Жанубий Корея K League Challenge (биринчи лига) дивизионида мавсум якунланди. Хабарингиз бор, бу турнирда ўзбекистонлик икки футболчи - Баҳодир Пардаев ва Баҳодир Насимов бир мавсум фаолият олиб боришди.
Якунда Пардаев тўп сурган «Бучеон 1995» 10та клуб қатнашган чемпионатда бешинчи, Насимовнинг «Ансан Гринерс» жамоаси эса 9-ўрин билан кифояланди. Бу клуб ўтказилган 36та учрашувда 33 очко жамғарди.
«Ансан» 7та ўйинда ғалабага эришди, 17та мағлубият ва 12та дуранг қайд этди. Насимов Тошкентга қайтиб келгач, биз ундан K League Challenge таассуротлари юзасидан интервью олдик.
- Баҳодир, K League Challenge якунланди. Ортда қолган мавсум жамоангиз учун омадсиз келди. Бунинг сабаблари нимада?
- Мен бундай фикрда эмасман. Сабаби, мавсум бошланиши арафасида клуб раҳбарияти жамоамиз олдига чемпионатдаги ўрин борасида алоҳида вазифа ёки мақсад қўймаганди. Чунки жамоа янги ташкил этилган, аниқроғи, унинг тузилмаси ўзгарган, таркиб ҳам оптимал даражада эмасди. Биласизми, «Ансан» аввалги мавсум ҳам биринчи лигада энг юқори ўринни эгаллаган экан. Лекин клубнинг номи «Ansan Police» бўлгани учун К-лигада ўйнашига рухсат берилмаган. Шу боис ҳам у «Ансан Гринерс»га ўзгартирилди. Ўтган йили клуб ташкил этилганига 20 йил тўлибди. Айтмоқчи бўлганим, шундан кейин нафақат жамоанинг номи ўзгарди, балки таркиб ҳам бутунлай алмашди. Шунга қарамай, мавсумни ёмон ўтказдик, дея олмайман. Тўғри, турнир жадвалида эгаллаб турган ўрнимиз ҳавас қиладиган даражада эмас. Лекин ўз ҳолатимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, мавсум биз учун омадсиз ўтмади. Дебютнинг ўзига яраша плюслари ҳам бўлди.
- Тўғри, эҳтимол вазифа қўйилмагандир. Лекин футболчилар ва мураббийнинг ўзи ҳам юқори ўринлар учун курашиш орқали кўпчиликни ўзига қаратиши мумкин эди-ку!
- Ҳа, бу масалада фикрингизга қўшиламан. Қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик, аммо юқорида айтганимдек, таркибимиз бу лига савиясига мос эмасди. Аксарият футболчилар иккинчи дивизиондан таклиф этилганди. Боз устига, биз ўз ўйинларимизни ҳимоявий тактика асосида ташкил қилдик. Балки шу омил кўп дуранг қайд этилишига сабаб бўлгандир. Ишончим комилки, келаси мавсум натижаларимиз яхшиланади. Бунинг учун таркиб кучайтирилади. Клуб раҳбарияти бу йил ўйнаган 15 нафарга яқин футболчи билан хайрлашишга улгурди. Энди уларнинг ўрни тажрибали ўйинчилар ҳисобига тўлдирилади ва янги мавсумда юқори ўринлар учун курашиш вазифаси қўйилади.
- Тўртта дурангдан кўра, 2та ғалаба ва шунча мағлубият яхши, дейишади. Ҳимоядан ўйнаш бу мураббийнинг кўрсатмасими? Ҳужумчи сифатида ушбу тактикага қандай муносабат билдирасиз?
- Худди шундай. Ҳимоядан ўйин ташкил қилиш - бу мураббийнинг кўрсатмаси. Биз 5-2-3 тактикасига таянган ҳолда ўйнаймиз. Биринчи галда ўз дарвозамиз дахлсизлигини сақлашга интиламиз. Вазият туғилиши ҳамоно қарши ҳужумлардан фойдаланишга уринамиз. Ўзим ҳам форвард позициясида ўйнамайман. Ҳеч қайси ўйинда майдонга ҳужумчи вазифасида тушмадим. Мураббий ўнг ва чап қанот ярим ҳимоясига қўйди. Баъзида марказда ҳам тўп сурдим. Тезлигимни инобатга олиб, ҳар бир учрашув олдидан ҳимояга қайтиб, жамоадошларимга ёрдам беришимни сўради. Бу эса менга мос келмайдиган услуб. Аммо мураббийнинг талабига мослашишга ҳаракат қилдим.
