Бу сулолага бутун мамлакат аҳли ҳавас қилади. Бундай шаънни йиллар давомида ушлаб туриш, халқ меҳрига сазовор бўлиш осон эмас. Нафақат спорт журналистикасида фаолият юритаётганларга, балки спорт жамоатчилиги учун ҳам бирдек қадрли ва суюкли Ахбор ака бугун ҳам тетик ва навқирон.
Эртага ана шу инсон, Имомхўжаевлар сулоласи сарбони, ўзбек футболи фидойиси, миллий спорт журналистикасининг ёрқин намоёндаси, республика тоифасидаги ҳакам, «Шуҳрат» медали соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Ахбор Имомхўжаев ўзининг 80 ёшлик юбилейини нишонлайди.
Юртимизда футболнинг оммавийлашувида Ахбор Рустамовичнинг хизматлари катта. Аввало республика радиосида, кейинчалик телевидениеда Ахбор аканинг шарҳларини тинглаб катта бир авлод шаклланди. Миллий футболимизга бағишланган бир қатор китоблар муаллифи ҳисобланган Ахбор аканинг оиласида дўсту ёрлари, яқинлари тўпланади.
Устоз бетакрор шарҳлари орқали миллионлар қалбидан жой олган, бугунги авлод эса унинг «Футбол – қувончим, дардим, фахрим», «Мафтунингман футбол», «Ўзбегимнинг Миржалоли» каби китобларидан баҳраманд бўлиб улғайишмоқда.
Аввало, интервьюни қай тарзда олиб бориш кераклиги хусусида кўп ўйладим. Ўзига хос саволлар бергим, "NewsArena" муштарийларига ҳали таниш бўлмаган қирраларини етказгим келди. Аммо бунга ҳожат қолмади. Дилкаш устознинг ўзи вазиятдан чиқарди. Ўзингиз ҳам ўқиб, ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.
– Бугун ортга қараб, хаёлингиздан қандай ўй-кечинмалар ўтяпти?
– Футбол шунақа нарсаки, кишини жалб қилаверади. Хабарингиз бор, бизнинг турли соҳа вакилларидан ташкил топган “Тонг” жамоамиз бор. У ерда бир вақтлари футбол билан шуғулланган, кейинчалик касб тақозоси билан яшил майдонни бир муддат тарк этиб, эндиликда бироз қорин қўйган, сочлари оқарган, юзларига ажин тушган ҳолда футболга қайтганлар бор. Жамоамизда юртимизнинг таниқли ҳуқуқшуносларидан бири, бир вақтлари биз билан ўйнаган Ҳабибулла ака деган одам бор эди. Ҳозир ҳам ҳаёт. Ўша одам жамоамиздаги ёш жиҳатидан ҳаммамиздан каттаси эди. Биродар Абдураимовга қарши шу одамни қўяр эдик. Унинг ўйинларини кўриб, мен ҳам шу одамга ҳавас қилардим, энг ёши улуғ одам бўлармикинман, деган хаёлга борардим. Шукрки, ҳозир ўша жамоамизнинг энг катта ўйинчиси менман. Буларнинг барчаси учун Яратганга шукрона айтаман.
– Биринчи шарҳга ўтирган кунингизни эслай олайсизми? Ўша пайтларда ўзбек шарҳловчилик мактаби энди оёққа тураётган пайтлар эди. Ҳар ҳолда биринчи бўлиш масъулияти оғир.
