Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) Гана терма жамоаси ярим ҳимоячиси Томас Партига Канада томонидан виза берилмагани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Шу сабаб у 2026 йилги жаҳон чемпионати доирасида Панамага қарши учрашувда иштирок эта олмайди.
«ФИФА Томас Парти Гана терма жамоасининг АҚШнинг Бостон шаҳридаги базавий лагеридан Канадага, 18 июнь куни бўлиб ўтадиган Панамага қарши илк ўйин учун йўллана олмаслигини тасдиқлайди, чунки унинг виза аризаси Канада ҳукумати томонидан рад этилган.
ФИФА қабул қилувчи давлатларнинг иммиграция жараёнларига, жумладан виза масалаларига аралашмайди. Олдинги мусобақаларда бўлгани каби, мамлакатга ким кириши ва виза олиши бўйича якуний қарорни қабул қилувчи томон — қабул қилувчи давлат ҳукуматидир», — дейилади ташкилот баёнотида.
Канада расмий қоидаларига кўра, жиноий ишда айбланган ёки судланган шахсларга мамлакатга кириш рад этилиши мумкин. Томас Парти 2025 йил июль ойида Лондон полицияси томонидан бир нечта жинсий зўравонлик ҳолатлари бўйича айбланган. Футболчи айбловларни рад этиб, ҳозирда суд жараёнини кутмоқда.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).