Кеча Суперлига 8-туридан ўрин олган иккита учрашув бўлиб ўтди. "Динамо" - АГМК жамоалари ўртасидаги ўйинни Валентин Коваленко бошчилигидаги ҳакамлар бошқариб борган бўлса, "Пахтакор" - "Навбаҳор" учрашувида Зокир Қодиров гуруҳи ишлади.
Ўзбекистон футбол ассоциациясида ташкил этилган экспертлар гуруҳи мазкур ўйинларни синчиклаб ўрганиб чиқишди ва тегишли хулосалар беришди. Мазкур экспертлар гуруҳида ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар департаменти мутахассислари қаторида ФИФА ва ОФК инструктори Фарҳод Абдуллаев ҳам борлигини таъкидлаб ўтиш зарур.
Экспертлар гуруҳи самарқандликларнинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан якунига етган "Динамо" - АГМК учрашувидаги ҳакамлар ҳаракатини ижобий баҳолади. Жумладан, Валентин Коваленко томонидан иккита вазиятда киритилган гол "ўйиндан ташқари ҳолат" сифатида баҳоланиб, голлар инобатга олинмади. Қуйидаги лавҳалар орқали Коваленконинг бу қарорлари тўғри эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин.
"Пахтакор" - "Навбаҳор" ўйинида ишлаган бош ҳакам Зокир Қодиров ҳамда лайнсмен Руслан Самандаров бўйича эса экспертлар гуруҳининг хулосасидан келиб чиқиб қарор қабул қилинди. Зокир Қодиров 3та ўйинга, Руслан Самандаров эса номуайян муддатга Суперлига ўйинларидан дисквалификация қилинди.
Зокир Қодиров бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳининг ўйиндаги хатолари эвазига учрашув тизгини қўлдан чиқиб кетгани ва майдонда футболчилар ўртасида зиддиятлар юзага келганини таъкидлаш зарур.
ЎФА экспертлар гуруҳи ҳар бир ўйинни ана шундай синчиклаб ўрганиб, ҳакамлар гуруҳининг фаолияти бўйича тегишли хулосалар бериб боришади. Бундан кўзланган асосий мақсад ҳакамлик амалиётидаги хатоларни камайтириш ва учрашувлар шаффофлигини оширишдан иборат.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).