– “Тошкентдан гапирамиз ва кўрсатамиз” деб номланган газетада шарҳловчилар учун танлов эълон қилинган экан. Ўша пайтда биз Тошкент вилоят педагогика билим юрти талабалари билан пахтада эдик. Танловдан хабарим йўқ. Курсдошларим айтиб қолишди. Ўша даврнинг энг машҳур шарҳловчилари Николай Озеров, Котэ Махарадзеларга тақлид қилиб, ўйинларни шарҳлаб юрардим. Ўртоқларим сабабчи бўлиб, танловда қатнашдим. Ҳозирги тил билан айтганда, бадиий кенгаш бор эди. 26 киши имтиҳон топширимиз керак. “Пахтакор” стадионидаги ўйинлардан бирини шарҳладим. Овоз ёзадиган радио-машинанинг ичи иссиқ, фақат стадион томонда ойна бор. Тасаввур қилинг, қандай ҳолатда шарҳлаяпмиз. Ўша ерда овозни ёзиб олишди, кейин режиссёр, сухандон, санъат арбоблари, спорт мутахассисларидан иборат кенгаш шарҳни эшитиб кўришди. Охири Роман Турпишев рус, мен ўзбек гуруҳда ғолиб чиққанмиз. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Альберт Азатян Турпишевга устозлик қиладиган бўлди, менга эса Ўзбекистон халқ артисти, ўзбек сухандонлик мактабини яратган Туйғуной Юнусхўжаева устозлик қила бошлади. 1956 йилдан бошлаб радиода шарҳларни бошлаб юбордик. 1961 йил “Пахтакор” олий лигага чиққанидан кейин телевидениеда ҳам учрашувларни шарҳлайдиганбўлдик. Репортажни Турпишев бошлаб берарди, у 20 дақиқадан сўнг менга қарар эди, ўзбек тилида шарҳни давом эттирардим. Бир-биримизни тўлдириб кетардик. Кўпчилик бизни Ҳасан-Ҳусан дерди. Қисқа масофага югуриш ва узунликка сакраш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, республика тоифасидаги ҳакам, хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт ходими, серғайрат, янгиликка интилувчан бу инсон билан узоқ йиллар ёнма-ён, елкама елка фаолият юритиш насиб этди. У 1989 йил февралда вафот этди. Устоз қалбимизда ҳамон яшайди.
– Биз сизни спорт шарҳловчиси сифатида кўпроқ биламиз. Аммо мутахассислик нуқтаи назаридан олиб қараганда, жисмоний тарбия институтида таҳсил олгансиз, у ерда дарс бергансиз. Ушбу йўналишда нега ишлаб кетмагансиз? Балки бугун етук мураббий ҳам бўлишингиз мумкин эди.
– Эҳтимол бўлиши мумкин эди. Мактабда ўқиб юрганимда география ва тарихни яхши кўрардим. Устозларим Қобил ака Муҳаммедов ва Осиё опа Шодиева дарсларни мияга қўйиб қўярди. 1959-1964 йилларда ҳозирги Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтида таҳсил олдим. Ва “Ўзгариш” мавзесидаги мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиш билан бир вақтда институтда ҳам ишлай бошладим. Бир неча нафар шогирд тайёрладим. Улар ҳозиргача эслаб юришади. Яқинда қизиқ ва кутилмаган воқеа юз берди. Ёнимизда 20-умумтаълим мактаби бор. Ўша ерга эварамни 1-синфга олиб чиқдим. Биринчи қўнғироқ дарсидан олдин мактаб ҳовлисида байрам тантанаси бўлди. Тадбир давом этяпти. Мактабдаги устозлардан бирига “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси” унвонини топшириш вазифаси юклатилди. Медални тақаётганимда бир аёл шундоқ ёнгинамизда йиғлаб турибди, невараси ҳам бор. Нега йиғляпсиз, десам, эсингизда борми, 1963 йилда “Ўзгариш”даги 83-мактабда жисмоний тарбиядан дарс бергансиз, ўша пайтда мен 5-синфда ўқирдим. Мактаб ва институтни битирдим. Шу маҳаллага келин бўлиб тушганман, сизни кўриб ўша даврлар ёдимга тушиб кетди. Бу менинг неварам, у билан эсдалик учун бир суратга тушинг, деб қолди. Бу билан нима демоқчиман, агар мураббийлик ёки устозлик йўлини танлаганимда ҳам етук кадр бўлиб етишишим мумкин эди.
– Интервьюларингиздан бирида “ҳозирги журналистлар тор мутахассислик билан қаноатланишади. Масалан, футболга ихтисослашса, бошқа спорт турларига эътибор бермайди. Спорт журналисти спортнинг ҳамма соҳасини билсин. Жаҳон чемпионатлари, олимпиада ўйинлари, оддий мусобақалар ҳақидаги маълумотлардан хабардор бўлсин” деган эдингиз. Бугунги кунда буни амалга қанчалик тадбиқ этиш мумкин. Чунки ихтисослашиш деганда кўпчилик маълум бир спорт турини тушунади.
