Айни пайт Қатар мамлакати ўзига хос тарзда кун кечирмоқда. Эътиборингизга бир нечта қизиқарли фактларни келтириб ўтамиз:
• Мутлақ монархия бошқарувига чеклов қўйилмаган. Шу туфайли замонавий одамлар учун бироз ёввойи туюладиган ўрта асрлардаги қонунчилик сақланиб қолган.
• Қатар нефть (дунёда 16-ўрин) ва табиий газ (2-ўрин) экспорт қилади. Бу мамлакат умумий даромадининг қарийб 70 фоизини ташкил этади. Шу ўринда Қатар сайёрамиздаги энг бадавлат мамлакатлардан бири саналади.
• Бу ерда бир литр бензин нархи тахминан 0,5 АҚШ долларига тенг. Асосий транспорт - йўлтанламаслар. Деярли ҳеч ким пиёда юрмайди, ҳаво эса одатий иссиқ. Йилига бир неча марта ёмғир ёғади, холос.
• Қатардаги жаҳон чемпионати Яқин Шарқ давлати мезбонлигида ўтадиган дастлабки мундиал сифатида тарихга киради. Футбол орқали мамлакат ривожига ҳисса қўшиш режалаштирилган: айни пайт Қатар тўлиқ қайта қурилмоқда, янги инфратузилма учун 200 миллиард доллар ажратилган.
• Маҳаллий аҳоли сони мамлакатда яшовчиларнинг кичик қисмини ташкил этади. Қатарда хорижлик ишчилар жуда кўп, инглизчада эса деярли барча гаплашади. Бу борада чет эллик ишқибозларга Россияда ўтган мундиалдагидан ҳам қулайроқ бўлади.
Хави - футбол юзи
Айни пайт Қатар Премьер-лигасида бор-йўғи 12та клуб қатнашади. «Ал-Дуҳайл» етакчилик қилмоқда, аммо энг машҳур жамоа «Ал-Садд» ҳисобланади. 2015 йилдан буён испаниялик Хави айнан шу чемпионатда тўп сурмоқда. У ўзи учун янги бўлган мамлакатга жуда яхши мослашиб олган. Маҳоратли ярим ҳимоячи Қатарда 76та ўйин ўтказиб, 21та гол урди ва жорий йилнинг май ойида амалдаги шартномасини 2020 йилгача узайтирди. Хавини ЖЧ-2022нинг биринчи халқаро элчиси қилиб тайинлашди, келажакда эса у «Ал-Садд» клуби ва Қатар термасининг бош мураббийи лавозимини эгаллаши кўзда тутилган. Турли йилларда бу мамлакатда юлдуз футболчилар (Батистута, Гвардиола, Рауль) тўп суришган. Бироқ Хави ўзини нисбатан яхшироқ намоён этмоқда. Унинг катта ёрдами тегяпти, бир мавсумда 10 миллион евро миқдорида маош олади.
Саркозидан кўмак
Football Leaks суриштирувлари шуни тасдиқлаяптики, Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози жаҳон чемпионати мезбонлиги Қатарга берилишига ўз таъсирини ўтказган. Барчаси умумманфаатли тарзда амалга ошган. Саркози Қатар амири Тамим ал Тани билан келишиб олган: қатарликлар унинг севимли клуби «ПСЖ»ни сотиб олиб, Францияда beIN Sports спорт канали очишлари лозим бўлган. Бунинг эвазига Саркози жаҳон чемпионати мезбонини аниқлаш чоғида Қатар кўпроқ овоз тўплашини таъминлаш бўйича Платинига топшириқ берган. Франция президенти Платинига бу борада босим ўтказганини Зепп Блаттер ҳам тасдиқлаган. «ПСЖ» ушбу маълумотларни инкор этди, аммо машҳур фактлар кишини ўйлантиради. 2010 йилнинг декабрида Қатар мундиални ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди, 2011 йилнинг майида эса Qatar Sports Investments фонди «ПСЖ»нинг 70 фоиз акцияларини сотиб олди. Al Jazeera Media Network тизимининг бир қисми ҳисобланган BeIN Sports канали ҳам айнан ўшанда ташкил этилди.
