Муҳтарам мухлис, биласиз, Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ғолиблик нашидасини сурди.
Наманган тумани Шўрқўрғон қишлоғида вояга етиб, футбол сирларини Қаршида ўрганган Одилбек Ҳамробеков ОЧ-2018да наинки жамоамиз, балки турнирнинг энг фойдали ўйинчиси сифатида эътироф этилди.
Камтар ва камсуқум йигит билан суҳбатимиз асосан унинг эндигина бошланган ва тобора ёрқинлашиб, кўпчилик ҳавасини уйғотаётган фаолияти хусусида бўлди.
- Одил, футболга нисбатан қизиқишингиз айнан қайси вақт чинакам ихлосга айланган? Чунончи, кўплаб болалар футболга жиддий қизиқишади, лекин ҳамма ҳам профессионал даража йўлини танлайвермайди...
- Ёшлигимда маҳалладошлар билан тўп ортидан югуриб, сира чарчамасдим. Маҳалламиздаги майдонга тушсак, вақт қандай ўтганини сезмай ҳам қолардик. Менда чинакам футболчи бўлиш истаги ўша вақтдаёқ ниш урганди. Энг асосийси, танлаган йўлимда собит турдим.
- Наманган - истеъдодлар макони. Бироқ сиз футбол таҳсилини Қаршида олдингиз. Бунинг сабаби нима?
- Аслида футбол бўйича дастлабки сирларни мактабдаги устозим Маҳмуджон Раҳимов ўргатган. Кейинчалик у кишининг тавсияси ва маслаҳати билан Тўрақўрғонга бориб, Нодир ака ва Маҳкам ака қўл остида шуғулландим. Шу орада яқинларим билан маслаҳатлашиб, таҳсилни «Навбаҳор» мактабида давом эттиришга қарор қилдик.
Бироқ ўйин услубим тўғри келмади, чоғи, мени мактабга олишмади. Натижада 2011 йили «Насаф» академиясига йўл олдим. Ҳаракатларим академия раҳбари Сергей Петрович Кучеренкога маъқул келгач, Қаршида қолдим. Шу-шу «Насаф» тизимида шуғулландим, мана, клуб шарафини ҳам ҳимоя қиляпман.
- 2 йилча олдин тиббий кўрикдан сўнг анча муддат ўйнамадингиз, халқаро турнирда иштирок этмадингиз. Ўша вақт нима бўлганди ўзи? Мураккаб вазиятдан қандай чиқдингиз?
- Эсимда, бу борада мухлислар турли фикрлар билдиришганди. Дейлик, айримлар клуб ва шифокорларни айблашди. Хуллас, кескин танқидлар ҳам янгради. Мавриди келган экан, айтишим керак, бундай фикрлардан йироқман ва ноўрин муносабатларга қўшилмайман.
Жавобим шуки, тиббий кўрикдан сўнг вақтинча ўйнамай туришимни тавсия этишди. Ўша вақт мураббий мени олимпия саралаш учрашувларига жалб қи-лишга роса уриниб, қайта-қайта шифоркорларга кўрсатди. Даволаниш курси тугагач ҳам, шифокорлар рухсат беришмади.
Шунда жиддий хавф борлигини ўйлаб, ўзим ҳам хавотирга тушдим. Яхшиямки, «Насаф» раҳбарлари мени ёлғизлатиб қўйишмади ва Германияга тиббий кўрик учун юборишди. Бунинг учун клубдан бир умр миннатдорман. Чунки немис шифокори - Халлий илк текширувдан сўнг шундай деди: «Юртингга қайтгач, аввало, шифокорларга раҳмат айтгин, сени вақтида футболдан тўхтатишибди.
Энди эса аста-аста ўйнасанг ҳам бўлаверади». Хуллас, Германиядан янги умид ва ишонч билан қайтдим. Кейин ўзгача иштиёқ-соғинч билан ўз устимда астойдил шуғулландим.
