«Вест Бромвич» ярим ҳимоячиси Даррен Флетчер The Daily Mail нашрига берган интервьюсида «Манчестер Юнайтед»даги фаолияти ва ҳозирги жамоасининг имкониятлари ҳақида гапириб ўтди.
1999 йилнинг май ойи 15 ёшли Даррен мактаб ўқувчилари ўртасидаги Шотландия кубогининг финалидан сўнг отаси билан уйга қайтмоқда. «Учрашувда бир нечта гол уришларига ёрдам бердим. Барча дўстларим ўйинни бевосита стадионда кузатишганди,-деб эслайди Флетчер. - Ўшанда ўзимни кўрсатмоқчи бўлиб, тўпни рақиб оёғи орасидан ўтказиб юбормоқчи бўлгандим. Лекин отам буни маъқулламади. У менга ишламаганим ва ҳимояга ёрдам бермаганимни айтди. «Агар шундай ўйнасанг, ҳеч қачон футболчи бўлмайсан. Тўпни олдингми, пас бер. Ахир жамоада ўйнайсанку», деганди. Бу гаплар миямга бир умрга муҳрланиб қолган. 5:0 ҳисобида ютиб, уйга медаль билан қайтсаму отам мени цирк понисига ўхшатяпти. Ваҳоланки, у ҳақ эди».
Тўпни олдингми, пас бер. Ҳозирда Даррен 32 ёшда. Аммо бу сўзларга ҳамон амал қилади.
«Вест Бром»да менежер интизомли ўйин кўрсатишимни истайди. Ўзимни бутун майдон бўйлаб югура оладигандек ҳис қиламан. Лекин мураббий тажрибамни ишга солишимни хоҳлайди»,-дейди шотландиялик футболчи.
Флетчернинг «Манчестер Юнайтед» асосий таркибидаги дебюти жароҳат туфайли икки йилга чўзилиб кетганди.
«Мени ўнг қанот ҳужумчиси сифатида майдонга туширишди. Роналду ўшанда трюкларни бажарарди, ҳимояга қайтмасди ва барчани ғазаблантирарди. Мен эса ҳимояга қайтаман, умуман, буюрган ишларини қиламан. Пол Скоулз, Рой Кин каби ажойиб футболчилар билан бир жамоада ўйнаганимдан фахрланаман.
Бир сафар Рой менга «Яна 10 йил ўйнашим мумкин. Чунки менинг ўрнимга ҳам сен югурасан», деганди. Бу мен учун қанчалик таъсир қилганини тасаввур ҳам қила олмайсиз. қисқаси, қилган ишим ўзимга ёқарди. Ҳозир ҳам ёқади»,-дейди Флетчер.
У «Вест Бромвич»да икки йилдан буён тўп сурмоқда. Эътиборли томони, «Манчестер Юнайтед»дан ўтганидан сўнг «Вест Бром»нинг АПЛдаги барча 74 учрашувида бошланғич таркибда майдонга тушди. Бу эса йўғон ичагида «язва» қийнаётган футболчи учун ёмон эмас.
«Хайриятки, бу ўтиб кетди. Ўшанда қаттиқ оғриқни ҳис қилардим. Шу билан бирга майдонга қайта олмасмиканман, деб қўрқардим.
Яқинда қуйи лигада ўйнайдиган бир йигит билан гаплашдим. Уни касалликни енгиб, юқори марраларни забт эта олишига ишонтирдим. Ҳамма менда пул кўплиги учун касалликдан халос бўлган, деб ўйлайди. Аслида эса, мен ҳам оддий одамлар сингари касалликка йўлиққанман. Шу билан бирга, бошқаларга ёрдам беришни истайман. Уларга бу касалликдан халос бўлишнинг йўли борлигини айтаман»,-деди Даррен.
«Манчестер Юнайтед»да фаолият олиб борганида Флетчер етакчиликнинг турли йўлларига гувоҳ бўлган. Масалан, Рой Кин норози бўлса, кутиб ўтирмай юзига айтган. Скоулз ва Райан Гиггзлар эса буни машғулотлар орқали тушунтиришга ҳаракат қилишган.
«Мен машғулотларда бошқаларга танбеҳ бермайман. Бу ишни Скоулз қиларди ва мен аралашмасдим. Барчага ўз ҳаракатларим орқали ўрнак бўлишни истайман. Агар зарур бўлса, вазиятга қараб кийиниш хонасида ёки шахсан айтаман.
Сэр Алекс Фергюсон ҳамиша «Асосий жамоа футболчиларига қаранглар. Улар нима дейишаётганини эшитинглар», дерди. Мен шу нарсага ишонаман»,-дейди Флетчер.
Даррен «МЮ» билан беш марта Англия чемпиони бўлган ва жамоа сафида 350дан ортиқ ўйин ўтказган.
«Кўпчилик Рой менга юқори баҳо бермаган, деб ҳисоблайди. Шу гапларни эшитсам, жаҳлим чиқади. Ваҳоланки, ҳозирги даражамга чиқишимда бошқа футболчиларга қараганда Киннинг хизматлари юқори. Тўғри, у менга нисбатан қаттиққўл бўлган. Шу билан бирга, чин юракдан гапирарди. Мисол учун, Рой билан 10 марта гаплашсам, шундан 9тасида мақтов эшитардим.
Тўғри, барча унинг можароли воқеаларини эслайди. Лекин бошқа вақтларда у ҳамиша тўғрисўз бўлган. Мисол учун, бир сафар жароҳатимни 2 ой даволатиб майдонга қайтганимдан сўнг Рой «Бу йигитнинг қайтганидан хурсандман. У бизга етишмаётганди», деган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).