«ИнтерФутбол» газетасининг 2017 йил 3 январда чоп этилган русча сонида «Геннадий Красницкий номидаги Ўзбекистон тўпурарлари клуби» номли мақола муаллифи (О. Турсунхўжаев) клуб аъзоларининг сони ва голлар ҳақида маълумот сўраган эди. Аниқроғи, мазкур мақолада жуда қизиқарли савол қўйилган: дейлик, Одил Аҳмедовнинг «Краснодар»даги ёки Сардор Рашидовнинг Қатар чемпионатидаги голлари тўпурарлар клубида инобатга олинадими? Ўйлашимча, мазкур саволга жавоб излаб, яқин тарихга назар солсак, чакки бўлмайди.
1967 йили Москвада нашр қилинадиган «Футбол» газетаси таниқли тарихчи ва статистикашунос Константин Есениннинг саъй-ҳаракатлари билан Москва «армиячилар»ининг фахри - Григорий Федотов номидаги тўпурарлар клубини ташкил этганди. Бу клубга эса биласизки, расмий турнирларда 100тадан кўп гол урган футболчилар киритилган. Ортиқча тафсилотларга эътибор бермай, фақат ўзимизга тегишли маълумотларга тўхталамиз: турли йилларда ушбу клубга «Пахтакор»нинг уч футболчиси - Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов ва Андрей Якубиклар киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришганидан кейин эса, аниқроғи, 1992 йилдан бошлаб, ўзбек футболида янги саҳифа очилди.
25 йил муқаддам...
Келажакнинг мавҳумлиги туфайли бир қатор муаммолар юзага келганди: эндиликда қайси чемпионатлардаги голларни инобатга олиш керак? Қайси қоидаларга ўзгартиришлар киритиш зарур? Хуллас, саволлар, саволлар...
Ўйлашимча, биз энг мақбул йўлни танлаб, ҳаммасини қайтадан бошлашимиз керакка ўхшайди...
Владимир САФАРОВ,
«СПОРТ» газетаси, Тошкент, 5 март 1992 й.
Мустақил Ўзбекистоннинг илк чемпионати якунига етгач, аниқроғи, 1992 йили «Спорт» газетасида каминанинг «Тўпурарларга янги клуб керак» номли мақолам эълон қилинганди. Сезиб турганингиздек, унда мен ўзбекистонлик сермаҳсул ҳужумчилар учун янги клуб ташкил этиш ғоясини илгари сурганман.
Тўпурарларга янги клуб керак
Футбол бўйича Ўзбекистоннинг илк чемпионати якунида ўзбекистонлик сермаҳсул ҳужумчиларнинг янги клубини ташкил этишни таклиф қиламан. Ушбу клубга аъзо бўлиш учун эса футболчидан Ўзбекистон жамоалари (ёки жамоаси)да расмий ўйинларда 100та гол уриш талаб этилади. Албатта, ҳозирча бирор-бир футболчи ҳақида тўлиқ маълумот беришнинг иложи йўқ. Зеро, бунинг учун бир қанча фактларга аниқлик киритиш лозим. Бу ишни шошилмай, аста-секин амалга ошириб, ўқувчиларни мунтазам равишда аниқ маълумот билан таъминлаб борамиз.
Шубҳасиз, статистик маълумотлар ҳаққоний бўлиши керак. Менимча, ишни худди шундан, яъни аниқликдан бошлашимиз зарур. Дейлик, биринчи ўйин қайдномасидаёқ гол урилган дақиқалар, четлатиш вақти ва ҳоказолар аниқ-тиниқ кўрсатилишини истардим.
Умид қиламанки, «Ўзбекистонлик тўпурарлар клуби»ни ташкил этиш борасидаги фикримни футбол ихлосмандлари тўла қўллаб-қувватлашади. Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз, ҳозиргача мазкур клубни «Пахтакор»нинг энг истеъдодли футболчиларидан бири - Геннадий Красницкий номи билан аташ борасида таклифлар ҳам янгради.
Владимир САФАРОВ,
«СПОРТ» газетаси, Тошкент, 26 март 1992 й.
