси сир бўла қолсин.
- Футболчи сифатида аламли ҳолатларга дуч келганмисиз?
- Йўқ, ҳеч қачон бундай вазиятга тушмаганман. Умид қиламанки, фаолиятимнинг охирги дамларигача шундай бўлиб қолади.
- Жамоангиз керакли натижага эришолмаса ёки мағлубиятга учраса, қандай ҳолатга тушасиз ва бу жараён қанчагача давом этади?
- Албатта, кайфият бузилади, тушкунлик безовта қилади. Бу ҳолат узоғи билан кейинги ўйингача давом этиши мумкин.
- Қайси воқеалар фаолиятингиздаги энг ёрқин дамлар сифатида хотирангизга муҳрланган?
- Ёшлар терма жамоаси билан ЖЧ йўлланмасини қўлга киритганимизда қувончдан ўзимни қўярга жой тополмагандим. Бундан ташқари, кичик мундиалда грециялик тенгдошларимизни мағлуб этганимизни ҳам асло унутмайман.
- Мухлисларга тилакларингиз...
- Доимо соғ бўлишсин. Албатта, севимли клубларига ишқибозлик қилишда давом этаверишсин. Футбол фақат мухлислар учун ўйналади, уларсиз миллионлар ўйини ўз жозибасини йўқотиши аниқ.
Акмал Эшонхонов ва Чарос Дўстматова суҳбатлашди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).