– Битта спорт турини чуқур билиш мумкин, лекин бу бошқаларини билмаслик керак дегани эмас. Мисол учун, сизни танийдиган мухлис кўчада кўриб, эшитдингизми, Синдаровлар шахматда жаҳон чемпиони бўптими, деб сўраб қолади. Сиз футболдан бошқасига қизиқмайман, деб жавоб берсангиз, журналист сифатида савиянгизни билдириб қўясиз. Инсон ўз маҳоратини муттасил ошириб бориши керак. Тўғри, барча турларни билиш имконсиз. Лекин бугунги ахборот замонида бошқа янгиликларни ҳам кузатиб бориш фойдадан ҳоли бўлмайди. Биз эрталабки соат 8.15да эфирга чиқардик. У пайтда интернет деган нарса йўқ эди. Кечаси билан ахборотларни саралаб, тайёрлаб, эрталаб етти яримгача ўқиб, магнит тасмасига ёзиб, эфирга кетаётганда, уйга қайтиб келаётган бўлардим. Исроил ака деган қўшнимиз бўларди, ҳозир радиодан овозингиз чиқиб турувди-ку, сиз кўчада юрибсиз, деса ҳазиллашиб, ие, билмайсизми, овозимни уйда ёзиб кетишади-ку, дердим. Кўряпсизми, журналист қандай изланувчан бўлиши керак?! Кечаси билан ухламасдан маълумотларни тўплаб чиқар эдик. Шу маънода бугунги қалам аҳли ўз навбатида барча янгиликларни ўз вақтида билиб борса, фақатгина фойдали бўлади, деб ўйлайман.
– Биз сизни шарҳловчи, ҳакам, назоратчи ҳакам, жисмоний тарбия мураббийи, истеъдодли раҳбар, ёзувчи сифатида кашф этганмиз. Уларнинг қайси бири кўнглингизга яқин?
– Бирисини ажратиб айтолмайман. Ҳозир қилаётган ишим ҳақида гапирсам, ўзбек футболининг 100 йиллигига бағишланган “Аср футболидаги асил қадрдонларим” деб номланган китоб устида ишлаяпман. Суратларсиз 700 саҳифани ташкил этяпти. Энциклопедик-китоб. Бу китобдан ўйинчи, мураббий, ҳакам, журналист, ҳомий, ҳамкорлардан иборат 237 киши ҳақида маълумотлар ўрин олган. Китоб биринчи ўзбек футболчилари Ҳусанхон Муҳиддинов, Мусахўжаевлардан бошланиб, ҳозирги терма жамоамиз аъзолари Одил Аҳмедов ва Виталий Денисовлар билан тугайди. Ҳаётим давомида уларнинг деярли барчаси билан учрашганман, оиласида бўлганман ёки улар бизникига келишарди. Китобни тайёрлаш жараёнида ҳам барчасининг хонадонида бўлиб, ё уларни уйга таклиф қилиб, маълумотларни тўпладим. Бир пайтлари “Тонг” жамоасида ўйнаган, фан номзоди, 80-йилларда ЎФФ раиси бўлиб ишлаган, айни пайтда Москвада тижоратчилик билан шуғулланаётган қадрдоним Гелий Согонов китоб ҳақида эшитиб хурсанд бўлди, агар муваффақиятли чиқса, уни инглиз тилига таржима қилиб, 2018 йил Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатида барча иштирокчиларга тарқатамиз, деган таклиф билан чиқди. Бу янаям масъулиятни оширди. Ҳозир турсам ҳам, ётсам ҳам шу китоб ҳақида ўйлаяпман. Бирортаси қолиб кетиши керак эмас. Айниқса, ўтиб кетганларни топиш жуда ҳам қийин. Сиз билан ҳам гаплашиб туриб, хаёлимда шу. Китобни март ойининг ўртасигача Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбари Мираброр Усмоновга топширмоқчиман. Маъқул келса, федерация нашриётида босмоқчимиз. Демак, ҳозир ёзувчилик дунёсида яшаяпман, десам тўғрироқ бўлади.