- Мазкур ҳолат сизга қийинчилик туғдирмадими? Чунки аввал ўйнаган жамоаларингизда ҳужумчи позициясида ҳаракат қилгансиз. Буни мураббий билармиди? Ёки вазиятдан чиқиш учун сизни ярим ҳимояга қўйдими?
- Яхшигина қийинчилик туғдирди. Бутун фаолиятим давомида ҳужумда ўйнаб, кейин бирданига ярим ҳимоя ва ҳимояда ҳаракат қилиш осон эмас. Бу нарса вазиятдан чиқиб кетиш учун қилинганди. Агар мавсум бошланиши олдидан ўтказилган йиғин ва унинг доирасидаги назорат ўйинларида мени ҳимояда синаб кўришганида, балки ҳозир сиз билан бу мавзуни муҳокама қилмаётган бўлардик. Дабдурустдан шундай кўрсатма ва вазифа берилди. Жамоага ёрдамлашиш мақсадида мураббийнинг айтганларини бажаришга мажбур бўлдим. У «Ярим ҳимоя ва ҳимояда сенга ишоняпман», дерди. Ўрта чизиқда ўйнаб, шунинг баробарида мудофаада кўмаклашиш футболчидан катта куч талаб қилади. Шу ўринда айтишим керак, Ж.Корея клублари машғулотларда асосий эътиборни жисмоний тайёргарликка қаратишади. Шуғулланиш жараёнида тинмай югурамиз.
- Ж.Корея чемпионати сизга маъқул келдими ёки ўзингизни бироз бўлсада ноқулай ҳис қилдингизми?
- Аввалига мослашиш қийин кечди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди. Биринчи галда - иқлим. Намгарчилик жуда юқори, ҳаво ўта дим. Кучли босим остида ўйнайсиз. Қолаверса, машғулотлари ўта мураккаб. Юқорида таъкидлаганимдек, асосий эътибор жисмоний ҳолатга қаратилади. Битта машғулот икки ярим, баъзида уч соатдан ошиқ давом этади. Мен бунга ўрганмагандим. Олдин ўйнаган жамоаларимда кўпи билан икки соат машғулот ўтказиларди. Боз устига, жисмоний машғулотларга бу даражада кўп вақт ажратилмасди. Тинмай югурамиз, кроссга катта урғу берилади. Шундан сўнг 90 дақиқа ўйинда умуман чарчамайсиз. Хуллас, бошида қийналдим, буни тан оламан. Лекин вақт ўтиши билан мослашдим.
- Маошларни вақтида олдингларми? Бу борада муаммо бўлмадими?
- Молиявий масалада нолишга ўрин ўқ. У ерда футболчи фақат ўйин ҳақида ўйлайди. Маошларни ўз вақтида беришади. «Барчаси чиройли футбол ва футболчи учун» ақидасига амал қилишар экан. Бу жиҳатдан корейс клубларига ҳавас қилдим. Умуман, ҳамма йўналишларда ишлар профессионал даражада йўлга қўйилган. Клуб тузилмасида бир киши ўнта ишга жавоб бермайди. Ҳамманинг ўз вазифаси бор, ҳар ким сидқидилдан ишлайди. Жанубий Корея клубларидан ўрганадиганларимиз бисёр экан.
- Шартномангиз муддати якунландими?
- Йўқ. Мавсум аввалида «Ансан» билан 2 йиллик битим тузгандик. Яъни, 2018 йилнинг 31 декабрь куни шартнома муддати якунланади. Келишувга кўра, яна бир йил жамоа шарафини ҳимоя қилишим керак.
- Унга амал қиласизми ёки бош-қа режалар борми?
