Жароҳатлар тўсатдан рўй беради, бу муаммо туфайли йирик турнирни ўтказиб юбориш жуда аламли. Масалан, ЖЧ-2014 чемпионлигини қўлга киритиши мумкин бўлган Марко Ройснинг мусобақа арафасида лат ейиши кўпчиликни ранжитганди. Мана, Евро-2016 бошланишига саноқли кунлар қолган бир паллада кўҳна қитъанинг йирик турнирини ўтказиб юборадиган таниқли футболчилар номи аниқ бўлиб улгурди. Қуйидаги фотогалерея орқали улар билан танишишингиз мумкин.
Денис Черишев (Россия)

Ижара асосида «Валенсия»да ажойиб ўйин кўрсатган россиялик ҳужумчи кетма-кет жароҳат олди. Жарроҳлик операциясидан сўнг 4 ой мобайнида даволанадиган футболчига ЖЧ-2018га тайёргарлик кўриш тавсия этилди.
Венсан Компани (Бельгия)

ЕЧЛ ярим финалининг Мадридда бўлиб ўтган жавоб учрашувида маҳоратли ҳимоячи жароҳатланди. Шу тариқа, Компани 4 ойга сафдан чиқди. Демак, у ҳам Евро-2016дан четда қолади.
Клаудио Маркизио (Италия)

«Ювентус» клуби ва Италия терма жамоасининг асосий ярим ҳимоячиларидан бири апрель ойи ўрталарида бўлиб ўтган «Палермо»га қарши баҳсда жиддий жароҳат олди. Ўтган Европа чемпионати финалида тўп сурган Маркизио бу галги мусобақани телевизор орқали кузатади, чоғи.
Марко Верратти (Италия)

Италия термаси учун яна бир жиддий йўқотиш. Верратти «ПСЖ»нинг ЕЧЛдаги муҳим ўйинларини ўтказиб юборди. Энди эса, Евро-2016дан ҳам четда қолади. Ҳа, Антонио Конте жиддий муаммолар гирдобида қолган кўринади.
Илкай Гюндоган (Германия)

Дортмунднинг «Боруссия» клуби ярим ҳимоячиси ЖЧ-2014ни ҳам жароҳат туфайли ўтказиб юборганди, бу сафар Европа чемпионатида иштирок этиш бахтидан мосуво бўлди. Қолаверса, унинг «Ман.Сити»га ўтиши ҳам сўроқ остида қоладиган кўринади.
Алекс Окслейд-Чемберлен (Англия)

Маълум муддат «Арсенал» футболчисига омад кулиб боқди: гарчи клубида асосий таркибдан жой олмасада, Хожсонга унинг ўйини маъқул келиб, мунтазам равишда терма жамоага жалб этилаётганди. Аммо тиззасидан олган жароҳати Окслейд-Чемберленнинг умидларини чиппакка чиқарди.
Фабиу Коэнтрау (Португалия)

Эндигина 28га тўлган ҳимоячининг фаолияти қил устида. Жорий мавсумни Коэнтрау ижара асосида «Монако» сафида ўтказди. Аммо соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли кам ўйнади. Апрелда олинган навбатдаги жароҳат Фабиунинг Евро-2016дан четда қолишига сабаб бўлди.
Курт Зума (Франция)

Ёш ва бақувват марказий ҳимоячи жорий мавсум «Челси» асосий таркибидан Гари Кэйхиллни «сиқиб чиқарганди». Унинг терма жамоа билан ўз уйларида ўтадиган Европа чемпионатида қатнашиши кутилаётганди. Аммо бунга тиззасидан олган жароҳати тўсқинлик қилди.
Крис Брант (Шимолий Ирландия)

«Вест Бромвич»нинг 31 ёшли ярим ҳимоячиси Шимолий Ирландия термаси билан илк бор Еврода қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Аммо Франция яшил майдонларида тўп суриш унга насиб этмайди - тиззадан олинган оғир жароҳат панд берди.
Алан Жаж (Ирландия)

Эҳтимол, бу футболчи ҳақида эшитмагандирсиз, аммо унинг ҳам умидлари саробга айланди. «Брентфорд» сафида Англия чемпионшипида ажойиб ўйин намойиш этиб келган футболчи мартда ниҳоят, терма жамоада дебютини нишонлаганди. Аммо «Ипсвич»га қарши кечган баҳсда оёғини синдириб олди.
Маттиа Перин (Италия)

The Telegraph газетаси томонидан жаҳоннинг 4-рақамли дарвозабони деб топилган ёш кипер Италия термасининг учинчи посбони сифатида Евро-2016га бориши мумкин эди. Аммо тиззасининг лат ейиши бунга тўсқинлик қилди.
Жек Батленд (Англия)

23 ёшли супер иқтидор эгаси ҳам Европа чемпионатидан четда қолади. «Сток» сафида ажойиб мавсумни ўтказган Батленд исталган пайтда Жо Хартнинг миллий жамоадаги ўрнини тўлдиришга тайёр эди. Аммо Германия термасига қарши кечган ўртоқлик ўйинида жароҳат олгач, йирик мусобақадан четда қолиши ойдинлашди.
Роб Эллиот (Ирландия)

Тим Крул сафдан чиққач, Эллиотга «Ньюкасл» асосий таркибидан жой кафолатланганди. Роб ёмон ўйнамади, унинг Ирландия термаси билан Еврога бориши кутилаётганди. Аммо тиззасидан олган жароҳати барчасини барбод қилди.
Данни (Португалия)

Россия футболидаги энг ҳурматга сазовор ва омадсиз легионерлардан бири «Спартак» билан ўйинда жиддий лат еди. Жароҳат уни Евро-2012даги иштирокдан мосуво этганди. Энди эса, Евро-2016 ҳам усиз ўтадиган бўлди.
Мамаду Сако (Франция)

Европа Лигаси доирасидаги «МЮ»га қарши кечган баҳсдан сўнг «Ливерпуль» ҳимоячисининг қонида допинг моддаси борлиги аниқланди. Ҳозирча Сако 30 кунлик дисквалификация муддатини ўтаяпти. Аммо бу муддат чўзилиши эҳтимоли юқори, оқибатда эса...
Дэнни Уэлбек (Англия)

«Арсенал» форварди «Ман Сити» билан ўйинда тиззасидан жароҳат олди. Айнан шу омил Уэлбекнинг Евро-2016дан четда қолишига сабаб бўлди.
Sports.ru - Ў. УМАРОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).