– Сиз билан суҳбатлашганда, албатта “Пахтакор-79” ёдга олинади.
– Биринчи навбатда, эй Худо, узоқ умр бергину пахтакорчилар ҳалокатга учраган жойни кўриш насиб этсин, деб сўрар эдим. Биласиз, Қаршининг “Севинч” аёллар клуби бор. Ўзбекистоннинг 11 карра чемпиони. Барча ўйинларида, тақдирлаш маросимларида иштирок этганман. Қизлар билан жуда яқинмиз, улар мени “дода” дейишади, мен “асал қизим” дейман. Битта тадбирда қизлар, ўйин ўз йўлига, аммо турмуш қуриш ҳақида ҳам ўйлаш керак ва тўйга мени ҳам албатта таклиф этинглар, деб айтдим. Етти қизнинг тўйида қатнашдим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Владислав Хан ва клуб бошлиғи Абдураҳмон Юмангулов билан ҳам қадрдонмиз. 2007 йилда Абдураҳмон телефон қилиб, суюнчи беринг, Украина чемпиони бир ҳафталик ўқув-машғулот йиғини учун Киевга чақиряпти, сизни ҳам олиб кетмоқчимиз, қизлар эслатишмаганда, ёдимизда ҳам йўқ эдингиз, деб қолди. Яхши бўларди, баҳонада “Пахтакор-79” ҳалокатга учраган жойни ҳам кўриб келамиз, дедим. Уларга маъқул келди. Киевга боргач, бир кунни ажратиб, Днепродзержинск шаҳарчаси яқинидаги Куриловка қишлоғига бориб, авиаҳалокат содир бўлган жойни зўрға қидириб топдик. Ёмғир ёғаётган пайт эди, ўша ердан ҳалокатга доир нимадир топиш мақсадида юмшоқ ерни кавлаб, самолёт бўлаклари ва синиқлардан эсдалик учун олдик. Ўртага хоч қўйилган экан, рамзий қабр. Ҳозирда Куриловка қишлоғида ҳайкал ҳам ўрнатилди. “Пахтакор” жамоаси шаҳарча жамоаси билан шартнома имзолаб, қишлоқ футболчилари учун анжомлар, либослар жўнатиб туришади. Улар Днепропетровск вилояти биринчилигида “Пахтакор” либосида майдонга тушишади.
– Фарзандларингиз сизнинг йўлингизни танлашган. Бугун улар ҳам устозлик даражасига чиқиб қолишди. Неваралар ҳам шу йўлдан кетмоқда. Сизнинг таъсирингизми ёки оилавий муҳит шуни талаб қилганми?
– Уларнинг ўзлари қизиқишган. Ёшлигидан уйда футболни кўп муҳокама қилардик. “Қувноқ стартлар” телемусобақасига Зафарни кўп олиб борардим, ўша пайтда унинг қулоғига қулоқчин тақиб, суратга ҳам олганман. Ўшандан уларда соҳага қизиқиш уйғонган. Мана ҳозир Диёрнинг ҳам ўз мухлислари бор.
– Суҳбатимиз барибир бугунги мамлакат футболи ва у бошидан кечираётган ривожланиш палласидаги ёқимли ва ёқимсиз натижалар, мураббий ва ҳакамларимиз маҳорати, болалар футболига бориб тақалади.