Бу мақола чоп этилган вақтда бизнинг футболимиз ўзининг илк қадамларини ташлаётган эди ва эҳтимол, шу боис ўзбекистонлик тўпурарлар клубини ташкил этиш ғояси дарҳол инобатга олинмади. 2001 йили Ўзбекистон футбол федерациясининг «Наш футбол» газетаси Биродар Абдураимов номидаги тўпурарлар рўйхатини ташкил этиш ғояси билан чиқди. Бу клубга турли чемпионатлар, турли мамлакатлар кубоклари (эътибор беринг, турли мамлакатлар дейилмоқда)нинг расмий ўйинларида 200дан ортиқ гол урган футболчилар қабул қилинади.
Бундай клуб ташкил этишнинг асосий сабаби шундаки, ўзбекистонлик машҳур ҳужумчи Азамат Абдураимов (Биродар Абдураимовнинг ўғли) ўзининг футболчилик фаолияти давомида 200талик маррани забт этганди.
Мана менинг «Наш футбол» газетасида чоп этилган мақолам:
- Азамат Абдураимовнинг 200талик маррани забт этиши «ҳавода муаллақ турган» ғояни яна ёдга олишга ундади.
Таъкидлаш лозим, ўзбек футболининг янги тарихида ўтказилган сўнгги ўнта чемпионат давомида бир қанча ҳужумчилар ўзларини кўрсатишга улгуришди. Уларнинг олти нафари чемпионат доирасидаги расмий баҳсларнинг ўзидаёқ 100лик маррани забт этишган. Биз бу ҳақда бир неча марта маълумот бердик. Қолаверса, ушбу маррага яқинлашиб қолганлар ҳам бор. Лекин шу билан бирга, илгарироқ бундай натижага эришган футболчиларни ҳам унутиб юбормаслигимиз керак. Шундан келиб чиқиб, ўзбекистонлик тўпурарлар клубига асос солиш вақти келгани ҳақида яна бир марта эслатмоқчиман. Бу клубга чемпионат, кубоклар, терма жамоа ва халқаро учрашувларда 200тадан ортиқ гол урган футболчилар киритилиши лозим. Аммо бунинг учун уч муҳим омилга эътибор қаратишимиз зарур. Биринчидан, клуб аъзолигига даъвогар футболчи албатта, Ўзбекистон фуқароси бўлиши шарт. Иккинчидан, агар Россияда тўпурарлар клуби собиқ иттифоқ чемпионатида 100дан ортиқ тўп киритган Григорий Федотов номи билан аталса, демак, ўзбек тўпурарлари клубига Биродар Абдураимов номи қўйилиши лозим. Нега? Чунки айнан Биродар Абдураимов бизнинг футболчилар орасида биринчи бўлиб расмий ўйинларда 200тадан ортиқ гол урган.
Қолаверса, Биродар Абдураимовнинг нақадар кучли истеъдод соҳиби бўлганидан гувоҳлик берувчи бошқа омиллар ҳам бор:
* Абдураимов биргина чемпионат доирасида 425та ўйин ўтказиб, яққол рекорд ўрнатган;
* Тошкентнинг «Пахтакор» клуби шарафини 13 мавсум давомида ҳимоя қилиб, чемпионатда жамоанинг 358 ўйинида иштирок этган;
* Абдураимов 1968 йилги чемпионат (олий лига) тўпурари бўлган - 22та гол, шунингдек, 1972 йилги баҳслар (биринчи лига)да ҳам ўз номига 34та гол расмийлаштирган;
* 1968 йили Биродарни собиқ иттифоқнинг энг яхши 33 футболчиси сафига киритишган;
* Собиқ иттифоқ кубогининг финалида қатнашган;
* Тошкентнинг «Пахтакор» клуби мураббийи сифатида 1988 йили биринчи лига кубогини қўлга киритган;
* Наманганнинг «Навбаҳор» клуби бош мураббийи сифатида 1992 йили Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлган;
* Ўзбекистон миллий терма жамоасининг катта мураббийи сифатида 1994 йили XII Осиё ўйинларида ғалаба қозонган.
Бир сўз билан айтганда, Биродар Абдураимов ёш футболчилар учун намуна ҳисобланади. У собиқ иттифоқ терма жамоаси таркибида Бразилиянинг машҳур «Маракана» стадионида, 140 минг (!) мухлис кўз ўнгида ғалаба нашидасини сурган футболчи!
