“Эрудит СПОРТ” нашри қуйида томошабоп ўтиши кутилаётган тўрт тўқнашувни ўтказиб юбормасликни тавсия қилади:
№4-матч: “Ювентус” – “Рома”
23 декабр, шанба, соат: 00:45
ТВ-трансляция: Спорт ТВ
Ўзаро учрашувлар:
80 ҒАЛАБА 49 ДУРАНГ 39 ҒАЛАБА
Сўнгги учрашув: “Ювентус” – “Рома” 1:0 ва 1:3
Имконият: 35/30/35
Жамоаларнинг трансфер қиймати:
“Ювентус” – “Рома”
540,30 миллион евро VS 327,10 миллион евро
Ўйин ҳақида икки оғиз:
Жорий мавсумда “Ювентус” жиддий қаршиликка учраяпти. Жамоалар бир четда жим қараб тургани йўқ. Бу “Юве” иштирокидаги 25 фоиз матчда ўз тасдиғини топди (ўн очкони қўлдан чиқарди). Айни дамда А Серия карвонбошисидан икки очко кам жамғариб, учинчи ўринга михланган. Табиийки, қувишга эмас, қочишга ўрганган клубни буни ҳазм қила олмаяпти. Уч грандни таъқиб қилаётган “Рома” ҳам ғалабани кўзлайди. Ҳар ҳолда “Бўрилар” рақиб майдонидаги сўнгги 14 учрашувда ютқазмаган. Бир вақтнинг ўзида “Юве” ўз уйида ўтган 38 матчнинг бор-йўғи биттасида мағлубиятга учраган. “Лацио”нинг шарофати ила серияга якун ясаганди. Қизиқ, “Бургутлар”дан кейин римлик “Бўрилар” ҳам Туриндан уч очко билан қайтармикан? Агар буни уддаласа Ди Франческо жамоаси бир ўқ билан икки қуённи уради. Яъни, биринчи навбатда, учинчи ўринга кўтарилади. Иккинчидан, етти мавсумдан буён давом этаётган омадсизликка чек қўяди.
№3-матч: “Эвертон” – “Челси”
23 декабр, шанба, соат: 17:30
ТВ-трансляция: Футбол ТВ
Ўзаро учрашувлар:
50 ҒАЛАБА 48 ДУРАНГ 59 ҒАЛАБА
Сўнгги учрашув: “Эвертон” – “Челси” 0:3 ва 0:2
Имконият: 30/30/40
Жамоаларнинг трансфер қиймати:
“Эвертон” – “Челси”
335,25 миллион евро VS 631,90 миллион евро
Ўйин ҳақида икки оғиз:
Мутахассис Сэм Эллардайснинг қадами қутлуғ келиб, “Эвертон”нинг ишлари юришиб кетди. “Ирислар” мавсумда илк маротаба рақиб майдонида ғалабани нишонлади, кетма-кет тўрт ўйинда юзи ёруғ бўлди. Қисқаси, “Биг Сэм” шогирдлари қайд этаётган натижалар шу пайтгача “Эвертон”га қарши басҳларда муаммога учрамаган Контени ташвишлантиряпти. Бунга сабаблар етарлича: “Гудисон Парк”даги сўнгги уч ўйин мезбонлар фойдасига ҳал бўлди, тўрт матчдир-ки рақиб дарвозасини камида 2 марта ишғол этади. Бундан ташқари, “Челси” устози ўз вақтида Эллардайсга имкониятни бой берган (Сэм “Кристал Пэлас”да бу натижага эришган). Учинчи ўринга мустаҳкам ўрнашган “Аристократлар” меҳмондаги матчларда кўпроқ очко ишлашига қарамай, айнан меҳмонда аутсайдерларга енгилди. Хуллас, “Маэстро” дастлабки даврадаги каби осон ғалаба қозонаман деса чучварани хом санайди. Эндиликда рақибининг қаршилигини синдириши учун яхшигина тайёргарлик кўриши зарур.