– Бугунги футбол ҳақида сўз кетганда, битта гапни айтиш керак. Юқорида “Севинч” жамоаси ҳақида гапириб ўтдим. Қитъамизда аёллар футбол клублари иштирокида Осиё чемпионлар лигаси мусобақасини ташкил этиш керак, бундай турнир йўқ, бунга эса катта эҳтиёж борлигини таъкидлаш керак. “Севинч” усти ёпиқ иншоотларда ўтказиладиган спорт турлари бўйича Осиё чемпиони, Европа чемпионлар лигасида танловдан ташқари қатнашиб, ярим финалда болгарияликларни, финалда рус қизларини енгиб, ғолиб бўлиб қайтишди. Ҳозир авлодлар алмашинуви бошланмоқда. Янги қизлар етишиб келяпти. Лекин “Севинч” жамоаси фақатгина мамлакат чемпионлиги билан чекланмоқда. Осиёда аёллар футболига эътибор кам. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаси ҳақида ҳам илиқ гапларни гапириш мумкин. Осиё чемпионатида совринли ўринларни эгаллаб, жаҳон чемпионатларида ҳам кучли саккизталикка кирмоқда. Ҳакамимиз Равшан Эрматовни дунё тан олганини ўзингиз кўриб турибсиз. Бу томондан кўнгил тўқ. Ютуқлари эвазига мураббийларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқда. Бир сўз билан айтганда, эътибор катта. Аммо катталар терма жамоаси эса биз кутган натижани бермаяпти. Ахир ишқибозлар яна неча йил кутиши керак?! На жаҳон чемпионатига, на Олимпиада ўйинларига боролмасак... Қаерда хато қилдик, нимага аҳамият бермадик?! Шуларни сарҳисоб, таҳлил қилиш керак. Қатарда ўтказилган сўнгги Осиё чемпионатини олайлик. Натижадан кўпчилик ишқибозларнинг кўнгли ранжиди. Бир ўйинчи йил давомида жароҳат олиб ётса-ю, асосий таркибда майдонга тушиб кетса... Унинг ўрнига эса қанча даъвогарлар бор. Ёки шунча йил ҳимояда ўйнаб келган бўлса-ю, оқибатда ярим ҳимояга қўйилса. Кимнинг ўрнига кимни туширишни ҳам билмаяпмиз. Дарвозабон марказдан тўпни қўйиб юборяпти. Игорь Сергеевни олайлик, мамлакат чемпионатидаги муносиб ўйинчи, ўйинини кузатдингизми? Хуллас, йўл қўйилаётган хатоларни узоқ таҳлил қилиш мумкин. Битта мураббий жамоани оёққа турғазиш учун 4-5 йил ишлаши керак. Битта мағлубиятдан сўнг унинг хизматидан воз кечиш керак эмас. Кечувда от алмаштирилмайди, деган ажойиб нақлимиз бор. Ёки мураббийларимиз учун ташкил этиладиган семинарларимиз бор. Улар бу билан чекланиб қолиши керак эмас. Малакасини ошириш учун хорижга юбориш керак. Истеъдодлар кўп. Уларни танлай билишимиз керак. Бир куни Косонсойдаги дам олиш сиҳатгоҳида менга савол беришди, 500 киши ўтирибди. Биз қачон Европа футболига етиб оламиз? Одамлар, қани қандай жавоб бераркин, деб қараб туришибди. Кўҳна қитъа футболини қўйиб турайлик, биз олдин Африкага етиб олайлик, деб жавоб бердим. Роса кулги бўлди. Бу футболчиларни масхаралаш эмас, имкониятимизга қараб баҳо берайлик. Жаҳон чемпионатига чиқадиган кунларни кўриш насиб этсин!
– Сизнинг ташаббускорлик ва ана шу ташаббусни ташкил этишдаги маҳоратингиз ҳақида кўп эшитганмиз. Синфдошлар билан юбилей учрашувлар, маълум саналарга бағишланган тадбирлар ёки туғилган кунлар билан яқинларни қутлаш маросимлари... Бу қизиқишми ёки масъулиятми?
– Бу қизиқиш. Биринчидан, ўртоқларим бошлайди. Маҳалламизда ҳам, авваллари ишхонада ҳам улар таклиф билан чиқишарди. Қолганига ўзим елиб-югурардим. Бугун ҳам бу анъана йўқолмаган.
– Бугун ҳали ҳам тетик ва бардамсиз. Айниқса, ҳафтада уч маротаба футбол ўйнагани бориб турасиз. 80 ёшга чиққан одамнинг бу ишга ҳафсала қилгани эътиборли. Бу нимани англатади, ёшлик шижоати тарк этмаганими ёки ўзингизни соғлом тутиб туриш учун бу қоидага амал қиласизми?
