Бугун 2 январь. Икки кун ичида, икки кун қучоғида, янги йилни кутиш чоғида умуман яшамадим гўё, ҳеч нарса ёзмадим. Келиб-кетишлар, табриклару-нимадир тилашлар, кулиб боқишлар-у, кимгадир ёқишлар мен учун олтмиш йил олдин қизиқарли эди. Бу икки кунни терма жамоамиз йигитлари қандай ўтказишди экан? ОК-2019 очилиш маросимига уч кун қолди. Шундай кунда эътиборингизни ўзимга, айтар сўзимга қаратишим тўғрими? Терма ҳақидаги ўй-хаёлларим вужудимни қамраб олган. Ҳар бир ўй-фикратим дилимни ҳар ёққа тортмоқда. Уларни Сиз билан, азизларим, баҳам кўриб дилимни бўшатиб олай. Ҳаяжонимни босиб олай. Баланд михга осиб олай. Мен ҳам қуриб сур бўлиб юрай. Осони шу. Сурбетлик. Ҳамма жимиб қолиб уч кунни бир зумда ўтказар пайтда, бир оғиз сўз ортиқчалик қилар пайтда ман олдингизга кириб келдим. Катта синовлар, бир йилга якун ясовчи синовлар олдидан тағин бир нима айтиб қолай дедим. Кейин мириқиб бир ой футбол кўрармиз. Илоҳим, термамиз охиригача борсин.
...КАРВОН ЎТА БЕРАДИ
Олдинги бош мураббий даврида терма жамоамиз ҳақида бирон бир танқидий тугул, таҳлилий мақолани ҳам ёзолмас эдик. Танқид учун, масалан, бир сайт ёпиб қўйилган эди ўшанда. Футболдаги ислоҳотларимиз туфайли футбол нашриётлари ҳуррият ҳавосида эмин-эркин ёзишмоқда. Демократиямиз бир довон ошиб, бир босқичга улғайибдими, дейман. Ёки матбуот Куперга қарши отланган кучларнинг буюртмасини бажариб билиб-билмасдан бўлар-бўлмасга бош мураббий ишини танқид қилмоқдами? Биз журналистлар гапдонлик қила берамиз, термамиз карвони олдинга одимлаб кета беради деб ёзган эдим. Тўғри, топиб айтилган гап, лекин бошқа бир гап бор. Футболчиларимиз ҳам, бутун мураббийлар штаби ҳам, терма жамоамиз ходимлари ҳам Купер атрофида ишонч билан бир жону-бир тан бўлиб бирлашишган, дейлик. Илоҳим шундай бўлсин. Лекин ватаним деган барча футбол мухлислари ҳам Куперга ишониб унинг атрофида бирлашиши керак эмасми? Бундай бирдамликни яратайин деб журналистикамиз жонфидо бўлмайдими, умидбахш, жонбахш бўлмайдими? Шунда футболистикамиздан бир нимани кутиш ўринли бўлади.
ЎЗЛАШТИРИШМИ ЁКИ СЎЗЛАШТИРИШМИ?
“Футбол Экспресс”нинг 96-сонида босилиб чиққан (12-13-бетлар) Темур Кападзенинг хос суҳбати диққатимни жиддийлиги билан ўзига тортди. Темур ўтган мавсум ҳақида, олтин очколар, ўзининг ёшлар мураббийи мақомидаги ишлари ҳақида гапириб ўтиб Купернинг ишини таҳлил эмас, очиқчасига танқид қилган. Доим бир воқеанинг, бирон бир инсоннинг икки томони ва ўнлаб талқини бўлади. Яқин-яқингача тўп сурган машҳур футболчимизнинг, ўйинни тугатгач, кутилмаганда миллий терма жамоамизга тўртта ўйинда мураббийлик қилган Кападзенинг Куперга берган баҳоси менга жуда қизиқарли туюлди. Ўз ҳақиқатини бўямасдан очиқ-ойдин гапириши ҳурматга сазовор ҳодиса. Кўп марта ўқиб чиқдим. Фирдавсхон ўз фикрини Кападзе орқали бизга етказмоқдами, ёки Кападзе ортидан барча журналистлар унинг айтганларини такрорлаб, фикрини ўзлаштириб юришибдими?