- Ҳозирча аниқ режаларим йўқ. Таътилни Самарқандда, яъни оила аъзоларим даврасида ўтказяпман. Клуб раҳбарияти мени қўйиб юбормоқчи эмас. Эҳтимол, Ж.Корея элитасидаги клублар ёки бошқа хориж давлати жамоаларидан таклиф тушса, балки ўйлаб кўрарман. Лекин ҳозирча келаси мавсум бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилмадим. Бор эътиборимни ҳордиқ чиқариш ва янги мавсумга куч тўплашга қаратяпман.
- Бу масалада клуб раҳбарияти билан гаплашдингизми? Нима де-йишяпти, режаларини ошкор қилишдими?
- Мавсум якунланганидан кейин футболчиларга рухсат берилди. Шу боис ҳали клуб раҳбарияти билан учрашганим йўқ. Агар бошқа кучлироқ чемпионатлардан жамоа топа олмасам, шартномага амал қилиб, «Ансан»да яна бир йил ўйнайман. Акс ҳолда, клубимни алмаштираман.
- Бош мураббий билан муносабатларингиз яхшими? Унинг ўзи жамоада қоларканми?
- Ҳа, қолади. Билишимча, унинг клуб билан 3 йиллик шартномаси бор. Жамоа раҳбарлари ҳам ушбу мутахассисга ишонч билдиришяпти. Келаси йили ўзи ишлашини билгани учун ҳам 15 нафар футболчи билан хайрлашди. Чемпионатнинг охирги ўйинидан кейин ёнимга келиб, «Сенга ишонч билдиряпман, келаси мавсумда ҳам бирга ишлаймиз», деди. Навбатдаги чемпионат ўйинларига тайёргарлик бошланаверсин-чи, ке-йин қолган масалаларни кўриб чиқаверамиз.
- Жамоангиз ихтиёрига қачон қайтиб борасиз? Янги мавсум тараддуди қайси пайт бошланар экан?
- Ҳозирча аниқ кунини айтишмади. Лекин билишимча, 20 декабрдан машғулотларга киришилади. Дастлабки икки ҳафтага мўлжалланган йиғинда маҳаллий футболчилар иштирок этишади. Мен режага кўра, Янги йил байрамини уйда ўтказиб, 3 ёки 4 январда Жанубий Кореяга етиб бораман.
- Унгача жисмоний ҳолатингизни ушлаб туриш учун машғулотларда қатнашасизми?
- Самарқандга қайтиб келганимдан кейин 14 кун ҳордиқ чиқардим ва ўтган ҳафта охирларида яна шуғулланишни бошлаб юбордим. Ҳозирча енгил машқларни бажаряпман. Асосан кросс, яъни югуришга эътибор қаратяпман. Жанубий Корея клубидаги жисмоний ҳолатга масъул мураббийимиз ҳар бир кун учун алоҳида машғулот режасини ёзиб берган. Шу асосда шуғуллан-япман. Ж.Кореяга қайтганимдан ке-йин эса ҳақиқий тайёргарлик ва кучга йўналтирилган машғулотлар бошланади (кулади).
- Жанубий Кореядан қайтганингиздан кейин олий лиганинг бирорта ўйинини стадиондан кузатдингизми? Таассуротлар қандай?
