Теҳроннинг «Истиқлол» клуби Эрон чемпионати иккинчи даврасида фаолликни кескин оширди. Пойтахтликлар хусусан, мамлакат Про-лигаси 24-туридан ўрин олган учрашувни меҳмонда асосий рақиблардан бири - «Фулад»га қарши ўтказиб, 4:1 ҳисобида устун келишди.
Ушбу жамоа таркибида тўп сураётган ҳамюртимиз Сервер Жепаров ҳам ғалабага муносиб ҳисса қўшди. Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси майдонда 75 дақиқа фаол ҳаракатланишдан ташқари, жамоасининг илк голига ассистентлик қилди.
Эътиборлиси, «Фулад» бунгача 38 очко билан турнир жадвали 2-поғонасини эгаллаб турганди. Ҳузистондаги муҳим ғалаба натижасида «Истиқлол»нинг очколари сони ҳам айнан 38тага етди ва жамоа 3-ўринга кўтарилди. Хўш, Сервер айни пайт ўзини қандай ҳис қилмоқда, у «Истиқлол»нинг қисқа вақтда ўзгаргани ҳақида нима дейди?
- Сервер, принципиал рақибни чиройли тарзда мағлуб этдинглар. Йирик ҳисобли ғалаба асосан ниманинг эвазига келди, сизнингча?
- Ҳақиқатан ҳам, турнир нуқтаи назаридан бу учрашув ҳар икки жамоа учун муҳим эди. Ғалаба қозонган тақдирда совринли ўринлар учун курашиш имкониятини ошириб олардик.
Хуллас, кучли иштиёқ самараси ўлароқ, зарур 3 очкони қўлга киритдик. Шунингдек, юзага келган вазиятлардан унумли фойдаланганимиз йирик ҳисоб омили бўлди.
- «Истиқлол» иккинчи даврада тезликни оширди. Чемпионатнинг биринчи ярмида жамоага нима етишмаганди?
- Биласизми, ўтган йили ҳам худди шундай ҳолат кузатилганди. Очиғи, бунинг асл сабабини ўзимиз ҳам тушунмадик. Энг муҳими - мавсумнинг сўнгги турларигача ҳозирги кўтаринки кайфиятни сақлаб қолиш.
Эрон чемпионатида рақобат нақадар баландлигини турнир жадвалига назар ташлаб, осонгина пайқаш мумкин. Дейлик, ҳозир 3-7-ўринларда бораётган 5та жамоа ҳисобида 38тадан очко бор. Энди медаллар учун кураш қандай кечаётганини тасаввур қилиб олаверинг.
- Лекин пешқадам - «Пирузи» таъқибчилардан сезиларли даражада олдинда. Кўринишидан, бу клуб чемпионлик масаласини ҳал қилиб улгурди...
- Ҳа, бу фикрга қўшилишдан бошқа чорам йўқ. Ахир «Пирузи» 57 очкога эга. Унинг энг яқин таъқибчиси - «Зоб-Оҳан»да эса 41 очко бор. Хуллас, ўртадаги 16 очколик фарқни йўққа чиқариш осон эмас. Демакки, 6-7та жамоа «кумуш» ва «бронза» учун кураш олиб боради.
- «Истиқлол» камида ҳозирги мав-қеини сақлаб қолишга қодирми?
- Умуман олганда, ҳозир 2-ўринни кўзлаяпмиз.
- Жорий мавсум 4та гол уриш баробарида яна шунчасига ҳаммуаллифлик қилдингиз. Биламизки, Эрон чемпионатида жисмоний курашга жиддий эътибор қаратилади. Бу ҳолат сизга қийинчилик туғдирмаяптими, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Очиғи, шундай футболга кўникиб, мослашиб улгурдим. Ўзи табиатан курашларга бой ўйин тарафдориман. Умуман, Жанубий Корея чемпионатидаги фаолиятдан кейин Эрон футболи мен учун мураккаб эмас. Нима демоқчи эканлигимни тушундингиз (кулади).
- Жамоангиз ОЧЛда ҳам муваффақиятли старт олди. Ортда қолган 2та ўйин ҳақида нима дея оласиз?
- Уларда ғалаба ва дуранг қайд этдик. Гуруҳимиз жуда кучли эканлигини биламиз. Шунинг учун ОЧЛ ўйинларига ўзгача ёндашмоқдамиз.
- Клуб раҳбарияти ОЧЛ учун аниқ вазифа белгилаганми?
- Албатта. Бусиз иложи йўқ. Биринчи навбатда, гуруҳдан чиқишимиз керак.
- ОЧЛдаги клубларимиз - «Локомотив» ва «Насаф» ўйинларини ҳам кузатиб боряпсизми?
- «Локо» жуда яхши бошлади - асосий рақиблардан бирини ўта йирик ҳисобда енгди. Эронда ҳам ижобий натижага эришиши мумкин эди. Лекин ўша куни «темирйўлчилар»дан омад юз ўгирди.
Адашмасам, 2-турдан сўнг гуруҳдаги 4та жамоа ҳисобида ҳам 3тадан очко бор. Бу қолган ўйинлар ўта қизғин кечишини таъминлайди. «Насаф» ҳам ғалаба қозонганини инобатга олсак, бемалол «плей-офф» йўлланмаси учун курашиши мумкин.
Фурсатдан фойдаланиб, ҳар икки жамоамизга омад тилайман. Зеро, ОЧЛдаги ҳар бир муваффақият ўзбек футболи обрўсини кўтаради.
- 1 март куни Суперлига ўйинларига старт берилади. Юқори лига иштирокчилари сони 12тага қисқартирилди. Умуман, футболимиздаги ўзгаришлар жараёнидан нечоғли хабардорсиз?
- Жамоалар сони унча муҳим эмас. Асосийси - чемпионатнинг неч-та ўйини ҳақиқий кураш остида кечиши. Фаолиятим давомида 12та жамоа иштирок этадиган чемпионатда ҳам ўйнаганман. Лекин ўша биринчилик ва миллий чемпионатимизни ўзаро таққослаш қийин. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
- Дўстингиз Темур Кападзе миллий терма жамоамизга вақтинча бош мураббий бўлди...
- Темур билан гаплашдим, уни табрикладим. Ҳа, зиммасига ўта масъулиятли вазифа юкланди.
- Сенегал ва Марокаш терма жамоаларига қарши кечадиган ўртоқлик ўйинлари учун эълон қилинган таркибда йўқсиз. Буни қандай қабул қилдингиз?
- Ўзбекистонда 33 миллион киши яшайди. Таркиб бўйича ҳаммада турлича фикр. Шахсан ўзим бу ҳолатга жиддий эътибор қаратмадим. Футболимиз раҳбарлари ва бош мураббий шундай ҳисоблашган экан, демак, ҳаммаси тўғри...
- Лекин терма жамоадан чақирув олишга ҳали умидворсиз, шундайми?
ДАВОМИ
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).