– Аввало, саломатликни тиклаш учун. Ўтган йили камондан ўқ отиш федерацияси вице-президенти, бир вақтлари Давлат спорт қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Шавкат Тўлаганов “Тонг”да орттирган дўстларим” деб номланган китоб чиқарди ва у ерга киритилган барча ўйинчиларнинг оила-аъзоларига етказиб берди. Ўз соҳасининг кўплаб номдор инсонлари жамоада тўп тепган. Шахматчи Синдаровларнинг бобоси Комил ака ва ўғли Санжар ҳам жамоамиз аъзолари. Бундай шахслар кўпчиликни ташкил этади. Бугунги кунда айрим катта ёшлилар фарзандларини ҳам етаклаб келишмоқда. Лекин уларга талаб қўйилган, фахрийларни эпчиллик билан алдаб ўтиш ярамайди. Мисол учун, Биродар Абдураимов ҳам биз билан ўйнайди, ёш ўйинчи мен Абдураимовни алдаб ўтдим, деб мақтаниб юради. Спортга тарбияли, маънили, уқувли футболчилар керак. шу ўринда бир мулоҳаза келиб қолди, Таиландда ўтказилган Қирол кубоги мусобақасида олимпия терма жамоаси аъзосиТоҳир Шамсиддиновнинг хурмача қилиқлари эсингиздами, у ўзини майдонда қандай тутгани-ю бутун қитъага шарманда бўлгани-чи? Ёки Максимилиан Фоминнинг сўкинишларини олайлик?! Шу сабабдан ҳар бир ўйинчи учун мураббийлар жиддий масъулиятни бўйнига олиши керак! Шундагина ўсиш бўлади. Маънавияти юксак инсон спортчи бўлсин.
– 80 йиллик юбилейни қандай нишонламоқчисиз?
– 60 ва 70 ёшлик юбилейларимни фарзандларим билан биргаликда халққа ош бериб нишонлаганман, ижодий кеча ташкил этганман. Биласиз, 80 ёшда ош берилмайди. Яратгандан сўраладики, яна умр бергин-да, 83 йилу 4 ойликкача, “Минг ойлик”ка етиб юрай, деб дуо қилинади. Ўшанда ош бермоқчиман. Шу кунларда ЎФФ раҳбариятидан рухсат олдим, пойтахтимиздаги “Ёшлик” аренасида турнир ташкил этмоқчимиз. Унда неваралар ва жиянлар икки жамоа бўлиб, “Аланга” ва “Шодлик” жамоаси номи остида майдонда тўп суришади. Биттасига Аброр, биттасига Зафар мураббийлик қилади. Учрашув тамом бўлгач, уларга турли номинациялар бўйича совринлар таъсис этилган. Сизга бир сирни айтишим мумкин, “Энг чиройли гол” муаллифига совринни Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муяссар Раззоқова топширади. Шундан сўнг шогирдим Рустам Акромов фахрийлар ўртасида мусобақага иштирокчиларни таклиф этади. “Тонг” ва “Фортуна” (Самарқанд) жамоалари ўзаро баҳс олиб боришади. Кейин 7 нафар эварам гул кўтариб чиқиб, мени қутлашади. Шу тарзда тузилган алоҳида дастур бор. Унда барча фарзандларим, невара ва эвараларим иштирок этишади. Иштирок этсангиз, ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин!
Устозбилананчасуҳбатлашдик. Яқинда бир воқеа бўлган экан. Суҳбат давомида билиб олдим. Телевидениега кўрсатувда иштирок этиш учун таклиф этишибди. Тасвирга олиш ишлари бошланай деганда, муаллиф келиб, минг истиҳола билан кўрсатувда устознинг қатнашиши мумкин эмаслигини тушунтириб, кузатиб қўйибди. Эҳтимол, бунга Имомхўжаевлар билан кейинги пайтда содир бўлган шов-шувли воқеалар сабабдир. Аммо бугун эл ардоқлаган инсонга бундай муносабат ярашмайди.
Биз устозга узоқ умр, тани сиҳатлик, бугунгидек навқиронлик ҳамроҳ бўлишини, биз шогирдларга маёқ вазифасини ўтаб юришини тилаймиз.
Фазлиддин САТТОРОВ суҳбатлашди
“News Arena” газетасининг №6-сонидан (2016 йил) олинди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).