Бир неча кундан буён Австралиянинг Мельбурн шаҳрида “Australian open” (“Улкан тож” туркумига кирувчи) мусобақа бўлиб ўтмоқда.
Ушбу мусобақанинг яккалик баҳсларида юртдошимиз Денис Истомин иштирок этиши аввалдан маълум бўлиб улгурган эди.
Мусобақанинг 1-босқичи Денис Истомин учун омадли келди. Ўзидан савияси ва рейтинги жиҳатидан пастроқ бўлган хорватиялик Иван Додиг деган теннисчини Денис Истомин қийинчиликсиз мағлуб эта олди.
Аммо 2-босқич Денис Истомин учун ҳақиқий фожеа бўлиши тахмин қилинди. Сабаби ана шу паллада теннис бўйича дунё рейтингида 117-ўринда бораётган ватандошимиз Денис Истомин, жаҳоннинг 2-ракеткаси Новак Жоковичга қарши беллашар эди. Бу баҳс ғолиби эса 3-босқичга ўтиш имкониятини қўлга киритарди.
Хўш, Новак Жокович ким эди? Агар бироз ўтмишга қайтадиган бўлсак. Эслайман, бундан қарийб 7-8 йиллар илгари теннис оламидаги иккита юлдузни танир эдим. Булар: испаниялик Рафаэл Надал ва швейцариялик Рожер Федерер. Ҳар иккаласи кетма-кет мусобақаларнинг финал ва ярим финалларида тўқнаш келишар ва кўпинча Рафаэл Надалнинг қўли баланд келар эди. Ана шу вақтда теннис оламининг қироли, дунё рейтингида 1-ўринда турган бу Надал эди. Аммо сербиялик Новак Жокович осмондан тушгандек пайдо бўлди ва у кетма-кет мусобақаларда ғалаба қозониб, титуллар қўлга кирита бошлади. Энг номдор Рафаэл Надал ҳам унинг учун ҳеч ким бўлмай қолди. Надал асли испаниялик эмасми, тупроқли кортларда у мана-ман деганини ҳам додини бериб қўяр эди, аммо Жокович тупроқли кортларда ҳам Надални қақшатқич мағлубиятларга учратди. Махсус қопламали ва ҳаттоки майсали кортларда ҳам ана шу вақтларда Новак Жокович Рафаэл Надалдан устун келди. АҚШ, Австралия ва Буюк Британиядаги турнирлар финалида Надалга, ҳаттоки чапақайлиги ҳам ёрдам бермади. Новак Жокович Надални руҳан синдирди, 2011 йилда Новак Жокович Надалдан дунё теннис таснифидаги 1-ўринни тортиб олди.
Швейцариялик Рожер Федерер бир амаллаб бошланишига Жоковични мағлуб этиб турган бўлсада, кейинчалик у ҳам Жоковичнинг соясида қолиб кетди.
Фақатгина 2016 йилга келиб британиялик Энди Маррейга имкониятни бой берган Жокович, 2017 йил бошида дунёнинг 2-ракетгасига айланиб қолганди.
Новак Жокович бугунга келиб теннис ортидан 100 000 000 доллордан кўпроқ пулни ишлаб олишнинг ҳам уддасидан чиққан.
Бевосита "Австралия опен"га қайтадиган бўлсак, Новак Жокович бу турнирда 2008, 2011, 2012, 2013, 2015, 2016 – йилларда зафар қучган ва бу йилги мусобақада ҳам сўзсиз фоворит эди.
Денис Истомин эса Новак Жокович билан солиштирганда ҳеч ким эмас эди. Ўзбекистонлик ватандошларимизни ҳисобга олмаганда ҳеч ким Денис Истоминдан бу баҳсда ғалабани кутмаган эди. Аммо ҳаммаси бошқача бўлди. Дунёнинг 2-ракеткаси Новак Жоковични Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Денис Истомин сал кам 5 соат давом этган ўта мураккаб баҳсда мағлуб эта олди. Бу ҳақиқий сенсация эди.
Ана шу баҳснинг сўнгида Мельбурн шаҳридаги аренага эътибор қаратдим. Ана шу маскан одамлар билан тўлиб тошган, журналистлар, камералар ва казо-казоларнинг охири йўқ эди. Шундайин муҳитда Истомин кимсан Новак Жоковични мағлуб эта олди. Тасанно!!!