Суҳбатдаги бир хил сўзларни келтираман. “Купер футболчиларимизнинг заиф жиҳатларидан фойдаланяпти... Афсуски, бош мураббий йигитларимизнинг кучли жиҳатларидан фойдаланмаяпти... Агар йигитларимизнинг бажара олмайдиган жиҳатларидан фойдаланадиган бўлсак, барибир улар бу ишни эплай олишмайди”. Фойдаланиш, қозонда боридан фойдаланиш. Фойда кўриш, фойда чиқариш. Темур ҳақми? Ҳақиқатни айтди дейсизми? Мен ҳам шундай дейишим, ё қарши чиқишим мумкин. Қайси томондан қарашга боғлиқ. Келтирган гапларимга менинг ўз қарашим бор. Ўйинга ишлов беришда камчилик устида кўпроқ ишлаш табиий ҳол эмасми. Фойдахўрликнинг футболга нима дахли бор?
Эътироз билдиришимдан олдин мавзудан чекиниб, бир нарсани тушуниб олай. Ман ўзимни кўра олмайман. Ўзимга баҳо бера олмайман. Бунинг учун кўзгуга қарашим керак. Кўзгу сиртимни кўрсатади. Ичимни ўзим кўриб унга баҳо бера олмайман. Кўзгу ҳам кўрсата олмайди. Менга кимдир ташқаридан туриб тўғри баҳо бериши керак. Шунга ўхшаб Кападзе футболимиз ичида бўлгани учун унга (футболимизга) тўғри баҳо бера олмайди, манимча. Кўзини ёғ босмаган. Кўзи хира тортмаган. Бир нарсага узлуксиз тикилиб турган одам кўзи чарчаб қолади. Толиққанидан баъзи нарсаларни кўролмай қолади.
ТЕМУР КАПАДЗЕ БИЛАН ЗАЙНИДДИН ЗИДАН
Арсен Венгер бир жамоада ишлай бериб, кўзлари кўп нарсани илғамай қолган эди. Гвардиола бир неча йил муттасил эришган буюк ютуқларидан кейин номини, довруғини миниб юриши мумкин эди. Лекин у ҳаммасини ўтмишда қолдириб, ҳаммасига ташқаридан туриб баҳо бериш учун футболдан ташқарига чиқиб бир муддат, бир-икки йил юрди. Ҳозир Зидан шу йўлда, шу кўчада, футболдан ташқарида юрибди. Гапнинг индаллоси шуки, Темур эмас мен, Купер машғулотларини кузатмаган, ўзини яқиндан кўрмаган ҳолда унга тўғри баҳо бераётгандирман. Темур кўра олмаётган нарсани ман кўриб турган бўлишим мумкиндир, балким. Футболни ташқаридан 60 йилдан бери кузатиб келмоқдаман. Шунга кўра мақола ёзиб юрибман.
Сиз эшитинг. Темур ҳақ. Футболчилар билан беш кунлик йиғинларда ишлайдиган Терма жамоа мураббийи Кападзе айтганидек “бор масаллиқ”дан фойдаланиши керак. Темур айтганидек, барча мураббийлар ўзидан олдинги ўйиндан “фойдаланиб” иш кўришган. “Қайта ямашнинг”, бор ўйинга бир нима қўшишнинг омадлироғи Темур айтганидек, Абрамов бўлган. Йўғини термада ҳеч ким ярата олмайди. Клубда яратиш мумкин. Терма жамоада эмас. Темур айтганидек мураббий олдинги ўйин структурасини сақлаган ҳолда терма ўйинига ишлов бериши керак. Шу ҳам катта гап. Купер бундай қилмаяпти. Чунки, Эктор Купер битта ОКни ўтказиб бериш учун келгани йўқ. Уч йилга келган. Лёв Клинсман даврида бир нимани яратишни у билан биргаликда бошлаган эди. Кейин яна 8 йил ишлаб бир нимани яратиб ЖЧ-2014да жаҳон чемпиони бўлган. Эрон термаси билан Кайрос Кейруш 8 йилдан бери ишламоқда. Балким Купер ҳам термамиз билан 8 йил ишлар. У шундай, 8 йил ишламоқчи бўлган одамдай ишга ёндошди.
Футболимиз ичида бўлгани учун Темур тушуна олмаган гап шуки, Купер йўқ нарсадан янги нарсани яратмоқчи эмас. Бизда ҳамма нарса бор. Мен буни четдан туриб кўрмоқдаман, шекилли. Ўзи айтганидек у сеҳргарлик қилмоқчи эмас. Ўйинимизни ташкил қилган ўзбек “дурларини” сочиб ташлаб кейин бошқа ипга бошқача тизимда териб бермоқчи, холос. Буни кўриб туриб кўра олмаётган Кападзе “терма жамоамизда ўйин йўқ” деб айтди. Тўғри, ўйин сочилиб ётибди. Анталияда улгурмаган бўлса, гуруҳ ўйинларида албатта, йиғиштириб олади.
