Ўтган ҳафта узоқ кутилган воқеа ниҳоят, рўй берди - «Беназир» номини олган Жозе Моуриньо «Челси» бош мураббийи лавозимидан бўшатилди. Истеъфонинг сабаблари барчага маълум. Энг асосийси - Лондон клубининг «олтин мавсум»дан сўнг жорий чемпионатни ўта мажолсиз бошлаганию, дастлабки 16та турда атиги 15 очко олиб, амалдаги чемпионга сира ярашмайдиган 16-поғонада «қотиб» қолгани. Умуман, Роман Абрамовичга нақ 10 млн. фунт (баъзи манбалар маълумотига кўра, 12 «лимон»)га тушган ушбу қарорнинг бошқа сабаблари ҳам кўп: қисқа муддат олиб борилган йиғинлар (Жозе футболчилар мавсум давомида қаттиқ чарчашганини айтиб, уларга нақ бир ой таътил берганди), клуб шифокори Ева Карнейро билан можаро, етакчилардан бири Эден Азар билан келишмовчилик, омадсизликни турли баҳоналар воситасида хас-пўшлаш (дейлик, ҳакам Жон Моссни очиқ тан-қид қилгани учун 40 минг фунт миқдорида жаримага тортилди)... Шунингдек, «Челси» етакчилари - Жон Терри, Сеск Фабрегас, Диего Коста, Бранислав Иванович, Неманья Матич ва ўша Эден Азарнинг ўйинлари кескин сусайдики, бунда ҳам айнан Жозе Моуриньо айбланди. Хуллас, «Беназир»нинг беназир истеъфоси нақ 10 миллион фунт стерлингга тенг компенсация (товон) пулини ўз ичига олди. Аслида Моунинг анча кўп олиши айтилаётганди (баъзи манбаларда компенсация миқдори 40 «лимон» эканлиги баён этилганди). Лекин кўриниб турибдики, кенг қамровли шартнома бандларига амал қилинганми ёки Абрамович ва Моуриньо ўзаро келишишганми, ҳарқалай, мураббий 10 миллионлик товонга рози бўлди.
МОУ ЎРНИГА ХИДДИНК
«Кўклар» португалияликка жавоб беришдан олдин голландиялик мутахассис Гус Хиддинк билан келишиб қўйган эканлар, чоғи. Ҳарқалай, истеъфо расман эълон қилинганидан кўп ўтмай, The Telegraph нашри «аристократлар»ни жорий мавсум охирига қадар айнан Хиддинк бошқариши ҳақида хабар берди. Эслатиш жоиз, «Челси» Россия терма жамоаси собиқ устози учун бегона эмас. Голландиялик тажрибали мутахассис лондонликларни 2009 йилнинг февралидан июнигача ҳам айнан вақтинча мақоми остида шуғуллантирганди. Ўшанда у Луиз Фелипе Сколари ўрнини эгаллаган ва мавсум якунида «кўклар» билан чемпионатда 3-поғонага кўтарилганди. Қолаверса, клубни ЧЛда ярим финалга олиб чиққанди. Муҳими, Хиддинк «Челси» бошқарувидаги жами 22та ўйинда 16та ғалаба ва атиги 1та мағлубият қайд этганди. «Бир қарорга келишдан олдин жамоадаги айни ҳолат ҳақида кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қилдим. Ахир «Челси» ҳозирда аянчли аҳволда ва бу шунчаки, ўз-ўзидан бўлиб қолган эмас. Аввало, айнан нима рўй берганини аниқлашим керак. Шундан сўнггина ишга киришаман», - деди Хиддинк. Айтганча, унинг штабига «Челси» собиқ ҳужумчиси Дидье Дрогбанинг ҳам кириши таъкидланмоқда.
ХИДДИНКДАН СЎНГ СИМЕОНЕ
Келаси ёзда «Челси»ни «Атлетико»нинг амалдаги бош мураббийи Диего Симеоне қўлга олиши мумкин. «Кўклар» бунинг учун Мадрид клубига 20 млн. евро миқдорида компенсация тўлашади. Ҳарқалай, аргентиналик мутахассиснинг «Атлетико» билан тузган шартномасида айнан шу сумма кўрсатилган. Келишувнинг ўзи эса 2020 йилга қадар мўлжалланган. Демак, «матрасчилар» Диегони товон пули олмасдан қўйиб юбормайдилар. Шунингдек, Хосеп Гвардиола, Хуанде Рамос ва Брендан Рожерс каби мутахассислар номзоди ҳам тилга олиняпти.
МОУРИНЬО ҚАЕРГА КЕТАДИ?
Табиийки, бундай мураббийнинг узоқ вақт бўш юрмаслиги тайин. Айни пайт унинг кейинги иш жойи сифатида «МЮ», «ПСЖ», «Бавария», «Реал» ҳаттоки, «Зенит» каби клублар қайд этилмоқда. Қисқаси, турли манбалар «Беназир»ни турли жойларга «юбормоқда».
«ЮЛДУЗЛАР ЖАНГИ» ЧЎТ ЭМАС
Моуриньонинг истеъфоси Google тизимидаги сўровлар сони бўйича «Юлдузлар жанги» фильмини ортда қолдирди. Тўғрироғи, 17 декабрь куни ишдан олинган мураббий бўйича «Моуриньо» сўрови 25 дақиқа ичида яққол «етакчилик» қилди. Яъни Googleда одамлар «Юлдузлар жанги» масаласидан ҳам Моунинг истеъфосига кўпроқ қизиқишди. Қисқаси, тармоқда маълум вақт «Моуриньо» ёзуви кўпроқ учради.
ЕВА КАРНЕЙРО ҚАЙТИШИ МУМКИН
Sky Sports хабарига кўра, Моуриньо билан жанжаллашиб, клубдан кетган шифокор аёл Ева Карнейро яна «Стэмфорд Бриж»га қайтиши мумкин. Манбада таъкидланишича, унинг кетганидан сўнг клубнинг етакчи футболчилари қандайдир тушкун ҳолатда қолганлар. Муҳими, Еванинг жамоага қайтишига энди ҳеч қандай тўсиқ йўқ.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).