- «Динамо»нинг «Нефтчи» ва «Локомотив»га қарши ўтказган иккита ўйинини бевосита стадионда томоша қилдим. Таассуротларим яхши. Жанубий Кореяда бўлган пайтимда ҳам олий лигамизни кузатиб бордим. Жамоаларнинг турнир жадвалидаги жойлашуви билан доимий равишда, ҳар бир тур якунланганидан кейин танишиб чиқардим. Мен учун бу жараён жуда қизиқ. Жонли эфирда олиб берилган айрим ўйинларни интернет орқали кўришга муваффақ бўлдим. Жанубий Корея биринчи дивизиони савия борасида бизнинг олий лигадан кучли. Буни ортиқча иккиланишсиз айтишим мумкин. Икки мамлакат жамоаларини ҳар томонлама солиштириб кўрдим. Тан олиш керак, клублар инфратузилмаси, яратилган шароитлар, тартиб-интизом, мухлисларнинг стадионларга ташрифи, футболчилар ҳақ-ҳуқуқларининг устун туриши ва бошқа кўплаб жиҳатларда Ж.Корея жамоаларининг устунлиги кўзга ташланиб қолади. Олий лигамизнинг кучли бешлигидан жой олган жамоаларгина Жанубий Корея биринчи дивизиони клублари савиясига мос келишлари мумкин. Қолган иштирокчиларимиз ҳақида бундай фикр билдира олмайман. Жорий йил «Локомотив», «Насаф», «Пахтакор» ва «Бун-ёдкор» кутилганидек яхши ўйин намойиш этишди. Ишончим комилки, келгуси мавсумда ҳам айнан мана шу тўртлик чемпионлик учун кураш олиб боришади ва якунда дастлабки тўртта ўрин улар томонидан банд этилади. Ж.Корея чемпионатида эса ундай эмас. Олдиндан ҳеч бир жамоани фаворит сифатида кўрсата олмайсиз.
- Сиз учун қадрли бўлган «Динамо» клубининг олий лигадан тушиб кетиши қаттиқ таъсир қилгандир?
- Албатта, она шаҳрингиз жамоасининг бу ҳолатда элитани тарк этиши кимга ҳам ёқарди?! Менимча, ПФЛ шошилинч қарор қабул қилди. Зеро, чемпионат якунланишига тўртта тур қолганда бундай тўхтамга келиниши нотўғри. Ҳеч қайси мамлакат чемпионатида кузатилмаган ҳолат бўлди. Шу жиҳатдан ПФЛнинг қарорини оқламайман. Бундай ўзгаришлар мавсум якунланганидан сўнг амалга оширилади. Чемпионат тугаганидан кейин жамоалар огоҳлантирилиб, «Келаси йили элитада 12та жамоа қолади, шунга қараб ҳаракат қилинглар», дейилганида ишга профессионалларча ёндашилган бўларди. Ҳозирги ҳолат ҳеч қайси принцип, яъни тамойилларга тўғри келмайди. Олий лига иштирокчилари сонини бирданига 12тага тушириш ҳам тўғри эмас. Менимча, дастлаб 14та қолдириб, кейинги мавсум яна иккитага камайтирилганида, мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда ПФЛнинг регламенти ҳам бузилмасди ва табиийки, бундан ҳеч бир жамоа озор чекмасди. Ҳозирги ҳолатда эътирозларнинг бўлаётгани ўринли, деб ўйлайман. Чемпионат тугашига тўртта тур қолганда қабул қилинган қарор турнир жадвалининг ўртасида бораётган клубларни ҳам эсанкиратиб қўйди. Биргина «Динамо» мисолида гапирадиган бўлсам, айнан сўнгги тўртта турда жамоани қийин ўйинлар кутиб турганди. Чемпионлик учун курашаётганлардан очко тортиб олишнинг деярли иложи йўқ эди. «Нефтчи» ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Албатта, фарғоналик футболчилардан фарқли равишда «Динамо»га аламлироқ бўлди. Зеро Самарқанднинг бош жамоаси биринчи даврани юқори савияда ўтказганди. Ҳал қилувчи босқичда эса Олег Тюлькин шогирдларининг ўйинида кескин пасайиш кузатилди. «Нефтчи»да вазият бироз бошқачароқ бўлди. Муваффақиятсиз иштирок сабаб мураббийлар алмашди. Лекин якунда бу ўзгаришлар ҳам шонли жамоанинг 55 йиллиги нишонланаётган йилда «Нефтчи»нинг олий лигада қолиши учун камлик қилди. Хуллас, бир сўз билан айтганда, ПФЛ томонидан олий лига клублари учун бироз адолатсиз қарор чиқарилди. Тўғри, бу ўзгаришларнинг футболимизга қанчалик фойда келтиришини вақт кўрсатади. Агар жамоалар сонининг қисқариши сифатга ишласа, бундан футболимиз ютади. Балки мазкур ўзгариш сабаб ўткинчи ўйинларга барҳам берилар. Айтишади-ку, ҳар бир янгилик яхшиликка, деб.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).