№2-матч: “Арсенал” – “Ливерпуль”
22 декабр, жума, соат: 00:45
ТВ-трансляция: Футбол ТВ
Ўзаро учрашувлар:
64 ҒАЛАБА 50 ДУРАНГ 69 ҒАЛАБА
Сўнгги учрашув: “Арсенал” – “Ливерпуль” 1:3 ва 0:4
Имконият: 35/30/35
Жамоаларнинг трансфер қиймати:
“Арсенал” – “Ливерпуль”
508 миллион евро VS 514,50 миллион евро
Ўйин ҳақида икки оғиз:
Негадир ҳар икки томоннинг натижалари чаппасидан кетяпти: Клопп клуби “Брайтон”, Венгер жамоаси “Хаддерсфилд” дарвозасига беш гол урганидан кейин дурангга ўралашиб , қимматли очколарни йўқотяпти. Ўз-ўзидан бу Туманли ўлка грандларининг турнир жадвалидаги ўрнига таъсир кўрсатмоқда (“Қизиллар” бешинчи, “Тўпчилар” еттинчи (!) ўринда). Айниқса, Арсен оғанинг олмон мураббийига қарши баҳсларда омадсизликка учрашиши маҳаллий мухлисларнинг тинкасини қуритган. Сўнгги тўрт тўқнашувда “Ливерпуль” қарама-қаршиликни “голлар шоуси”га айлантирган (ўша ўйинларда учтадан кам гол урмаган). Бошқача айтганда, “Арсенал” мураббийи Юрген Клопп шогирдларини тўхтатишга муваффақ бўлмаган. Биринчи даврада ҳам “Тўпчилар” “ўққа” тутилганди. Хўш, ўз майдонида, “Эмирейтс”да реванш олишни уддалайдими? Таъкидлаш керакки, майдон эгалари асосий кўрсаткичларда (дарвозага зарба йўллаш, узатмалар аниқлиги, тўп назорати) меҳмонлардан устун, аммо бу таблода ўз аксини топармикан?
№1-матч: “Реал” Мадрид – “Барселона”
23 декабр, шанба, соат: 17:00
ТВ-трансляция: УзРепорт ТВ
Ўзаро учрашувлар:
72 ҒАЛАБА 33 ДУРАНГ 69 ҒАЛАБА
Сўнгги учрашув: “Реал” Мадрид – “Барселона” 1:1 ва 2:3
Имконият: 35/30/35
Жамоаларнинг трансфер қиймати:
“Реал” Мадрид – “Барселона”
743,80 миллион евро VS 706,50 миллион евро
Ўйин ҳақида икки оғиз:
“Иштаҳаси карнай” “Барселона” ҳамда “кузги депрессия”дан бир амаллаб халос бўлган “Реал” Мадрид ўртасидаги 198-ўйин сўзсиз ҳафтанинг марказий матчидир. Букмекерлар Ла лига доирасидаги 174-“Эл-классико”да Зидан қўл остидаги футболчиларнинг имкониятини юқори баҳолаяпти. Истаймизми йўқми “юлдузлар жанги”га бўлган муносабат, тўқнашувга кўрилаётган ҳозирлик ўзгача. Ҳар бир чизиқда ўзига хос курашнинг гувоҳи бўлади фанатлар: дарвоза чизиғидан бошланган бу рақобат ҳужум чизиғидан майдон ташқарисига кўчади ҳатто. Ўзини “дунёнинг энг яхши футболчиси” деб эълон қилган Роналду ойнинг ўн беши қоронғу кунлар ортда қолганини исботлашга уринса, “ўзга сайёралик” Месси рақобатчисига майдондаги ҳаракатлари эвазига жавоб қайтаришга интилади. Эсингизда, ўтган мавсумда “Барса” “Сантяго Бернабеу”да “келдим, кўрдим, ютдим” қабилида иш тутиб, ғалабани илиб кетганди. Тегирмон навбати биланми ёки..? Мавсум аввалида Зидан бошчилигидаги жамоа оз эмас, кўп эмас, 14 очкони бой берди. “Эл-классико”даги ғалаба эса барча айбни ювиб кетиши мумкин. Бунинг учун фақат 22 матчдан бери ютқазмаётган “Барса” таслим этилиши керак.
Улуғбек РАҲМОНҚУЛОВ, «Эрудит СПОРТ» газетаси.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).