Учинчидан, биз тўпурарларнинг янги клубини ташкил этаётганимизда, мўлжални бироз баландроқ олишимиз керак - 200та гол. Сабаби, ана шундагина клуб сафидан ўтмиш ва ҳозирги замоннинг энг кучли футболчилари ўрин олишади. Боз устига, етиб бўлмас чўққидек туюлган натижа ёш ҳужумчиларни янада ғайратлантирса, ажабмас. Албатта, мақсадга эришиш осон бўлмайди, аммо бу вазифани уддалаганлар абадий шон-шуҳратга кўмилишлари тайин.
Ҳозирги ҳисоб-китобларимизга кўра, бу клубга собиқ футболчилардан Биродар Абдураимов, Геннадий Красницкий, Юрий Саркисян, Фурқат Эсонбоев, Пётр Агеев, фаолиятини давом эттираётганлардан Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов, Жаъфар Ирисметов, Миржалол Қосимовлар қўшилишлари мумкин. Рустам Дўрмонов, Ойбек Усмонхўжаев, Равшан Бозоров каби яна бир қанча футболчиларнинг натижаларини эса қайтадан ҳисоблаб чиқиш лозим.
Ўзбек тўпурарлари клубининг жамоатчи котиби Владимир САФАРОВ,
«НАШ ФУТБОЛ» газетаси, Тошкент, 29 ноябрь, 2001 й.
Ўшанда, яъни 2001 йили Б.Абдураимов клубига жами 12 нафар футболчи, шу жумладан, Юрий Саркисян, Пётр Агеев, Фурқат Эсонбоевлар ҳам киритилганди. Шунингдек, рўйхатдан собиқ иттифоқ олий лигасида ном таратган Геннадий Красницкий ва Биродар Абдураимовлар ўрин олишган. Мустақиллик йилларида эса Игорь Шквирин, Равшан Бозоров, Азамат Абдураимов, Жаъфар Ирисметов, Рустам Дўрмонов, Миржалол Қосимов, Ойбек Усмонхўжаевлар ўзларини кўрсатишди.
***
Ўзбекистон футбол фахрийлари кенгашининг раиси Наримон Жалолович Жалилов машҳур ҳужумчи Геннадий Красницкийнинг 70 йиллик юбилейи пайтида Ўзбекистон тўпурарлари клубини ташкил этиш ғояси билан чиқди ва бу фикр маъқулланди. Шундай қилиб, 2010 йили ЎФФ ижроия қўмитаси қарори билан таркибига 30дан ортиқ футболчи киритилган клуб ташкил этилди.
Номни тасдиқлаш тўғрисида: Ўзбекистоннинг ХХ асрдаги энг яхши футболчиси деб топилган Геннадий Красницкий номидаги Ўзбекистон тўпурарлари клуби қоидага кўра, мазкур клубга Ўзбекистон чемпионати, кубоги ва Осиёнинг клублар миқёсидаги турнирларида, шунингдек, Ўзбекистон терма жамоасининг расмий ўйинларида жами 100дан ортиқ тўп киритган футболчилар қабул қилинади. Эътиборлиси, ушбу клубдан шунингдек, Ўзбекистон жамоаларида тўп суриб, 100дан ортиқ гол урган хорижлик футболчилар киритилиши ҳам мумкин.
Ана энди ЎФФ ижроия қўмитасининг қарорини эътиборингизга ҳавола қиламиз:
Геннадий Красницкий номидаги тўпурарлар клубини ташкил этиш тўғрисида
I. Умумий қоидалар
1. Геннадий Красницкий номидаги клуб рамзий мақомга эга бўлиб, ўзбекистонлик сермаҳсул футболчиларни жамлаш учун хизмат қилади. Мазкур клуб «Пахтакор» жамоасида бир қатор рекордларни ўрнатган ўзбекистонлик афсонавий футболчи Геннадий Красницкий номи билан аталади. Г.Красницкий 1958 йилдан бошлаб «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилиб, жамоада 13 мавсум тўп сурган ва турли расмий ўйинларда 400 мартадан ортиқ майдонга тушиб, 200тадан кўпроқ гол урган.
2. Г.Красницкий номидаги клубга спортдаги фаолияти давомида 100дан ортиқ гол урган футболчилар қабул қилинадилар.
