Японияда бўлиб ўтаётган қитъа биринчилигида қатнашган икки нафар Ўзбекистон терма жамоаси аъзосининг таҳлилларида тақиқланган препаратлар аниқланди. Натижада уларнинг мусобақадаги иштироки муддатидан олдин тўхтатилди.
Халқаро тест агентлиги (ITA) маълумотларига кўра, 2026 йилнинг 23 сентябр куни каноэда эшкак эшувчи Павел Эйгелдан олинган допинг-тестда тақиқланган триметазидин моддаси борлиги тасдиқланган.
Шунингдек, яна бир ўзбекистонлик спортчи — MMA вакили Нодирбек Шавкатовнинг қонидан ҳам тақиқланган модда аниқланган. Эътиборлиси, у ушбу Осиё ўйинларида бронза медалини қўлга киритганди, унинг таҳлилида эса мелдоний моддаси аниқланган.
Ташкилот изоҳига кўра, мелдоний кислород ўзлаштириши ва энергия алмашинувини тезлаштириб, жисмоний чидамлиликни сунъий равишда оширади. Триметазидин эса юрак-қон томир тизими фаолиятини кучайтиради. Иккала препарат ҳам Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг (WADA) S4 тоифасига киради ҳамда улардан мусобақа вақтида ва ундан ташқари пайтда фойдаланиш қатъиян ман этилади.
Ҳолат юзасидан спортчилар расман хабардор қилинган. WADA ҳамда Осиё Олимпия кенгаши (ОCА) қоидаларига кўра, текширув ишлари якунлангунга қадар улар спортдан вақтинча четлатилди. Эндиликда ушбу атлетларга Аичи-Нагоя Осиё ўйинлари доирасидаги мусобақалар, машғулотлар ёки бошқа турнирларда қатнашиш тақиқланади.
Қоидаларга мувофиқ, спортчилар вақтинчалик четлатиш қарори устидан Спорт арбитраж судининг антидопинг бўлимига (CAS АDD) апелляция бериш ва қўшимча “Б” тести олинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).