Учрашув ўз поёнига етгач Жокович кортни тарк этди, Денис Истоминнинг олдига эса журналист келиб интервью олди. Денис ўзи мағлуб этган Жоковичдан узр сўради ва инглиз тилида ана шу ерда интервью берди. Дастхатлар улашди. Бу ҳар томонлама Денис Истоминнинг шу вақтгача бўлган фаолиятидаги энг шов-шувли ғалабаси эди.
Денис Истомин нафақат Жоковични мағлуб этган, балким турнирнинг 3-босқичига ҳам чиққан эди. Бу босқичда унга дунёнинг 30-ракеткаси, испаниялик Пабло Корена Буста рақиблик қилди. Уч ярим соатлик беллашув сўнгида Денис Истомин бу рақибини ҳам енга олди. Ғалаба қўлга киритилгач, Истомин қўлини кўксига урди, кейин худди Роналду каби ҳайқириб, Месси каби икки қўлини юқори кўтарганча ғолибона юриш қилди.
Энду у Мельбурндаги турнирнинг 4-босқичида эди. Бу ҳақиқий дахшат эди. Ҳали Денис Истомин бу турнирда ҳеч қачон 4-босқичгача етиб кела олмаган ва бу унинг шахсий рекорди эди.
4-босқич ғолибини чорак финал босқичи кутиб турар эди. Баҳс 2017-йилнинг 23-январь куни Тошкент вақти билан соат 11:00 да бошланди. Мен ҳам сўзсиз бу ўйинни Телевизор қаршисида ўтирганча Денис Истоминга мухлислик қилдим. Учрашувни Спорт ТВ жонли эфирда намойиш этди.
Дарвоқе, унинг бу галги рақиби болгариялик Григор Димитров эди. У шу бугунги ҳолат бўйича дунёнинг 15-теннисчиси эди. Шу бугунга келиб мен Денис Истомин ғолиб бўлишига чин дилдан ишондим ва Худодан сўрадим. Истоминдан бугун умидларим тоғлар қадар катта эди.
Денис Истомин баҳснинг биринчи сетда 6-2 ҳисобида жуда осонлик билан ғолиб бўлди. Аммо бир ҳолат менинг табимни хира қилди. Яъни Мельбурн шаҳрида бир неча секторларда болгариялик мухлислар тинимсиз Григор Димитровни қўллаб-қувватларди. Ҳамма унинг исм-фамилиясини айтганча, уни олқишлашар эди. Албатта, бу Денис Истомин учун жуда катта руҳий босим эди. Афсуски, ана шу масканда ўзбекистонлик мухлислар деярли кўринишмади. Деярли ҳеч ким Денис Истомин деб дод-фарёд солмади. Ора-орада “Давай, Денис”, “Истомин” деган ҳайқириқлар бир-бир эштилиб қолди, холос. Бир кадрда эса иккита одам Ўзбекистон байроғини тутиб тургани кўзга ташланди. Бири эса байроғимизни ҳилпиратганча суратга тушаётгани кўринди.
1-сетдаги ғалабадан сўнг, 2-сет анча мураккаб кечди. Икки теннисчи бир-бирини ҳисоблар бўйича қувди. Якунда эса 6/6. Ана шу паллада Денис Истомин аслида 6/4 ёки 6/5 ҳисобида рақибини мағлуб этишнинг уддасидан чиқмоғи зарур эди, аммо у нимагадур ўзини анча бўш ва эркин қўйиб юборди. Баҳснинг 2-сетида болгариялик теннисчининг қўли баланд келди.
Ҳаммаси ана шу сониялардан бошланди. Денис Истомин шу вақт кортга шифокорларни чақиртирди. Шифокорлар кортнинг ўзида турли хил муолажалар қилишди. Шарҳловчининг айтишича узоқ вақтдан буён Денис Истоминни кураги ва тиззасидаги жароҳатлар безовта қилган ва афтидан ҳозир ана шу тиззасидаги жароҳат яна қайталаган эди. Тахминан 7 дақиқа шифокорлар унинг тиззасини даволашга уринишди.