ЭРОН ТЕРМА ЖАМОАСИ ВА “ЧЕЛСИ”ДАН ДАРС
Шу қатори Темурнинг бошқа гапларни келтирмоқчиман. “(Купернинг) ҳимоявий тактикаси бизнинг футболга мос тушмаяпти”... Бу нима дегани? “Челси” “Ман. Сити”ни ютиши учун кучли ҳимояланиб, рақибнинг комбинацион ҳужумини ҳимоя ботқоғида қийнаб, толиқтириб қўйгач, кенг бўшлиқда қарши ҳужум уюштириб иккита гол уриб ютиб кетди. Жуда кучли ҳужум чизиғига эга Франция термаси ҳам Хорватияга қарши ҳимоядан туриб ўткир ҳужум уюштириб ЖЧ-2018 финалини ютиб кетди. Темур, Сиз ўз фикрингизни нима биландир ҳимоялаб олиб, кейин гапирасиз, тўғрими? Мен ҳам шундай қиламан. Ҳамма ўз ҳимоясига муҳтож. Бугунги тотал футболда ҳамма бутун майдон бўйлаб ўз жойида ҳимояланишни яхши билиши керак. Буни Сиз ҳам биласиз. Бугунги футболда тўпни олдириб қўйган жойда, ўша заҳотиёқ ҳимоявий ҳаракатни ҳамма бошлаб юборади. Бугунги кунда “Ман.Сити” ҳимоявий ҳаракатни эплай олмаяпти. Шунинг учун унинг ҳужуми ўтмаслашиб қолган. Унга қарши қандай ўйнаш кераклигини бугун ҳамма билади.
Кападзе “Ҳимоявий ўйин кўрсатиш учун (футболчиларимиз) биринчи навбатда жисмоний томондан кучли бўлиши керак. Футболчиларимиз эса, бундай тактикада ўйнашга ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр эмаслар”, деб гапирди. Қизиқ гап бўлди. Футбол ўйнаш учун жисмонан кучи етмаган одам майдонга тушиб нима қилади? Кападзе гапи бўйича ҳимояни унутиб ҳужумкор ўйнаш учун йигитларимиз жисмонан кучсиз ҳолда ҳам майдонга тушиши мумкин экан-да. Гапидан мантиқан шундай маъно чиқяптими? Ёки ўйин давомида 5 км ҳам югурмасдан, пиёда юриб футбол ўйнаб ОКда шарманда бўлайликми?
Кападзе давом этиб “Биз кўпроқ тўп билан муомалада бўлишимиз, рақибни имкон қадар тўпсиз қолдиришимиз лозим”, деб айтиб, катта мавзуга ўтиб кетган эди. Бу тўпни назорат қилишдир. Кўз олдимга Абрамовни қулатган машъум ўйин келмоқда. Тошкентда Эронга қарши ўйинда тўқсон дақиқа тўпни биз назорат қилган эдик. Форслар эса, тўпни эмас ўйинни назорат қилишиб битта гол уриб ютиб кетишган эди. ОК-2011даги ярим финалдаги Австралияга қарши ўйинимиз ҳеч қачон эсимдан чиқмайди. 0:6. Копадзе билса керак. Биз шу ўйинда тўп назоратини ўз фойдамизга қаратиб олган эдик. Адашмасам, 62 – 38%. Шу кунларда барча ўйинларда “Ман. Сити” тўпни тўлиқ назорат қилгани ҳолда ютқаза бошлади. Эртага “Ливерпуль”га қарши кечадиган ўйинда нима бўлар экан? Гап шунда-ки, Гвардиола учун янги ўйин структурасини яратиш зарурати кундай равшан бўлиб турибди. АПЛда ҳар қандай ўйин усули ва ўйинчилар бир йилда эскириб кетади. Янги бош қаҳрамонлар, янги сценарийлар керак бўлмоқда.
ЯСАМА ОҚ ЁҚА ВА МАНЖЕТ
Кападзе ушбу фикрининг далили сифатида ўзининг Уругвайга қарши ўтказган ўртоқлик ўйинини мисол қилиб келтирди. Мазкур ўйинни ТВ орқали кўрганман. “Гарчи Уругвайга ютқазган бўлсак-да, бу усулни ( тўп билан кўпроқ муомалада бўлишни) қўллай олдик”, деб Темур Кападзе ўйиндан мамнун эканлигини билдирди. Темур, мани кечиринг. Ўша ўйинни, биласизми, нимага ўхшатаман? 19-асрда Россияда яшаган “разночин” тоифасига мансуб одамлар ички кийим устидан фрак кийиб олишар эдилар. Кўйлак ўрнига оқ ёқа-ю, оқ манжет тақиб юришар эдилар. Усти ялтироқ, ичи қалтироқ. Уругвайга қарши ўйинимизни шундай либосга ўхшатаман. Устидан ҳашаматли, ичи бўш, мағзида ҳеч нарса йўқ. Фрак тагида кўйлак йўқ.