Санкциялар
Июнда барча Россиядаги ЖЧ-2018 бошланиши кутган бўлса, Қатар санкциялар гирдобига тушиб қолганининг бир йиллигини «нишонлаётганди». Қўшни Саудия Арабистони, Миср, БАА ва Баҳрайн Қатар билан дипломатик алоқаларни узиб, ушбу мамлакатни терроризмга алоқадорликда айблашди. Барчасига 2017 йили қироллик оиласининг ўғирлаб кетилган аъзоларини қайтариш мақсадида террористик гуруҳга миллиардлаб гаров пули тўлангани сабаб бўлган. Мазкур воқеа Эроннинг кўмагисиз ўтмади. Энг қизиғи, Қатарнинг ўзи анча хавфсиз, ўн йилдан ошиқроқ вақт мобайнида бу ерда терактлар кузатилмади.
Терма жамоадаги қийинчиликлар
Сиёсат нафақат Қатар жамоаларига муаммоларни келтиряпти (БАА ва Саудия Арабистони клублари улар билан ўйнашни истишмаяпти), балки халқаро футболга ҳам халал бермоқда. Масалан, Қатар термасининг Саудия Арабистонида ёритилаётган пайтда уларни терроризмда айблашади. Бунинг учун саудияликларга огоҳлантириш ҳам берилиб, ҳаттоки, уларнинг ЖЧ-2018даги иштирокдан маҳрум этиш бўйича таҳдид ҳам қилишди, бироқ ҳаммаси ўтди. Қўшнилар Қатар термасини ёқтиришмайди, лекин бу жамоани Америка кубоги-2019га меҳмон сифатида чақиришди. 2016 йилнинг ноябрида россияликлар ўртоқлик учрашувида Қатар миллий жамоасига ютқазишди, ЖЧ-2022да эса бу терма таркибида кўплаб ёшлар тўп суришади. Жамоа ўзагини ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати-2016да (Қатар ярим финалгача етиб борганди) ўйнаган футболчилар ҳисобига тузиш режалаштирилган. Ўз навбатида, бу ерда сўнгги йилларда фаол давом этаётган жараён - хорижлик ўйинчиларни маҳаллийлаштиришдан ҳам бутунлай воз кечиш ниятлари йўқ.
Қатар термасида асли келиб чиқиши Саудия Арабистони, Гана, БАА ва бошқа мамлакатлардан бўлган футболчилар тўп суришади. Шунингдек, мазкур жамоада албатта, машҳур мураббий ишлайди. У Хави ёки бошқа бир таниқли мутахассис бўлади. Мисрлик ишбилармон Нагиб Савирис Қатар термасини Зидан бош-қариши мумкинлиги ҳақида ёзганди.
Қурилишдаги ҳалокатлар
Қатар спорт иншоотлари қурилиши пайтида рўй бераётган фожиалар сони бўйича рекордлар қайд этмоқда. Жаҳон чемпионати муносабати билан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари пайти ҳафтасига 12 киши ҳалок бўлаётгани айтилганди. Бошқа мамлакатларда ўтказилган йирик мусобақалар билан солиштирганда, Қатардаги қурилиш жараёнида кузатилган ўлим ҳолати кўпчиликни даҳшатга солди, аммо ҳаммаси ўзгармоқда. Ҳозир меҳнат шартлари яхшиланмоқда, иссиқ об-ҳавода ишлаш вақти қисқартирилди, ишчилар маоши эса анча ошган. Қурилиш ишларига Ҳиндистон, Непал ва Уммоннинг қашшоқ фуқаролари жалб қилинмоқда.
Қулайликлар
Ҳозирча Қатар стадионлар сони бўйича ФИФА билан келишмоқда, лекин уларнинг сони саккизтадан кам бўлмаслиги аниқ. ЖЧдан кейин ареналарнинг деярли барчасида томошабинлар сиғими қисқартирилади, битта иншоот тўлиқ ўзгартирилади. Келгусида бу объектларнинг аксариятидан бошқа соҳаларда фойдаланиш кўзда тутилган.
Қизиғи, иккита арена орасидаги максимал масофа бор-йўғи 55 километрни ташкил этади. Россияда ўтган мундиалдан фарқли жиҳати шундаки, Қатарда мухлислар бир кунда иккита ўйинни кузатиш имконига эга бўлишади. Бу борада бирор-бир чеклов ўрнатиш режада йўқ, ташкилотчилар эса муҳим қарорларни тайёрлашмоқда: стадионларга олиб бориш учун махсус транспортлар йўлга қўйилади, метро станциялари қурилади, янги йўллар барпо этилади. Айни пайт Қатар жамоат транспортларининг тўғри йўлга қўйилгани билан мақтана олмайди.