Кейин 3-сетни бошлаш учун Истомин кортга қайтди. Аммо бу энди бояги Денис Истомин эмас эди. Йўқ у аста-аста қадам ташлаётган эди. Буни тушуниб қолган болгариялик Димитров кортнинг у четидан бу четига югуртираверди. Денис Истомин аксар ҳолатда турган жойида рақиб ҳужумини қайтаришга уринди. Ҳар бир, бир ярим дақиқалик танаффусда у шифокорларга энди белини кўрсатаётган эди. У тиззаси ва тахминан бўксасидаги жароҳати билан ўйнади. Аксарият тўп узатишларига югурар экан, Денис Истомин “Аҳҳҳ” деган товуш билан чопди. Ҳа, у кучли оғриқни ҳис қилаётганини сезиш қийин эмас эди. Бир вазиятда эса у қаттиқ сирпаниб кетди ва “дод” деганча жойига ўтириб қолди. Қўллари билан ўнг оёғини ушлаб қўйди ва бир амаллаб ўрнидан турди.
3-сетда Денис Истомин 6/2 ҳисобида имкониятни бой берди. Балки бироз оғриқлар қолиб, 4-сетда ғалаба қозонар ва 5-сетда бир амаллаб бу ўйинда ҳам ғолиб бўлар деб ўйладим. У 3-сет охирида ҳакамдан танаффус сўраб кортдан чиқиб кетди ва 6 дақиқадан сўнг яна қайтди.
Аммо ана шу паллада мўъжиза юз бермади. Денис Истомин бу баҳсни шунчаки охирига етказиб қўйиш учун ҳаракат қилди, холос. У энди аввалгидан-да кучли оғриқ билан ҳаракатланди. Мағлубият муқаррар эди. Шундай бўлди ҳам, сетлар бўйича 3-1 ҳисобида Димитров Григор ғалаба қозонди.
Шу баҳсни Денис Истоминнинг оила аъзолари, жумладан, онаси ҳам Мельбурн шаҳридаги аренада кузатиб ўтиришди. Мен эса ТВ қаршисида бу мағлубиятга гувоҳ бўлдим.
Болгариялик Григор Димитров чорак финалга чиқди ва у энди белгиялик теннисчи билан куч синашади.
Денис Истомин эса бу турнирнинг 4-босқичига етиб келганлиги муносабати билан албатта 117-ўриндан анча юқорига кўтарилиши аниқ. Ўйлайманки, жаҳондаги энг кучли 100 та теннисчи қаторига ҳам кира олса керак.
Шу пайт менда бир ҳақли савол туғилади. Денис Истомин расмий маълумотларга кўра шундоқ ҳам шу пайтгача теннис ортидан 4 млн. доллардан зиёдроқ даромад кўрган экан. Хўш, унинг шунча пули бор экан, нимага у жароҳатлари устида ишламаган? Агар у тиззасидаги жароҳатдан ўз вақтида фориғ бўлганида эди бугун балки ғалаба қозонар ва эски жароҳатини янгилаб олмаган бўлар эди.
Болгариялик Григор Димитров ниманинг эвазига бугун зафар қучди? Нимага у бугун дунёнинг энг кучли 15 та теннисчисидан бири бўлиб турибди? Чунки у соппа-соғ эди. Денис билан бўлган баҳсда у икки марта сирғаниб кетди. Биринчи ҳолатда у бориб реклама шитига урилди. Иккинчи ҳолатда эса оёғи сирғаниши оқибатида у "шпагат" ҳолатга тушиб қолди. Лекин иккала вазиятда унинг на оёғи қайрилиб кетди, на пайи чўзилди, ва на томири тортишди. У энди 25 ёшда бўлишига қарамасдан жуда тетик ва бақувват эканлигининг ҳисобига ҳозир чорак финалга чиқмоқда, балки ярим финалга ҳам етиб борар. Маълумот ўрнида, Истомин 30 ёшда.
Денис Истоминдаги маҳоратга ҳеч қандай шубҳам йўқ. У истеъдодли, аммо ҳулосам шундан иборатки:
Юз минглаб долларлар соҳиби шу даражада озғинки, кўриб ҳайрон бўласиз. У ўз соғлиғига жиддий эътибор бериб, тажрибали ва малакали фитнес ва жисмоний тайёргарликлар бўйича мураббийлар қўл остида шуғулланиши керак, ва ўз жисмоний ҳолатини ҳамиша идеал даражада ушлаб турмоғи лозим деб ўйлайман.
Улуғбек Худойберганов (Bek_Uzbekistan)
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).