- Осиё чемпионатининг энг яхши футболчиси бўлишни ўйлаганмидингиз? Бир томонда «Малибу» автомобили, иккинчи томонда 20000 доллар. Бу - меҳнат ва истеъдоднинг самараси, Президент эътибори маҳсули! Оилангиздагилар ютуғингизни қандай нишонлашмоқда?
- Биринчи, навбатда, жамоадошларимга раҳмат! Ахир футбол жамоавий ўйин ҳисобланади. Дўстларим кўмагида муваффақиятга эришдим. Шундай Президентимиз борлигидан фахрланаман! У кишининг Instagramдаги саҳифаларини мунтазам кузатиб бораман.
Ўша куни жамоамиз ҳақидаги илиқ фикрларини ўқигач, ишончим янада кучайди. Қўшимча руҳий далда, кўмак олдим. Оддий деҳқон оиласиданман. «Малибу»ни отамга совға қилдим.
Онам доим яхши ниятда бир гапни такрорлардилар: «17 ёшингда оппоқ «Нексия» олиб келиб, даданг қалбини фахрга тўлдирасан». Ота-онага қанча совға улашсак, шунча кам. Демак, ҳозирги ютуқлар билан чекланиб қолмай, ўз устимда янада кўпроқ изланаман.
- Таиланд ва Хитойдаги ютуқлардан сўнг Қаршида ҳам ажойиб ғалаба нашидасини сурдингиз. Узоқ йўл, давомли машғулотлар ва қийин турнирдан қайтгач, ОЧЛ саралаш ўйинига руҳан тайёрланиш осон кечмагандир...
- Тўғри, осон бўлгани йўқ. Финалдан кейин эрта тонгда йўлга чиқиб, аэропортга келгунча чарчоқ аломатлари сезилганди. Лекин бизни ярим тунда катта тантана билан кутиб олишгач, чарчоқ ўз-ўзидан йўқолиб, ўзимизни ўта тетик ҳис қилдик. Совуқни сезмадик ҳатто.
Ватанга ғалаба билан қайтиш ўзгача завқ бағишлади. Айниқса, нотаниш одамларнинг худди юз йиллик қадрдондек қучоқлашиб, қувончимга шерик бўлишгани кучли таъсир қилди. Очиғи, бундай даражада кутиб олишларини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Ўша кун бир умр хотирамда қолади.
Қашқадарёлик мухлислар ҳам пойтахтга келишган экан ва «Эртага Қаршида учрашамиз ва албатта, ғалаба қозанамиз», - деб хурсандчиликларини яширишмади. Шу кайфиятда эртаси куни яна ғалаба қозондик.
- Табиийки, мухлислар ҳозирги ёшлар авлодига катта умид боғлашмоқда. Юксак ишончни оқлаш учун шахсан сиз қандай режалар тузмоқдасиз? Зеро, футболчи ўз маҳоратини оширишга индивидуал ёндашмас экан, катта марраларни забт этолмайди.
- Жуда тўғри. Мақсадим тайин - ютуқларни унутиб, янада жиддий ишлаш. Шундагина ота-онам, халқимиз олдидаги бурчимни талаб даражасида бажаришим мумкин. Олдинда масъулиятли вазифалар турибди.
Агар ривожланишдан тўхтасак, барчасини ўз ҳолига ташлаб қўйсак, уят бўлади. Ғалабадан ҳаволаниб кетмаслик, фақат олдинга интилиш керак. Президентимиз ва халқимиз ишончини оқлаш йўлида бутун вужудим билан ҳаракат қиламан.
- Ўзбекистон терма жамоаси 2022 йили Қатарда бўлиб ўтадиган ЖЧга чиқа олармикан?
- Халқимиз шунча йилдан буён айнан ЖЧ йўлланмасига илҳақ. Жамоадошларим буни яхши ҳис қилиб туришибди.
Умид қиламанки, акаларимиз - тажрибали футболчилар билан бирга олдимизда турган маррани забт этиб, Қатар мундиали йўлланмасини қўлга киритамиз, албатта. Бунга кучимиз ҳам, имконимиз ҳам етади!
Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).