II. Клубнинг мақсад ва вазифалари
- Г.Красницкий номидаги клубнинг асосий мақсад ва вазифалари:
- ёш футболчиларни юксак мақсадлар сари ундаш;
- футболга оид турли мусобақаларни ташкил этиш;
- Ўзбекистонда юқори савияли футболчиларни тайёрлашга ҳисса қўшиш;
- Республиканинг етакчи футболчиларига турли жабҳаларда ёрдам бериш;
- футбол орқали тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни тарғиб қилиш;
- ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш;
- аҳолининг кенг қатламларида футбол ва фаол дам олиш вақтини тарғиб қилиш;
- футболчиларнинг ҳуқуқ ва қизиқишларини ҳимоя қилиш ва ҳоказо.
III. Голларни ҳисобга олиш тартиби
- Г. Красницкий номидаги клубга Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган футболчиларнинг миллий чемпионат, Ўзбекистон кубоги баҳслари, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ва Осиёнинг клублар миқёсидаги турнирларида киритган тўплари инобатга олинади.
Хорижлик футболчиларнинг эса фақат Ўзбекистон клублари сафида урган голлари ҳисобланади.
- Голларни ҳисоблаш:
Чемпионат! Кубок! Осиё кубоклари! Терма жамоа! Жами!
- Клуб аъзолари бевосита футбол ўйинлари вақтида топшириладиган махсус медаллар билан тақдирланишади.
IV. Хулоса
- Мазкур қоидаларга зарурий ҳолларда ўзгартиришлар ва тўлдиришлар киритилиши мумкин.
Геннадий Красницкий номидаги Ўзбекистон тўпурарлари клубининг қоидалари Ўзбекистон футбол федерациясининг ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланди.
***
Гувоҳи бўлганингиздек, Г.Красницкий номидаги тўпурарлар клубида фақат Ўзбекистон жамоалари учун урилган голлар ҳисобга олинади. Мазкур ҳужжат юқори футбол ташкилоти томонидан маълум қоидалар асосида қабул қилингани боис, ўзгартиришлар киритиш ўринсиз. Биродар Абдураимов номидаги клуб эса 2001 йилда ташкил этилган бўлиб, унга даставвал (юқорида номлари келтирилган) 12 нафар аъзо қабул қилинган эди. 2017 йил 1 январь ҳолатига эса улар қаторига фаолияти давомида 200тадан ортиқ гол урган яна олти нафар футболчи қўшилган. Булар - Анвар Бердиев, Зафар Холмуродов, Анвар Солиев, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Бахтиёр Ҳамидуллаев ва Умид Исоқов. Шундай қилиб, айни пайт Ўзбекистонда тўпурарларнинг икки клуби мавжуд: расмий, ЎФФ томонидан тасдиқланган Геннадий Красницкий номидаги «100» клуби ва «Наш футбол» газетаси томонидан асос солинган Биродар Абдураимов номидаги «200» клуби.
Мавзуга доир яна бир қўшимча: айни кунларда каминанинг қаламига мансуб «Форвардў Узбекистана» китоби нашрга тайёрланмоқда. Мазкур китобнинг юзага келиш тарихи қуйидагича:
1990 йили ўзим ёзган илк китоб - «Пахтакор»: матчи, которўе не забўть...»нинг бир нусхасини ёзувчи, Москванинг «Футбол» газетасида кўп йиллар муҳаррирлик қилган ва Г.Федотов клубига асос солган инсонлардан бири Лев Филатовга совға қилгандим. У эса жавоб тариқасида менга эсдалик хати ёзилган «Форвардў» китобини туҳфа қилди. Мазкур асарда асосан Г.Федотов клуби аъзолари ҳақида сўз борганди. Ўшанда менда ҳам ўзидан ёрқин из қолдирган ва қолдираётган ўзбекистонлик ҳужумчилар ҳақида асар ёзиш ғояси туғилди. Мана, орадан чорак аср ўтиб, ўша орзу ушалиш арафасида турибди. «Форвардў Узбекистана» тез орада ўзбек ва рус тилларида пештахталарга чиқарилади. Табиийки, бу китобнинг биринчи боби Биродар Абдураимов номидаги «200» клубига, иккинчи боби эса Геннадий Красницкий номидаги «100» клубига бағишланган. Эҳтимол, ўзингизни қизиқтирган бошқа саволларга жавобни айнан шу китобдан топарсиз...
Владимир САФАРОВ
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).