Кейин Кападзе бошқа масалани кўтарган. Бизнинг мураббийларимиздан кимдир Эктор Купер бошқарувидаги штаб таркибига киритилиши кераклигини айтди. Темур Купер ўрнига ўзини қўйиб кўра олармикан? Тил билмайди. Юртни билмайди. Унга содиқ ёрдамчилари ҳам тил билмайди. Унинг таржимони жуда муҳим вазифани бажармоқда. У ким ўзи? Моуриньога ўхшаб Футболнинг катта билимдоними (Жозе таржимонлик қилган эди)? Футболимиз жонкуярими? Ё футболдан узоқ одамми? У доимо футболчиларимиз ва Купер билан бирга юрибди. Купер қаерда, қандай шароитда бўлмасин унинг ишонган тоғи бор. Бу унинг футбол билимидир. Шунга таянади. Бу уни ҳамма ноқулайликдан олиб чиқа олади. Кападзе “масалан мен терма жамоада ишлайдиган бўлсам, Купер билан футболчиларимиз ўртасида кўприк вазифасини бажариб берган бўлардим”, деб олдимда ўзини, руҳий ҳолатини, аразини, ғаразини фош қилиб қўйди. Тушунтиришга ҳаракат қиламан. Айтинг-чи, ҳар қандай жамоада ҳамма бир оила бўлиб, ҳамма ўзаро ҳамнафас, ҳамфикр бўлиши керакми. Кападзе, айтинг-чи, “Локомотив”да ҳамма бир оиладек аҳилми? Ўзаро ҳамфикрми? Они все единомышленники или как? Киноямни тушундингизми? Сиз хос суҳбатингизда айтиб ўтган гапларингиз журналистнинг уйдирмаси бўлмаса, менга айтинг-чи, Купернинг ишларини мутлақ қабул қилмас экансиз, у билан қандай қилиб бирга бир жамоада ишлашингиз мумкин бўлади? Қандай кўприк бўла оласиз? Бизда ҳеч ким уни тушунмаяпти. Биздан кимни қўшиб олсин?
КОНСИЛИУМНИ ЙИҒАЙЛИК
Кападзе бир нарсада ҳақ гапирди. Фақат у эмас, раҳбарият ҳам қийин аҳволда қолган. Купер ҳеч ким олдида ҳисоботдор эмас. Купер нимани лозим топса, шуни қиляпти. Унинг кўзгуси йўқ. Раҳбариятнинг Куперга тўлиқ ишонишдан бошқа чораси қолмаган. Шундай вазиятда Купер олдида унинг даражасидаги европалик бошқа бир мутахассис координатор бўлиб ишлаши мумкин. Баъзи жамоаларда шундай лавозим бор. 2008-йилдан бери Хиддинк Россия терма жамоасида Абрамовичнинг илтимосига кўра жонкуяр бўлиб ишлаб юрибди. Сўнги ЖЧда унинг ҳиссаси билиниб турди. Биз шундай кишини ишга олсагу, у Тошкентга истаган вақтида келиб кетиб турса-да, Купернинг барча ишларидан бохабар бўлиб турсин. Ёнига тил билгувчи Ислом Аҳмедовни қўшайлик. Ўша чет эллик мутахассис савияси баланд бўлса, Куперга суҳбатдош ва консультант бўлиши мумкин бўлади. Беморни докторга топшириб қўясиз-у, у истаган муолажасини қилади. Лекин унинг ёнига Консилиумни чақириб туришади-ку? Куперга терма жамоамизни 3 йилга ишониб топширганмиз. Унинг ишига арлаша олмаймиз. Клопп икки йилдан кейин натижа кўрсата бошлади. Бизнинг Куперимиздан ярим йилдаёқ натижа талаб қилинмоқда. Унга омад тилайлик. ОК-2019 ўйинлари бошланишига 2 кун қолди.
Термамизга биринчи ўйинда ғалаба тилайлик. Тангрим, бизни ўзинг қўллагин.
ТВ орқали уйда ўйинларни кузатар эканман, ҳаммангиз билан, шунингдек Темур Кападзе билан елкадош бўлгандай ўзимни ҳис этаман. Сизларга гуруҳ ўйинларида ғалаба қувончини тилаган ҳолда, Темурга ёшлар билан ишлашда норвегиялик Сулшер тақдирини тилаган ҳолда,
Ҳасанали-отангиз ёздим. 3.01.2019.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).