Қатар Қиши - рус ёзи
Қатардаги жаҳон чемпионати 2022 йилнинг 21 ноябридан 18 декабрига қадар давом этиши режалаштирилган. Клубларнинг мавсумий тақвими мажбуран ўзгартирилади, аммо барчаси мураккаб иқлим шароити билан изоҳланади. Ёз фаслида Қатарда ҳаво ҳарорати 50 даражагача кўтарилади, қишда эса ўртача 25 даража иссиқ кузатилади. Қулайлик биринчи ўринга қўйилади: жамоаларга ўйин ўтказиш учун максимал қулай шарт-шароитлар яратилади. Шу тариқа сув ичиш учун ажратиладиган танаффуслар, иссиқ уриши каби ҳолатларнинг олди олинади. Қатар бу борада ёзги Россияга ўхшайди.
ЖЧ сабаб янги шаҳар
Бошқа мамлакатларда мундиалга мезбонлик қилиш учун бир нечта шаҳарлар даъвогарлик қилаётган паллада, Қатарда бутун бошли янги шаҳар барпо этилмоқда. ЖЧ-2022 финали ҳали қуриб битказилмаган Лусаил шаҳрида ўтказилади. Лусаил Дохадан 20 километр узоқликда жойлашади, лойиҳа бўйича у ерда янги стадион, савдо марказлари ва 450 минг кишига мўлжалланган уй-жойлар қурилади. Қурилиш ишлари 45 миллиард доллар ажратилади. Бундан ташқари, Лусаил юқори технологияларга бой бўлади - фуқаролар маиший техника воситаларини масофадан туриб бошқаришлари мумкин, шаҳардаги умумий вазиятни эса ахборот маркази назорат қилади. Бу ҳақда Sport Connect батафсил маълумот берган.
Алкоголга ўрин йўҚ
Спиртли ичимликларни хуш кўрувчилар Қатарга боришдан олдин бир ўйлаб олишса керак. Чунки бу ерда алкоголь маҳсулотлари истеъмоли ва сотуви қатъиян тақиқланади. Жаҳон чемпионати пайти қандайдир истиснолар қўллаш режалаштирилган. Айни пайт Қатарда туғилиб-ўсганлар учун алкоголь ман этилган, хорижликларга эса уни сотиб олиш учун махсус рухсатнома керак бўлади. Хуллас, ўйин ЖЧ-2022нинг асосий манзара ва маҳсулоти бўлади.
Яна нимани билиш керак?
• ЖЧ-2022дан иштирокчилар сони 32тадан 48тагача кўпайиши мумкин. Дастлаб бу ўзгаришни 2026 йилдан амалга ошириш режалаштирилганди, аммо Инфантино мазкур ғояни Қатар мундиалидан бошлаб қўллаш эҳтимоли йўқ эмаслигини таъкидлади.
• ЖЧга боғлиқ яна бир янгилик. Агар финал босқичи иштирокчилари сони ортса, гуруҳ босқичида ўйиндан кейинги пенальтилар серияси ўтказилади. /олиб турнирда қўшимча очкога эга бўлади.
• Қатарга Европа клублари ҳам мослашиб боришмоқда. «Ювентус» ва «Милан» бу ерда Италия Суперкубоги баҳсида майдонга тушишди, 2019 йилда худди шундай мақомдаги мусобақани испанлар ҳам Қатарда ўтказишмоқчи. Қисқаси, келгусида Осиёнинг бу давлатида футбол учрашувлари сони янада ортиши кутилмоқда.
• Неймар ЖЧ-2022 юзига айланиши кутилмоқда. «ПСЖ»нинг қатарлик хўжайинлари бразилиялик ҳужумчини ушбу ролга тайинлаб, бунинг учун йилига 50 миллион евро тўлашмоқчи. Демак, Неймар яхшигина даромадга эга бўлиши мумкин, фақат... «ПСЖ»да ўйнашни давом эттирса.
• Россияда ўтказилган жаҳон чемпионати мундиаллар тарихида энг яхшиси топилди. Қатардаги ташкилотчилик балки энг яхшиси эмасдир, аммо бошқача тарзда ўтаётгани аниқ. Хуллас, ЖЧ-2022 ўзгача тарзда ўтишига шубҳа йўқ.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).