Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент мтабуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Жавоҳир Синдоровга мурожаат қилиб, бир неча ой аввал унинг Номзодлар турниридаги тарихий ғалабаси нишонланганини эслади. Олимпиадада Жавоҳир яна совуққонлик ва барқарорлик кўрсатди, кучли рақиблар олдида ортга чекинмади.
“Энди олдингда яна бир улкан марра – жаҳон тожи учун беллашув турибди. Бугун ортингда нафақат жамоадошларинг ва устозларинг, балки қирқ миллионга яқин Ўзбекистон халқи турибди. Биз сенга ишонамиз!” – деди давлат раҳбари.
Йирик мусобақада илк бор иштирок этган Муҳиддин Мадаминов ҳал қилувчи кунда украиналик Роман Деҳтиаровни қора доналарда мағлуб этиб, жамоага олтин медал учун зарур очкони олиб келди. Мамлакат етакчиси унинг ғайрати ва ғалабалари мухлислар кўнглидан жой олганини таъкидлади.
Шамсиддин Воҳидов ҳам умумий натижага муносиб ҳисса қўшди. Хусусан, у амалдаги жаҳон чемпиони Гукешга қарши қора доналарда тенгма-тенг курашиб, ўз салоҳиятини намоён этди.
“Бу олтин медалда жамоанинг ҳар бир аъзосининг машаққатли меҳнати ва улкан ҳиссаси бор”, – деди президент.
Шахматчилар ҳақида ҳали китоблар ёзилиши, филмлар яратилиши ва уларнинг ўйин услуби дарсликларга киришига ишонч билдирди.
Президент Ўзбекистон Олимпиадада эркаклар ва аёллар ўртасида жами олтита терма жамоа билан қатнашганига эътибор қаратди. Барча таркибларнинг натижалари ва ўйин услуби жаҳон шахмат оламининг қизиқишини уйғотди.
Эркаклар ўртасидаги иккинчи жамоа жаҳон рейтингида олтинчи ўринда турган Нидерландия терма жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этди. Давлат раҳбари буни ҳам муҳим ютуқ деб баҳолади.
Учинчи жамоа таркибидаги 17 ёшли Асроржон Омонов саккизта ўйинда еттита ғалабага эришди. Унинг натижаси мамлакатда етишиб келаётган истеъдодли шахматчилар салоҳиятини кўрсатди.
“Бизда 2-3 нафар шахматчи эмас, балки бутун бошли кучли авлод бор десак, бу ҳам ҳақиқат”, – деди президент ҳамда бу авлод ва унинг ортидан келаётган ёшлар жаҳон шахматида ҳали кўплаб ютуқларга эришишига ишонч билдирди.
Давлат раҳбари аёллар терма жамоалар ҳам Олимпиадада катта ирода ва матонат кўрсатганини таъкидлади. Биринчи жамоа 11 турнинг еттитасида ғалаба қозониб, дунёнинг кучли шахмат мамлакатлари вакиллари билан тенгма-тенг курашди.
Афруза Ҳамдамова, Гулрухбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Нилуфар Имомқўзиева, Гулдона Каримова ва бошқа шахматчи қизларнинг меҳнати алоҳида эътироф этилди.
“Ишонаман, ҳали ўзбек шахматчи қизлари ҳам Олимпиада шоҳсупасининг энг юқори поғонасига албатта кўтарилади”, – деди президент.
Самарқанддаги учинчи FIDE парашахмат олимпиадасида терма жамоа илк бор бронза медалини қўлга киритди. Селби Какишова еттита ўйинда олти очко жамғариб, ўз тахтасида кумуш медалга сазовор бўлди.
Абдулазиз Баҳодиров шахсий ҳисобда бронза медални қўлга киритди, Аҳадхон Кимсанбаев эса бирорта ҳам мағлубиятга учрамади. Президент парашахматчиларнинг ҳар бирига алоҳида таҳсин билдирди.
“Сизлар ўз жасоратингиз, ақл-зеҳнингиз, иродангиз ва тинимсиз меҳнатингиз билан минглаб инсонларга жуда катта ибрат ва намуна кўрсатдингиз”, – деди давлат раҳбари.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).